“Туркистон” саройида “Президент арчаси” байрам тадбирлари бошланди (Фоторепортаж)

15:30 29 Декабрь 2018 Маданият
1008 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

...“Туркистон” саройи. Фойе турфаранг шарлар, зарлар билан безатилган. Камалакранг чироқлар, ялтироқ ўйинчоқлари билан товланиб нур сочаётган муҳташам арча атрофида Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари болажонларни ўйинга чорлайди. Мурғак қалбларнинг кўзлари қувончдан порлаб, юзларига табассум инган. Ўйин-кулгу авжида.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

— “Президент арчаси” ўғил-қизларимиз учун байрамлар ичида энг завқлиси, — дейди Тошкент шаҳридаги А. Хлебушкина номидаги 22-Меҳрибонлик уйи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хурсаной Холова. — Шу боис, мазкур айёмни ўзгача кайфият билан қарши олишади. Давлатимиз раҳбари томонидан юборилган совға-саломлар байрам завқини янада ошириб, тарбияланувчиларимизга олам-олам шодлик улашади. Юксак меҳр-мурувватдан баҳраманд бўлиб улғаяётган ёшлардан келгусида жамиятнинг чинакам фидойилари етишиб чиқишига ишончимиз комил.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Сен ёлғиз эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда ижтимоий ҳимояга муҳтож, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар ҳамда Ватанимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида қурбон бўлган ички ишлар ходимлари ва ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари қатнашди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

“Томоша” болалар ижодий студиясининг кичкинтойлари иштирокида “Орзу қил!” номли махсус театрлаштирилган байрам дастури намойиш этилди, шеърлар янгради. Таниқли хонандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, цирк усталарининг ранг-баранг чиқишлари, ақлни чархловчи турли ўйинлар, тез айтишлару топишмоқлар байрамга янада жўшқинлик бағишлади. Турли эртак қаҳрамонлари болажонларни эртакларнинг сирли оламига етаклади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

— Қизиқарли саргузаштларга бой томошалардан бир олам таассурот олдик, — дейди пойтахтимиздаги 23-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Диана Цой. — Ҳазил-мутойибалар авжига чиқди, ўртоқларим билан мазза қилиб ўйнадик. Қорбобо ва Қорқизга ёд олган шеърларимни айтиб бердим. Бундай унутилмас онларни туҳфа қилгани учун Юртбошимизга раҳмат айтаман!

Дастур давомида кичкинтойларга Президент совғалари улашилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Зайниддин Салоҳиддинов — Мирзо Улуғбек туманидаги 171-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси. Спортнинг сузиш турига қизиқади, эришган ютуқлари салмоқли. Байрам совғалари барча болалар сингари унинг ҳам кўнглини хушнуд этди. Тенгқурлари билан мириқиб ҳордиқ чиқараётган бу йигитни суҳбатга тортдик.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

— Яқинда мактабимизда ҳам Янги йил байрами ўтказилган эди, — дейди у. — Лекин бу байрам менга кўпроқ ёқди. Президентимизнинг совғасини олдим. Унда аъло баҳоларга ўқишимда зарур бўладиган ўқув қуроллари ҳам бор экан. Бундай эъзоз ва ғамхўрликка келгусида ҳам аъло баҳоларга ўқиб, ўз устимда кўпроқ ишлашга, катта-катта муваффақиятларга эришиш билан жавоб қайтараман.

Айни пайтда “Президент арчаси” тадбирлари мамлакатимизнинг барча ҳудудида кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.
Муҳаммаджон АҲМАДЖОНОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019