Туркистон — Америка уюшмаси президентига давлатимизнинг “Дўстлик” ордени топширилди

09:41 20 Декабрь 2018 Сиёсат
632 0

Архив фото

2018 йилнинг 15 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги элчиси Жавлон Ваҳобов Туркистон — Америка уюшмаси президенти Абдулла Хўжага давлатимизнинг “Дўстлик” орденини тантанали равишда топширди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 декабрь куни Абдулла Хўжани миллий қадриятларимиз ҳамда анъаналаримизни авайлаш, АҚШдаги ватандошларимизни жипслаштириш, Ўзбекистон ва Америка халқлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдаги фидокорона хизматлари учун “Дўстлик” ордени билан тақдирлашга оид Фармонни имзолаган эди.

— Шуни фахр билан таъкидламоқчиманки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев мени Ўзбекистоннинг юксак мукофоти — “Дўстлик” орденига муносиб деб топди, — дея ҳаяжон билан фикр билдирди Туркистон — Америка уюшмаси раҳбари. — Бу воқеа мен учун юксак шарафдир. Ушбу давлат мукофоти менга Ўзбекистонимизнинг равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатларни бундан кейин ҳам янада шижоат билан илгари суришдек улкан масъулият юклайди, азиз Ватанимизга қанчалик яқин бўлиб турганимизнинг белгисидир. Бугунги кунда жонажон Ўзбекистонимизда катта ўзгаришлар ва самарали ислоҳотларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Уюшма аъзолари номидан ишонтириб айтаманки, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришларни бундан кейин ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, унинг равнақи йўлида ўз ҳиссамизни қўшишда давом этамиз.

Абдулла Хўжа Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган кунни Америкадаги ватандошларимизнинг узоқ йиллик орзуси ушалган сана сифатида қабул қилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. У хориждаги ватандошлар билан олиб борилаётган фаол мулоқот, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оғирини енгиллаштиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар учун Ўзбекистон раҳбарига чуқур ва самимий миннатдорлик изҳор этди.

Нью-Жерси штатининг Довер шаҳрида Туркистон — Америка уюшмаси ташкил этилганлигига 60 йил тўлиши муносабати билан 250 га яқин ватандошларимиз иштирокида ўтказилган тадбирда нутқ сўзлаган элчи Жавлон Ваҳобов ушбу уюшма президенти давлатимизнинг юксак мукофоти — “Дўстлик” ордени билан тақдирланганлиги ватандошларимизга қаратилаётган эътиборнинг яққол исботи эканлигини таъкидлади ва “Ўзбекистонни жонажон Ватани деб билган, юртини дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторида кўриш, бундан кейин ҳам жаҳондаги нуфузи ва обрўси янада юксалишига хайрихоҳ бўлган ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш” Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарининг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолишини қайд этди.

Айтиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрига ва жорий йилнинг май ойида АҚШга расмий ташрифи чоғида Америкада яшаётган ўзбекистонликлар билан бўлиб ўтган учрашувлари хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан муносабатларнинг бугунги кунда давлат сиёсатида ўта муҳим аҳамият касб этаётганлигидан ва Ўзбекистонда хориждаги ватандошларни жамият тараққиётининг жуда муҳим манбаи сифатида қаралаётганидан далолат беради.

Абдулла Хўжанинг давлат мукофоти билан тақдирланиши АҚШдаги ватандошларимиз ташкилотлари раҳбарлари томонидан илиқ кутиб олинди. Хусусан, Чикагодаги Ўзбек — Америка уюшмаси президенти Олим Шарипов Туркистон — Америка уюшмаси биносида барча Марказий Осиё давлатлари байроқларини кўриб, жуда ҳам хурсанд бўлганлигини таъкидлар экан, бу минтақа халқларининг бир-бирлари билан дўстлашаётганлиги ва жипслашаётганлигининг ифодаси ҳамда Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган сиёсат билан уйғунлигини қайд этди.

— Йиллар давомида Бухоро яҳудийлари Конгресси Туркистон — Америка уюшмаси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда, — дейди Бухоро яҳудийлари томонидан асос солинган “The Bukharian Times” газетаси бош муҳаррири Рафаэль Некталов. — Абдулла Хўжа фахр билан “Дўстлик” орденини қабул қилиши керак. Чунки у ўз умрини Марказий Осиё халқлари жипслашишига бағишлаган, антисемитизм, исломофобия каби ҳаракатларга қарши курашиб келмоқда.

Туркистон — Америка уюшмаси 1958 йили Филадельфия шаҳрида АҚШ ва Канада давлатларидаги Марказий осиёлик муҳожирларни бирлаштирган илк ва тўлақонли уюшмалардан бири сифатида ташкил этилган. Бугунги кунда Туркистон — Америка уюшмаси аъзоларининг 80 фоизидан кўпроғи АҚШ ва Канадада истиқомат қилаётган ватандошларимиздир. Уюшма президенти Абдулла Хўжа АҚШ фуқароси, ота-онаси асли ўзбекистонлик, ХХ аср бошларида Туркистон ўлкасида юз берган сиёсий ўзгаришлар туфайли аввал Афғонистонга, сўнгра АҚШга кўчиб боришган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019