Туризм мавзусида ёзадиган хорижлик журналистларга аккредитациядан ўтиш бўйича қулайлик яратилди

14:07 26 Март 2018 Сиёсат
495 0
Фото: naslednick.online

Туризм ҳақида ёзадиган хорижлик ОАВ журналистлари Ўзбекистонда 5 кун ичида вақтинча аккредитациядан ўтиш имкониятига эга бўлди. 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидаларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларда ана шу тартиб белгилаб қўйилди.

Ўзбекситон ҳақида, жумладан, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти, табиати, маданияти, урф-одатлари ва аҳоли турмуш тарзи ҳақида кинохроника дастурлари, публицистик ва тарихий мавзуларда материаллар тайёрлаш истагини билдирган хориж ОАВ мухбирларига Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий илтимосномасига кўра, Ташқи ишлар вазирлигига тегишли мурожаатнома келиб тушгандан бошлаб 5 кунлик муддат ичида вақтинча аккредитациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилади. 

Шунингдек, чет эл расмий делегациясини кузатиб келган хорижлик ОАВ вакилларига ҳам худди шу муддат ичида вақтинча аккредитация берилади. Бунинг учун хориж давлатининг Ўзбекистон ТИВига оғзаки нотаси талаб этилади. Бундай вазиятда ўрнатилган ҳужжатлар пакети тақдим этилмайди. Хориж давлат органларининг Ўзбекистонга ташрифини ёритиш учун фотографлар ёки видеооператор сифатида келган ходимлар учун акрредитация бекор қилинди, дейилади “Норма” хабарида. 

Эслатиб ўтамиз, стандарт тартибда вақтинча аккредитация олиш муддати 2 ҳафтагача чўзилиши мумкин.

Ўз навбатида, хорижлик мухбирнинг вақтинча аккредитация муддати 6 ойдан 3 ойгача қисқартирилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар