Туризм фаолиятини лицензия асосида амалга ошириш белгиланмоқда

06:42 07 Март 2019 Сиёсат
172 0

Иллюстратив фото

Мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш, соҳа фаолиятини халқаро талаблар даражасида такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар рўёбга чиқарилмоқда. Аммо ушбу тизимни тараққий эттиришнинг қонуний асослари бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

Шу боис “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси тайёрланиб, парламент қуйи палатасининг мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди.

Ишчи гуруҳи томонидан ушбу қонун лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб такомиллаштирилди. Ундаги ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри амал қилувчи моддалар киритилди ҳамда масъул вазирлик ва идоралар билан муҳокама этилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ўтказилган очиқ мулоқотда янги таҳрирдаги “Туризм тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари қайд этганидек, ушбу ҳужжатда туризм фаолиятини ташкиллаштиришни таъминлайдиган туризм корхоналари — туризм операторлари, агентликлари, фирмалари, экскурсия ташкилотларининг туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи фақат лицензия асосида олиб борилиши белгилаб қўйилмоқда. Бу билан қонуний тартибда туризм фаолиятини ташкил этиш истагида бўлган юридик ёки жисмоний шахс мазкур лицензия асосида эркин равишда фаолият юритиши имконияти яратилади.

Шу билан бирга, унда алоҳида боб сифатида туристик ҳудуд ва туристик кластерлар киритилган, янги нормаларда эса экскурсиячилар, гид, йўриқчи-йўлбошловчилар сертификати, туристик маҳсулотларни сотиш ва бошқалар келтирилган.

Қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида АҚШ, Франция, Германия, Италия, Англия, Испания, Россия, Туркия, Грузия, Озарбайжон, Польша, Беларусь, Қозоғистон каби бир қатор хорижий давлатларнинг туризм соҳасидаги қонунчилиги таҳлил қилинган.

Очиқ мулоқотда депутатлар ва партия фаоллари қонун лойиҳасига ўз таклифларини билдирди. Таъкидлаб ўтилганидек, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимизда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, соҳа тараққиётини таъминлаш ва унинг инфратузилмаларини жаҳон стандартларига мос равишда такомиллаштиришга хизмат қилади.

Якунда фракция масъул қўмитага ушбу қонун лойиҳасини яқин кунларда янги таҳрирдаги “Туризм тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тариқасида қуйи палата мажлисига киритишни таклиф этди.

Зиёда Ашурова (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019