Тупроққа қорилаётган тарих: Деновдаги тарихий мадраса эътиборга муҳтож

17:09 18 Июль 2018 Жамият
716 0

Денов шаҳридаги Саид оталиқ мадрасаси XVI асрда Хўжа Алоуддин Атторга атаб бунёд этилган. Бу улуғ зот халқ орасида Шайх Аттори Валий номи билан шуҳрат қозонган. Алоуддин Аттор Баҳоуддин Нақшбандийнинг киёви бўлиб, тариқат таълимотини кенг ёйиш мақсадида Деновга кўчиб келган ва шу ерда вафот этган. Манбаларга кўра, мадраса у кишининг ўғиллари ва неваралари томонидан 26 йил давомида қурилган.

Ўзига хос лойиҳа асосида қурилган мадраса асрлар давомида илму урфон, маърифат маскани сифатида халқимизга хизмат қилган. Бу ерда таҳсил олган толиби илмлар орасидан не-не улуғ олиму фузалолар етишмаган дейсиз?!

Афсуски, бу муаззам, муқаддас маскан бугун мутасаддиларнинг эътиборига муҳтож. У кундан кунга нураб, вайронага айланмоқда. Гарчи сўнгги йилларда мақбара бир неча бор наридан-бери таъмирланган бўлса-да, тўла реконструкция қилинмаган. Натижада иншоотнинг айрим қисмлари нураб, ёриқлар пайдо бўлган.

Мадрасанинг биринчи қаватидаги ҳужраларнинг барчаси тадбиркорларга ижарага берилган бўлиб, ундан омборхона сифатида фойдаланилмоқда. Ҳаттоки, айрим ҳужралар маскансиз кимсаларга қўналға вазифасини ҳам ўтаётгани ачинарлидир...

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, маданий меросни асраб-авайлашга юксак даражада эътибор қаратилаётган бир пайтда Саид оталиқ мадрасасини таъмирлаш, уни туристик марказ ёки аввалгидек зиё масканига айлантиришга нима монелик қилмоқда? Ахир, мутасадди раҳбарлар, маҳаллий ҳокимлик мақбарани бор ҳолича сақлаб, уни келгуси авлодларга безавол етказишга бевосита масъул эканликларини наҳотки англамасалар?!

Мақбара бугунги аҳволини қуйидаги суратлар ҳам кўрсатиб турибди.
“Халқ сўзи” мазкур масалага мутасаддиларнинг муносабатини кутади ва бу мавзуга яна қайтади.

Илҳом РАҲМАТОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Муаллиф олган суратлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар