"Тулкиларни овлаш" ёхуд Хитойда қочоқ коррупционерларга қарши қандай курашилмоқда?

11:00 05 Август 2019 Жамият
258 0

Архив фото

Сўнгги йилларда Хитойда барча соҳаларда коррупцияга қарши курашиш асосий шиорга айланди. Зеро, алоқалар, сотиб олишлар, поралар ва қимматбаҳо совғалар узоқ юз йиллар давомида ушбу давлат жамиятининг “мустаҳкам” асосига айланиб, мақсадга эришишнинг “энг тўғри” йўлига айланиб қолган эди. Мамлакатнинг амалдаги раҳбарияти келажакда бундай “қадриятлар”га ўрин йўқлигини таъкидлаб, коррупцияга қарши кескин юриш бошлади.

Қоидалар бўйича

ХХРда ҳам дунёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни кенг нишонланади. Бунга арзирли сабаблар бор. Си Цзиньпин ҳокимият тепасига келиши билан коррупцияга қарши очилган кенг миқёсли кампания даврида компартиянинг 1,5 млн.дан зиёд аъзоси шу каби жинояти учун жазоланди.

Гап шундаки, 2012 йил декабридаёқ мамлакатда мансабдорлар учун “саккизта қоида” ҳаётга татбиқ этилди. Улар бюрократия, исрофгарчилик ва давлат хизматидаги номақбул хатти-ҳаракатларни йўқ қилишга қаратилди. Бинобарин, назорат органлари барча даражадаги мансабдорлар устидан доимий текширув олиб боряпти, миллий ва ҳудудий даражалардаги ҳамма идоралар, партия органлари, давлат ташкилотлари, молия муассасаларида тегишли қоидаларга риоя этиш ёки уларни бузишга оид ҳисоботларни тақдим этиб келмоқда.

Ушбу тамойилларнинг жорий қилиниши шундай қарашни юзага келтирдики, пировардида коррупционерлар иши бўйича хабарларда ҳам “партия интизомини бузиш” атамаси қўлланила бошланди. Маълумки, бундай айбловдан сўнг қонунбузар партиядан шармандаларча ҳайдалади, у эгаллаб турган барча лавозимларидан бўшатилади, унвон ва мукофотлар бекор қилинади, мол-мулки олиб қўйилади.

Бутунхитой Халқ сиёсий маслаҳатлашув кенгашининг собиқ аъзоси У Эньюаннинг айтишича, ХКП кўплаб коррупцияга қарши механизмларга экан. ХКП Марказий комиссиясининг тартиб-интизомни назорат қилиш бўлинмаси, назорат бўйича давлат қўмитаси ҳар бир департамент, ҳар бир идора ва орган, партиянинг ҳар бир аъзоси ва давлат хизматчисини текшириб боради.

“Айнан шу уларнинг коррупцияда иштирок этишларига йўл қўймайди, уларнинг ўзлари ҳам коррупционерга айланишни хоҳлашмайди, агар қачонки мансабдорлар бундай нопок тизимга боғланиб қолса, бу барча қонунбузарларни ушлаш имконини берувчи ўзига хос қафасга айланади”, - дейди у.

“Йўлбарслар“пашшалар ва халқ

Илгари Хитой компартияси аъзолиги ўзига хос кафолат ҳисобланарди. Шу орқали шахс барча имконият ва қулайликлардан фойдаланиши, мансаб поғонасини суиистеъмол қилиши, қимматбаҳо совғаларни қабул қилиши, давлат ҳисобига оиласини таътилга олиб бориши, базмлар буюртма бериши, пора бериши ва айни пайтда дахлсиз қолиши мумкин эди. 2012 йилга келиб эса барчаси ўзгарди. Си Цзиньпин ва унинг маслакдошлари партия функционерлари ҳамда давлат хизматчилари обрўсини тиклаш вақти етди деган қарорга келишди. Улар энди тартиб-интизом қоидаларига қатъий риоя этишлари, камтар, масъулиятли бўлишлари ва давлат томонидан қўйилган мақсадларга эришишга қатъий бел боғлашлари шарт эди. Энг муҳими, бундан буён давлатда “дахлсиз”лар қолмаган эди, партия “йўлбарсларни ҳам, пашшаларни ҳам бирдек жазолашга киришди”.

Провинция губернатори ўринбосари, партия қўмитаси, йирик корхона раҳбари даражасидаги юқори лавозимдаги мансабдорлар ушлангани ҳақидаги хабарлар деярли ҳар куни пайдо бўла бошлади. Ва бу одатий ҳолга айланди. Бироқ баъзан коррупцияга қарши курашишга қаратилган “қаттиқ қўллар” “йўлбарслар”гача ҳам етиб бормоқда. Бу борадаги йирик воқеалардан бири Хитой жамоатчилик хавфсизлиги собиқ вазири, ХКП МК Сиёсий бюроси доимий қўмитаси аъзоси Чжоу Юнкан, ХКП МК Сиёсий бюроси аъзолари Бо Силай ва Сунь Чжэнцайнинг жавобгарликка тортилганидир, десак муболаға эмас.

Ўтган йил октябрь ойи ўрталарида коррупция иши бўйича давлат энергия бошқаруви раҳбари Нур Бекри ишдан олинди. Сўнгги энг шов-шувли воқеа эса 2018 йил сентябрь ойида Интерполь бошлиғи Мэн Хунвэйнинг йўқолиб қолгани бўлди. Кейинчалик у Хитойда экани, унга нисбатан коррупция иши бўйича суриштирувлар олиб борилаётгани аёнлашди. Бу биринчи навбатда Хитойнинг оддий фуқаролари учун коррупцияга қарши курашиш машинаси тўхтамаслиги, ҳатто мамлакатнинг халқаро нуфузиги путур етиши ҳам бунга халақит бера олмаслигини исботлади.

“Йўлбарслар” катта-катта пуллар билан “ўйнагани” учун тегишли жазосини олишмоқда. “Пашшалар” – нисбатан паст поғонадаги мансабдорлар эса одатда исрофгарчилик учун жазо статистикасида қайд этилади.

Маълум қилинишича, ўтган йилда энг кенг тарқалган қонунбузиш ҳолатлари рухсатсиз мукофот ва ёрдам пуллари тўлаш, шунингдек, совғалар қабул қилиш, давлат ҳисобидан шахсий базмлар ташкил этиш ва хизмат автомобилларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш бўлибди.

“Илгари оддий одамлар бир партияли тизимга ишонмай, ундан норози бўлиб юришарди, улар ХКП ўз аъзоларини жазоламайди деб ҳисоблардилар. Коррупцияга қарши кураш кампанияси бошланганидан бери беш йилдан зиёд вақт ўтиб, одамлар жазодан на қуйи поғонадаги, на юқори лавозимга эга мансабдорлар қочиб қутула олишини кўришмоқда. Бу халқнинг давлат тизими ва ХКП МКга ишончини мустаҳкамлади”, - дейди У Эньюань.

“Хориждаги муносабатлар ҳақида гапирадиган бўлсак, уларда позициялар ҳар хил. Кимдир Хитой коррупцияга қарши курашиш кампанияси воситасида бошқача фикрдагиларни йўқ қилишга уринмоқда деб ҳисоблайди, бироқ оддий одамлар Хитойнинг ушбу чора-тадбирларини қўллаяпти, сабаби, бу биринчи навбатда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилаётир”, - дея қўшимча қилади у.

Глобал ҳамкорлик

Шулар қаторида Хитой мамлакатдан қочиб чиқиб кетган коррупционерларни тутиш бўйича ҳам бошқа мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётганини алоҳида таъкидлаш лоз. 2015 йил апрель ойида мамлакатда “Самовий тўр” номли умуммиллий кампания бошланди. У хорижга қочган ХКПнинг коррупционер мансабдорлари ва аъзоларини тутишга қаратилган.

Масалан, Хитой расмийлари Интерполга коррупцияда гумон қилинган 100 нафар энг ашаддий қочоқ жиноятчи рўйхатини тақдим этди. Халқаро полиция эса уларга нисбатан “қизил билдирги”ни эълон қилди. “Самовий тўр” ишга туширилган пайтдан бошлаб 120дан зиёд давлатдан коррупцияга алоқадор бўлган 4,8 мингдан зиёд киши, жумладан, “қизил рўйхат”дан жой олган энг кўп қидирилган 58 нафар шахс Хитойга олиб келинди. Уларнинг ярми ўз айбларига кўнгилли равишда иқрор бўлган.

Бундан ташқари, ушбу дастур асосида 2017 йилда офшор компаниялар ва хуфёна банк тизимини йўқ қилиш бўйича операция ўтказилди. Сабаби айнан ушбу воситалар орқали ХКП МК собиқ бош котиби Цзянь Цзэминга яқин бўлган мансабдорлар ўғирланган пулларни чегарадан ташқарига юборишгани аниқланганди. Ғазна ўғирлиги миқёси ақл бовар қилмас даражада эди. Буни Mossack Fonseca компанияси томонидан “Панама ҳужжатлари” фош этилганидан кейинги далиллар ҳам тасдиқлайди. Бинобарин, икки йил олдин хитойликлар офшор компаниялар очиш бўйича дунёда биринчи ўринда туриши маълум бўлди. Уларнинг қаторидан ХХР раисининг собиқ ўринбосари Цзэн Цинхуннинг кенжа укаси, сиёсий кенгаш аъзоси Лю Юньшаннинг келини, ХХР Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Чжан Гаолининг куёви, Халқ маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси собиқ раиси Цзя Цинлиннинг невараси, ХХР жамоатчилик хавфсизлиги собиқ вазири Цзя Чуньваннинг қизи борлиги аниқланди. Уларнинг барчаси гап-сўзларга қараганда ўз пулларини Швейцарияда сақловчи Цзянь Цзэмин тарафдорлари ҳисобланарди.

Хуфёна банк тизими ҳам хитойлик коррупционерлар учун капитални четга олиб чиқиб кетиш усулларидан биридир. Epoch Times маълумотига кўра, Цзэн Цинхуннинг келини Харбиндаги кўчмас мулк эгаси билан ҳамтовоқликда ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда 100 млрд. юань(15 млрд. доллар)ни хорижга олиб чиқиб кетган экан.

Хитой Халқ банки ва Жамоатчилик хавфсизлиги вазирлиги офшор компаниялар ҳамда хуфёна банк тизимини йўқотиш билан шуғулланса, коррупционерларни ушлаш ва маблағларни қайтариш ХХР Олий халқ прокуратураси зиммасидаги вазифа саналади.

Ушбу жараёнларда 2017-2018 йилларда ХХР мамлакатдан ноқонуний йўл билан олиб чиқиб кетилган 1,5 млрд. долларини ҳам қайтариб олишга эришди. Бундан ташқари, Чин ўлкасида қочоқ коррупционерларни қидириш бўйича “Тулкиларни овлаш” номли ҳукумат операцияси ҳам амалга ошириляпти.Ушбу амалиёт ёрдамида Хитой ҳатто АҚШдан ҳам коррупционерларни олиб келишнинг уддасидан чиқмоқда. Вашингтон эса АҚШ ҳудудидаги хитойлик қочоқларни мажбурий равишда Хитойга қайтаришга ҳаракат қилаётган маҳфий агентлар фаолиятини тўхтатишга бир неча бор чақирган. New York Times газетаси маълумотига кўра, ХХР махсус хизмат ходимлари АҚШга турист кўринишида ёки ишбилармонлик визаси билан кириб келади. Бироқ Пекин Оқ уй норозилигига эътибор бермай, “тулкиларни овлаш”да давом этмоқда. Боз устига, бундай агентлар гуруҳи нафақат океан орти,балки бутун дунёда иш олиб боради.

Дарвоқе, Хитойда “тулкилар” деб қочоқ коррупционерларга айтилади.Икки давлат ўртасидаги ўзаро келишувга мувофиқ, жиноятчилар айрим пайтларда ўзлари бўлиб турган давлатдан Хитойга экстрадиция қилиниши ҳам мумкин.Франция, Канада, Перу каби мамлакатлар ана шундай ҳамкорлар сирасига киради. Шунинг учун молиявий қонунбузарлар кўпинча АҚШ ва Австралияга қочишади. Сабаби айнан шу мамлакатлар билан ХХР ўртасида экстрадиция тўғрисида битим йўқ. Демак, хориж ҳукуматига таъсир этувчи ҳуқуқий дастак ҳам мавжуд эмас. Боз устига, улар маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари қўллаб-қувватлови остида бўлади.

Хўш, улар қандай ушланади?

“Хитой прокуратураси ва полицияси агентлари қочоқ жиноятчининг яқинларини аниқлаб, уларга алоқага чиқишади. Коррупционер қочиб кетган мамлакат қонунларини бузмаган ҳолда, унинг қариндошларидан фойдаланишади, шу йўл билан унга таъсир ўтказилади, - дейди Москва давлат халқаро алоқалар институти эксперти, хитойшунос Юлия Магдалинская. – Вазифа – Хитойдан маблағларнинг ноқонуний олиб чиқиб кетилиши бўйича далилларни топиш ва жиноятчини ватанига қайтаришдир. Бундай билвосита музокаралар чоғида кўпинча жиноятчининг ўзи юртига қайтиб, расмийлар билан келишиш фойдалироқ эканлигини тушунади. Баъзан унинг олдига қариндошлари юборилади. Улар қочоққа оиласини шарманда қилмалигини айтишади. Бу йўналишда маҳаллий диаспора билан яқиндан алоқа ўрнатган ХХР консуллик муассасалари ходимлари ҳам фаол иш олиб боришади ”.

АҚШ эса ҳамон агентлар қочоқлар, жумладан, унинг оила аъзоларига таҳдид қилган ҳолда, қайтишга мажбур қилинишини тасдиқлаб келади. Бироқ “Тулкиларни овлаш” операцияси раҳбари Лю Дун 2014 йилдаёқ ХХР махсус хизматлари ходимлари ўзлари иш олиб бораётган мамлакатларда қонунларни бузишмаётганини маълум қилган. Жамоатчилик хавфсизлиги вазирлиги сайтида эса зобитлар жиноятчини дунёнинг исталган нуқтасида 48 соат ичида қўлга олишга ҳаққи борлигини ҳам кўрсатиб ўтилган.

Ҳатто икки йил олдин Xinmin Weeklyжурналига интервью берган Шанхай жамоатчилик хавфсизлиги бюроси иқтисодий жиноятлар бўлими бошлиғи Ли Гунцзин қочоқни очиқ ҳаводаги илонга ўхшатиб, у қаерда бўлишидан қатъий назар, калаванинг учи Хитойга бошлаши ва уни оиласи орқали топиш мумкинлигини айтиб ўтганди.

Эътиборлиси, Вьетнам ҳам Хитой тажрибасини қўллашни бошлади.

Бунга Эньюань шундай муносабат билдирди: “Масалан, Интерпол билан ҳамкорликда халқаро қидирув тўғрисида қизил хабар берилди. Бунинг шарофати билан хорижга қочиб кетган кўплаб коррупционерларни қайтаришнинг уддасидан чиқдик. Айни чоғда коррупцияга қарши курашишда бошқа давлатда қўлланилаётган тизимни кўр-кўрона кўчириб олмасдан, у ёки бу мамлакатнинг миллий ўзига хосликларини инобатга олиш лозим”, - дейди Эньюань.

Умуман, ХХР турли давлатлар ва ташкилотлар билан бу борадаги алоқаларини фаол ҳамда чуқур англаган ҳолда мустаҳкамлаб боряпти.

Ишонч ва имидж

“Тайхэ” таҳлил маркази катта илмий ходими Ян Вэньмин коррупцияга қарши курашиш кампанияси натижалари ҳақида гапирар экан, бу халқ оммасининг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлаганини таъкидлади.

Қолаверса, гап фақат имидж ҳақида эмас экан. “Агар иқтисодий нуқтаи назардан қаралса, коррупцияга қарши курашиш нафақат жамоатчилик моддий бойликлари йўқолиши, жамоатчилик бойлиги адолатсиз тақсимланиши ва жамиятнинг бойлар ҳамда камбағалларга бўлиниб кетишининг олдини олишга тўғридан-тўғри ёрдам беради, балки соғлом бозор рақобати ва ресурсларни оқилона тақсимлаш, бозор тартибини қўллаб-қувватлашга таъсир этувчи шароит яратади, корхоналарнинг операцион харажатлари ва бошқарув хатарлари камайишига кўмаклашади, инвестициявий муҳитни яхшилайди. Бу иқтисодий тараққиёт моделини ўз вақтида тартибга солиш ва иқтисодиётнинг соғлом ва барқарор ривожи учун фойдалидир”, - дейди у.

Унинг фикрича, коррупцияга қарши курашиш чоралари жамиятда носоғлом тенденцияларни тузатади,цивилизациялашган ахлоқ ва маданий қадриятларни илгари суради, жамоатчилик фикрида тўғри қадриятлар ва қарашларни мустаҳкамлайди, жамоатчилик маънавияти ва ахлоқий қиёфасини тозалайди.

“Ушбу кампания мансабдор юқори лавозимда бўладими ёки йўқми, бундан қатъий назар айбдор бўлган тақдирда ҳукумат унга ҳеч қандай шафқат кўрсатмаслигини намоён этди. Бу жамият учун ўзига хос танбеҳга айланди, боз устига қуйида ҳам, юқорида ҳам ушбу чора-тадбирлар зарур эканлиги тўғрисида якдил фикр шаклланди”, - дейди У Эньюань.

Олдинда – узун йўл

Экспертларнинг айтишларича, фавқулодда некбинлик ҳақида гапиришга ҳали эрта.

“Ушбу муаммони ҳал қилиш учун ҳали узоқ машаққатли йўлни босиб ўтиш керак, ҳозир ҳаммаси бекаму кўст бажарилди дея олмаймиз. Коррупциялашган унсурлар билан курашишда яна давомий вақт керак, сабаби ҳар қандай пайтда янги таҳдидлар пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун,фикримча, ҳали оптимист бўлишга эрта”, - дея қўшимча қилади У Эньюан.

Ян Вэньмин ҳам унинг фикрига қўшилади. “Сезиларли натижаларга қарамасдан, биз ушбу соҳадаги вазият ўта оғирлигича қолаётганини яхши англаймиз.Жойларда, турли идораларда муаммолар мавжуд, расмиятчилик ва бюрократияни ҳам йўқ қилиш зарур”, - дейди у.

Унинг сўзларига кўра, Хитойда коррупцияга қарши курашиш янада кенг миқёс касб этмоқда ва бу хитой орзусини амалга ошириш ва хитой халқи қайта туғилишига ёрдам беради.

С.ҚОСИМЖОНОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019