“ТСТ СLUSTER”нинг шоличилик кластeрида тўлиқ саноат занжири яратилди

19:14 14 Ноябрь 2020 Кластер
1238 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги «Сурум» МФЙ ҳудудида “ТСТ Сluster” кластери томонидан шолини қайта ишлаш ва сақлашга ихтисослаштирилган Марказий Осиёдаги энг йирик корхона фойдаланишга топширилди.Тантанали маросимда вилоят ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, маҳаллий кенгаш депутатлари, “ТСТ Сluster” ва тегишли ташкилот раҳбарлари, сенаторлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Қиймати 25 миллиард сўмлик лойиҳа асосида бунёд этилган замонавий корхонанинг ишга туширилиши натижасида “ТСТ Rice” Сluster маҳсулот етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш бўйича тўлиқ саноат занжири яратилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

—Юртбошимиз томонидан илгари сурилган — аграр соҳага кластер тизимини изчил жорий этиш ғояси бугун ўзининг юксак самараларини бераяпти. Қуйи Чирчиқ туманида шолини қайта ишлаш заводининг тез фурсатда қуриб фойдаланишга топширилиши ҳам бунинг ёрқин исботидир, -дейди тантанали маросимда сўзга чиққан, Тошкент вилояти ҳокими, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раҳбари, сенатор Рустам Холматов. — Қуйи Чирчиқ туманида кластер тизими туфайли кейинги икки йилда 7 минг нафардан ошиқ аҳоли доимий иш билан таъминланди. Биргина пахтачилик соҳасини оладиган бўлсак, ҳосилдорлик йилдан - йилга ортиб бормоқда. Бундан бор-йўғи, уч-тўрт йил муқаддам 18 центнердан ҳосил етиштирилган майдонлардан 45 центнергача пахта хом ашёси йиғиштириб олинмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Жорий йилда “TCT Rice” кластери томонидан 2,5 минг гектардан ортиқ ерда шолининг «Лазурний», «Искандар», «Мустақиллик», «Тарона» навлари экилганди. Ноқулай об-ҳаво шароити, айниқса, вегетация даврида кузатилган сув танқислигига қарамасдан, мўл ҳосил етиштирилди.

Ўтган йилларда аҳоли шоли экиб тузукли даромад топмаган. Барча жараёнлар тарқоқ аҳволда эди. Шу боис ҳосилдорлик ва рентабеллик даражаси жуда паст кўрсаткични қайд этган. Ушбу корхонанинг ишга туширилиши натижасида шоли экишдан бошлаб, унинг ҳосилини чуқур қайта ишлаб тайёр маҳсулотни сотувга чиқаришгача бўлган жараён тўлиқ қамраб олинди. Яъни, кластер ўзи парваришлаган шолини ўриб-янчиб олади. Махсус майдонларда қуритади, оқлайди, саралайди ва замонавий ускуналарда қадоқлаб истеъмолчига етказиб беради.

“ТСТ Сluster”нинг муваффақиятлари туфайли кейинги йилларда вилоятимизда балиқчилик ва чорвачиликни ривожлантириш борасида ҳам юксак натижаларга эришилаётир.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Шундан сўнг алвон ленталар қирқилиб, Туркиянинг “Yashar Makina” компаниясидан келтирилган энг сўнгги русумдаги ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган цехлар томон биринчи қадамлар ташланди. Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ва “ТСТ Сluster”, “BСT Сluster” кластерлари раҳбари Муртазо Раҳматов старт тугмасини босиб, корхонани илк бор ҳаракатга келтиришди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

—Бугунги тантанали маросим барчамиз учун қувончлидир,-дейди кластер раҳбари, иқтисод фанлари доктори, сенатор Муртазо Раҳматов. — Бу каби корхоналарни бунёд этилиши туфайли қишлоқ ҳудудларига саноатни олиб кирамиз, маҳалла ва гузарларни ободонлаштирамиз, аҳоли бандлигини таъминлаб, одамларга фаровон турмуш шароитини яратамиз. Албатта, бу лойиҳалар замирида муҳтарам Президентимизнинг оқилона сиёсати, кластер ғояси мужассам. Қишлоқ жойларидаги корхоналарда маҳсулотни чуқур қайта ишлаш орқали аҳолининг моддий манфаатдорлигини йилдан-йилга ошириш кузда тутилганлигини алоҳида қайд этиш жоиз.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Умумий майдони 6 гектар ерни эгаллаган ушбу иншоотда бу йил далалардан йиғиштириб олинган ялпи 9,5 минг тонна шоли ҳосили қуритилиб, умумий сиғими 15 минг тонналик 2 та ёпиқ омборда сақланмоқда. Бу ердаги махсус ускуналарда қопланган шоли шу ернинг ўзидаги тегирмонда оқланиб сараланади.

—Далалардан йиғиштириб олинган ҳосилни қуритиб, қадоқлаш ва сақлаш жараёнларида янги технологиялар қўлланилмоқда, дейди “Yashar Makina” компанияси вакили, корхона бош технологи Ридвон Гунун. — Ҳар бири 1 тонна сиғимига эга бўлган махсус қопларга жойланган шоли омборларга пешма-пеш жойлаштирилди. Бу янги иш услуби ҳосилни ўзоқ вақт яхши сақлаш ва ундан юқори сифатли гуруч ишлаб чиқариш имконини беради.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Тозалаш ва қуритиш цехи тўртта линия билан жиҳозланган бўлиб, уларнинг ҳар бири ёрдамида бир сменада 120 тонна шолини қуритиш мумкин. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, улар муқобил ёқилғи — кўмирда ишлашга мослаштирилган. Шунингдек, мазкур замонавий цехда бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан, дуккакли маҳсулотларни ҳам тозалаш ва қуритиш имконияти мавжуд.

Корхонанинг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лабораториясида шолининг намлиги, қуритиш ва қайта ишлаш жараёнлари, шунингдек, гуруч маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари доимий назорат қилинмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Компаниямиз тақдим этган илғор технологик дастгоҳларда юқори навдаги гуруч маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва буюртмачи талабидан келиб чиққан ҳолда, сиғими 2 килограммдан то 50 килограммгача бўлган махсус қопларга қадоқлаб берилади. Ҳозирги пайтда завод бир мавсумнинг ўзида 40 минг тоннагача маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Яқин келажакда лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилиши туфайли корхона қуввати яна икки баробарга ортади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Корхонадан қайтарканмиз, жамоанинг яна бир хайрли ташаббусини айтишди. Унга кўра, бу ердаги мавжуд ҳосил қайта ишлаб бўлингач, вилоятдаги фермер ва деҳқон хўжаликлари билан шолини қайта ишлаш борасида янги ҳамкорликлар йўлга қўйилади. Ҳозирда ҳар ким гуручни ўз имконияти даражасида оқлаб, ички бозорга тақдим этаётган жараёнлар барҳам топиб, аҳолига бежирим идишларда, жаҳон андозалари даражасида қадоқланган юқори сифатли гуруч маҳсулотлари етказиб берилади.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(Халқ сўзи).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?