Цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам

10:25 26 Март 2019 Сиёсат
379 0

Сайёрамиз жадал суръатлар билан ўзгараётган, жаҳонда глобаллашув жараёнлари рўй бераётган бугунги кунда инсоният чуқур фундаментал ўзгаришларни бошдан кечирмоқда.

Ана шундай шароитда давлатлар ҳамкорликнинг мустаҳкам механизмларини яратишга интилиши табиий ҳол. Шулардан бири барқарор тинчлик ўрнатишнинг муҳим шарти ҳисобланган цивилизациялараро мулоқот бўлиб, у мустаҳкам хавфсизлик ва уйғун ривожланиш, мамлакатлар ва халқлар бир-бири билан мулоқот қиладиган, тажриба ўрганадиган, ўзаро ишончга асосланган ва турли маданиятларни ҳурмат қилиш асосида ривожланадиган дунёни яратишга хизмат қилади.

Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатлар ва халқлар ўртасида ўзаро ишончни янада чуқурлаштириш – халқаро ҳамкорликни муваффақиятли ривожлантиришнинг муҳим гарови эканини алоҳида қайд этиб келмоқда. Ишонч эса икки ва кўп томонлама муносабатларда ўзаро англашувнинг муҳим омили экани ҳаммага маълум.

Айнан шу боис хорижий давлатлар, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, долзарб муаммоларни биргаликда ҳал этиш, барқарор ривожланишга эришиш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш каби тамойиллар Ўзбекистоннинг янгиланган ташқи сиёсати асосини ташкил этади.

Мазкур ғоя Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йили Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти марказларини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Халқ дипломатиясининг мунтазам фаолият олиб борувчи институти ишонч ва яхши қўшничилик, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур таклифни ҳаётга татбиқ қилиш мақсадида мамлакатимизда давлат ва жамоат ташкилотлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ташқи ишлар, Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фанлар академияси ва Бадиий академия, Ёшлар иттифоқи, Журналистлар, Ёзувчилар уюшмалари нодавлат нотижорат ташкилот шаклидаги марказ таъсис этиш ташаббуси билан чиқди.

ШҲТ доирасида бу каби ташкилотни ташкил этиш ғояси мазкур минтақавий бирлашманинг мақсад ва вазифалари – ишонч ва манфаатли ҳамкорлик, тенглик, турли маданият ва цивилизацияларни ҳурмат қилиш, биргаликда ривожланишга бўлган интилишга тўла мос келади.

Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатларда сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярми истиқомат қилади.

Бундай улкан салоҳиятга эга ШҲТ Евроосиё минтақасида ўзаро муносабатларнинг янгича усулини шакллантиришда муҳим ўрин тутади ва бу борада халқ дипломатияси механизмларидан самарали фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга.

Зеро, ШҲТ мамлакатларини чуқур тарихий алоқалар боғлаб туради. Асрлар мобайнида минтақа халқларини савдо, маданият ва маънавий қадриятлар алмашинуви орқали боғлаб турган ҳамда давлатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорликка асос солган Буюк ипак йўли бўйлаб қарор топган ҳамкорлик фикримизга мисол. Ҳозирги кунга келиб халқларни янада яқинлаштириш ва ушбу тарихий жараённи қайта тиклаш зарурати туғилмоқда.

Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ташкилотга аъзо давлатлар маданиятлари, анъана ва урф-одатларини чуқур ўрганиш, тарғиб қилиш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ҳамда маданий, академик, таҳлилий ва таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ахборот ресурсларини шакллантиришни мақсад қилган. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни ривожлантириш орқали цивилизациялараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш тарафдори. Бу эса халқларни яқинлаштириб, ишонч ва яқин ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлаш имконини беради.

Бу мақсадларга эришиш мақсадида Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилиб, турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Маданий-гуманитар соҳада қўшма тадбирлар (фестиваллар, ярмаркалар, кўргазмалар) ўтказиш, жумладан, фольклор йўналишида халқ ҳунармандчилиги ва ижодиётини тарғиб қилиш, Буюк ипак йўлининг маданий меросини сақлаш йўлидаги ҳамкорликни ривожлантириш ишлари шулар жумласидан. Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлардаги кутубхоналар, музейлар, театрлар ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш, илмий-техник ва инновацион ишланмаларга доир кўргазмалар, кинофестиваллар ташкил қилиш кўзда тутилган.

“Дунё болалар нигоҳида” номли болалар расмлари кўргазмаси марказнинг илк ана шундай лойиҳаларидан бири. Унда ШҲТга аъзо давлатлардан иштирок этган ёшларнинг қарийб 700 га яқин ижодий иши намойиш этилди.

Кўргазмани ўтказишдан мақсад болаларда Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантириш, ёш истеъдодларни аниқлаш, турли халқлар маданияти, урф-одатлари ва қадриятларини тарғиб қилишдан иборатдир.

Болалар расмлари кўргазмаларини ШҲТнинг бошқа мамлакатларида ҳам ўтказиш марказ олдидаги режалардан биридир.

Раҳматулла Назаров,

Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази директори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019