Циндао манзаралари (Фотосаёҳат)

23:05 08 Июнь 2018 Жамият
627 0

Айни пайтда барчанинг диққат эътибори Хитойнинг Шаньдун провинцияси Циндао шаҳрига қаратилган, десак янглишмаймиз. Чунки бу ерда ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги саммити бўлиб ўтмоқда.

Мухбиримиз ушбу замонавий шаҳар манзараларига бағишланган суратларни www.xs.uz ўқувчилари учун махсус юборди.

Циндао — Хитойнинг энг муҳим сайёҳлик маркази саналган тарихий шаҳарларидан бири. У халқаро денгиз порти шаҳри, деб ҳам ном қозонган. Циндаога илк бор қадам қўйган киши денгизнинг чексиз кенгликларидан баҳра олиб тўймайди. Шаҳар Сариқ денгиз қирғоқлари билан туташиб, Тинч океанининг ғарбий соҳилларига уланиб кетади.

Шаҳарни барпо этишда “яшил ҳудуд”га алоҳида эътибор қаратилган. Шу сабаб қай томонга қараманг кўм-кўк дарахтлар, ўсимликлар кайфиятингизни кўтаради.

Циндао — замонавий ва тарихий шаҳар сифатида икки қисмдан иборат. Бу ерга ташриф буюрувчи сайёҳлар даставвал замонавий шаҳар билан танишишади.

 

Циндаоликларнинг кечки пайтларда бир одати бор. Улар гуруҳларга бўлинган ҳолда денгиз бўйи яқинидаги дам олиш майдонларида ҳар куни хитойча махсус сокин мусиқа оҳанглари остида рақсларга тушишади. Бу инсон саломатлиги учун энг фойдали машқ саналар экан. Эътиборлиси, бундай гуруҳларни ҳар 150-200 метр оралиқда учратиш мумкин.

Осмонўпар бинолар — Циндао ташқи қиёфасини белгилайди. Айниқса, оқшом кириб, қуёш нурлари ўз ўрнини туннинг юлдузли кечаларига бўшатиб берганида, шаҳардаги барча кўп қаватли муассасалар ўзгача кўриниш ҳосил қилади. Биноларга ўрнатилган махсус диод чироқлари ёрдамида улар ажиб бир кўринишда лов-лов товланади. Бу манзаралар қалбни ўзгача ҳаяжонга солиши шубҳасиз.

Циндаонинг тарихий қисми ҳам кишига завқ бағишлайди. Бу ердаги истироҳат боғига ташриф буюриб, минорадан шаҳарнинг барча жойларини томоша қилиш мумкин.

Сариқ денгизи устида қурилган мазкур кўприкнинг узунлиги 42 километрга тенг.

Суратлар муаллифи "Халқ сўзи" мухбири Омонулла Файзиев.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар