“Минор” масжидини қурган қурилиш компанияси мақоми ўзгарди

15:07 16 Июль 2018 Ҳужжатлар
246 0
Фото: "Халқ сўзи"

Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency Tashkent ​меҳмонхонаси, “Минор” масжиди, “Миллий”(собиқ “Бунёдкор”) стадиони ва бошқа кўплаб объектларни қурган “Трест-12” йирик қурилиш корхонаси МЧЖдан АЖга айлантирилиб, молиявий жиҳатдан соғломлаштирилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 11 июль куни қабул қилинган тегишли қарорида белгилаб қўйилди.

Ҳужжатга кўра, молиявий соғломлаштириш, қарзларни камайтириш, капиталлашув даражасини ошириш, сифат менежменти ва молиявий ресурсларни жалб этиши тизимини такомиллаштириш мақсадида трест мақоми ўзгартирилади. Компаниянинг солиқлар бўйича қарзлари давлат бюджетига ўтказилиши баробарида унинг устав жамғармаси кўпайтирилади. Акцияларининг 51 фоизини давлат(бу ерда акционер функциясини Тошкент шаҳар ҳокимлиги бажаради) олади.

Бинобарин, компания иши қайта кўриб чиқилади, жумладан, унинг иш штатлари оптималлаштирилади ва бошқа харажатлари қисқартирилади. Бу эса ишлаб чиқариш рентабельлигини таъминлайди. Ўз навбатида компания акциялари сотувга чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, “Трест-12” тарихи 1979 йилга бориб тақалади. Ўшанда у жамоатчилик ишларини бажариш учун тузилган эди. 1994 йилга келиб трест “Трест 12” АЖга, 2000 йилга келиб эса мустақил юридик шахсга, 2017 йилда эса МЧЖга айлантирилган эди. Умумий ишчилари сони 3275 нафар бўлган 10 та ихтисослаштирилган тузилма бўлинмалари корхона таркибига киради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар