Траст фондининг тузилиши ўзбек дипломатиясининг катта ютуғидир

13:36 30 Ноябрь 2018 Сиёсат
825 0

Фото: Халқ сўзи online”

Хорижий оммавий ахборот воситаларида эътироф этилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондининг тузилиши ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи бўлди.

Янги тузилма фаолият бошлашига бағишланган мақолада АҚШнинг нуфузли “The New York Times” газетаси мухбири Орол денгизини буткул тиклаб бўлмаслиги аёнлиги сабабли унинг аянчли оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйида истиқомат қилаётган аҳолининг турмушини яхшилаш, бу ерда иқтисодий ривожланишни таъминлаш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлайди. Траст ­жамғармаси ушбу масалаларни ҳал қилиш ва қўшимча дастурларни амалга ошириш учун молия манбаларини йўналтириш ­имконини беради.

Буюк Британиянинг “The Guardian” газетасида қайд этилганидек, Шавкат Мирзиёев администрацияси кўплаб масалаларга янгича ёндашувни намоён қилаётир. Республика Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни яхшилаш, инсон ҳаётига ҳалокатли таъсирларни юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатларни салмоқли даражада фаоллаштириб, ушбу жараёнга халқаро ҳамжамиятни ҳам жалб этмоқда.

“The Conversation” журналида айтилишича, Ўзбекистон Президенти 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Орол фожиасининг глобал даражадаги аҳамиятини тушунтириб берганидан сўнг ушбу масала атрофидаги халқаро ҳамкорлик кучайиб бораётир.

Траст фонди ташкил этилиши билан экологик инқироз оқибатларини юмшатиш бўйича Ўзбекистон олиб бораётган ишлар институционал асосга эга бўлди, дейилади Германиянинг “Discover Magazine” нашрида. Сўнгги йилларда кўплаб хорижий донор давлатлар ва халқаро ташкилотлар минтақадаги муаммоларни ҳал қилиш учун катта маблағлар ажратди. Траст фонди мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни тизимлаштириш, минтақа ривожи учун техник ҳамда молиявий ресурсларни “ягона ойна” ­орқали йўналтириш ва сарфлаш, Оролбўйи ҳудудига экологик инновациялар ҳамда технологияларни жорий қилиш имконини беради.

Ҳиндистоннинг “NDTV” телеканали ўз мамлакатида ҳам кўплаб экологик муаммолар мавжудлиги ва Нью-Деҳли уларни ҳал қилишда Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш зарурлигини таъкидлайди. Журналистлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олдинги Бош котиби Пан Ги Мун ҳам, ҳозирги кунда ушбу лавозимни эгаллаб турган ­Антониу Гутерриш ҳам Оролбўйи ҳудудла­рига сафар қилиб, сув ҳавзасининг қуриб бориши туфайли издан чиқаётган ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўз кўзи билан кўрганини алоҳида қайд этади. Ўзбек дипломатиясининг фаол саъй-ҳаракатлари туфайли дунё ҳамжамияти Орол инқирози жаҳон миқёсидаги талафот эканлигини англаб ­етмоқда.

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги тарқатган махсус репортажда БМТ Бош ­котиби Антониу Гутерришнинг қуйидаги сўзлари келтирилади:

“Барқарор тараққиёт соҳасидаги мақсадларга (“Sustainable Development Goals”) эришиш бўйича саъй-ҳаракатларимиз молиялаштириш манбаларини кўпайтиришни талаб қилади. Шу сабабли мен донор мамлакатларни Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондига ёрдам беришга чорлайман”.

Анвар МИРЗАЕВ (“Халқ сўзи”) тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019