Транспорт-логистика соҳасида муҳим ташаббус

18:03 28 Сентябр 2020 Сиёсат
665 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида Ўзбекистон учун барқарор иқтисодий ўсишнинг энг муҳим гарови – рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, улар учун янги халқаро бозорлар топиш ва экспортни кўпайтириш, транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш борасида ўринли ва кечиктириб бўлмайдиган муҳим ташаббусларни илгари сурди. Шу муносабат билан БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф қилди.

Биз транспорт-коммуникация алоқалари тўғрисида гапирар эканмиз, бу Ўзбекистон учун жуда муҳим ва ўйлантирадиган долзарб масалалардан бири эканини таъкидлаш жоиз. Шу боис, Ўзбекистон транспорт саноатини ривожлантиришга стратегик аҳамият бериб, миллий ва минтақавий даражаларда транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширмоқда, шунингдек, уни халқаро транспорт тизимига қўшиш бўйича изчил ишларни олиб бормоқда.

Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, инфратузилмани яхшилаш, мослашувчан тарифлар қўллаш ва янги истиқболли йўналишларни шакллантириш ҳисобидан, Ўзбекистонда транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллиондан 16 миллион тоннага етказиш имкониятимиз мавжуд.

Маълумки, Ўзбекистоннинг океанга тўғридан-тўғри чиқишга имкони йўқ ва дунёда бундай давлатлар сони 44 тани ташкил қилади. Аммо уларнинг 42 таси бир мамлакат чегарасидан ўтса кейингиси океан. Ўзбекистон эса бунинг учун икки мамлакат ҳудудини босиб ўтиши лозим. Океанга чиқиш учун эса энг яқин йўл бу Афғонистон орқалидир. Шу маънода, бугунги кунда яқин қўшнимиз билан ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш, бу заминида тинчлик ва барқарорликнинг таъминланишидан Ўзбекистон тўлақонли манфаатдордир.

Эътиборлиси, Ўзбекистон саъй-ҳаракати билан сўнги уч йилда Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик, ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳити шаклланди. Бундан кўзланган асосий мақсад минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдир.

Бу борадаги амалий ишлар аллақачон бошланиб, Ўзбекистон минтақада иқтисодий интеграция жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш тармоғини, Мозори Шарифдан Ҳинд океани портларига чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик лойиҳаларни амалга оширишга киришди. Бунинг натижасида аҳоли даромадлари ва маҳсулот сифати ошади, қўшимча иш ўринлари яратилади, таннарх пасаяди, янги технологиялар олиб келинади. Бозор ислоҳотларини жадал ривожлантириш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун янгидан-янги бозорларга кириб борамиз.

Транспорт соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, республиканинг инвестициявий жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш, транспорт коммуникацияларини стратегик ривожлантириш ва барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида давлат бошқарув органи сифатида белгиланган Транспорт вазирлиги ташкил этилди. Қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан барча турдаги транспортларнинг оптимал ва мувозанатлашган ўзаро алоқасини назарда тутувчи янги «Транспорт тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири бўлган транспорт-логистика соҳаси Марказий Осиё мамлакатлари билан конструктив ва ўзаро манфаатли муносабатларни шакллантириш, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва унинг жозибадорлигини ошириш учун сифатли, қулай ва арзон транспорт тизимини яратиш бугунги глобаллашаётган дунёда алоҳида долзарблик касб этади.

Фарҳод ЗАЙНИЕВ,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?