Трамп сайлов кампаниясига рекорд даражадаги маблағ сарфлади

14:51 23 Август 2020 Дунё
263 0

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг сайловолди штаб-квартираси, Республикачилар партияси ва бошқа тегишли қўмиталар 2017 йилдан бери амалдаги давлат раҳбарини қайта сайлаш учун ўтказилган кампанияга 1 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлашди. Бу эса ўз навбатида, президентлик пойгасининг ушбу босқичидаги рекорд кўрсаткич сифатида қайд этилди.

Бу ҳақда The Washington Post газетасидаги тегишли молиявий ҳужжатлар таҳлил қилинган мақолада маълум қилинди.

Нашрнинг таъкидлашича, Трамп 2017 йилда президентлик лавозимини эгаллаши биланоқ кейинги сайлов кампанияси учун маблағ йиға бошлаган.

Таққослаш учун: 2012 йилнинг августига келиб, сайловлардан бир неча ой олдин, АҚШнинг 44-президенти Барак Обаманинг штаб-квартираси ва Демократик партия Миллий қўмитаси (ДПМҚ) ўзининг сайловолди ташвиқотига 643 миллион доллар сарфлаган.

Жорий йилнинг июль ойида кампаниялар учун Трамп 165 миллион доллар, Демократик партиядан президентликка номзод Жозеф Байден 140 миллион доллар хайр-еҳсонларини йиғишга муваффақ бўлган. Августга қадар амалдаги давлат раҳбари кампаниялар учун 300 миллион доллар, асосий рақиби эса 294 миллион доллар йиққан.

Август ойида эса эҳтиёжлар учун Республикачилар партияси 55,3 миллион доллар, Демократик партия Миллий қўмитаси 16,3 миллион доллар тўплашга эришган.

Шу билан бирга, демократларнинг қарзи 1,5 миллион долларни ташкил этмоқда, республикачиларнинг эса қарзлари йўқ.

АҚШда умумий сайлов 3 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?