Трамп ўзи иштирок этадиган барча тадбирларни бекор қилди

09:31 03 Октябр 2020 Дунё
205 0

АҚШ президенти ўзи иштирок этадиган барча тадбирлар, жумладан, Флорида штати Сэнфорд шаҳридаги сайловолди митингини ҳам бекор қилди. Бундан олдин у ва турмуш ўртоғи Меланья коронавирусга чалингани маълум бўлганди.

Айни пайтда уларни даволаётган врач Шон Конлининг бу ҳақидаги биринчи баёнотни ҳам эълон қилди. Унинг айтишича, Трамп ўз вазифасини бажаришга қодир ҳолатда.

Оқ уй маълумотига кўра, Дональд Трамп ўзига қўйилган ташхис муносабати билан бирорта ваколатини вице-президенти Майкл Пенсга бермайди. Бу ҳақда «Россия 24» манбаси хабар қилди.

Пенс эса Трампга тезроқ тузалиб кетишини тилади.

«Мен турмуш ўртоғим Карен билан биргаликда қадрли дўстларимиз — Дональд Трамп ва биринчи хоним Меланья Трампга меҳр-муҳаббатимиз ҳамда дуоларимизни йўлламоқдамиз. Биз бутун Америка бўйлаб миллионлаб одамларнинг тўлиқ ва тез тузалиб кетишларини сўраб қилаётган ибодатларига қўшиляпмиз», — деб ёзади Пенс Твиттердаги саҳифасида.

Дональд Трамп 74 ёшга тўлган. Яқинда у Жо Байден билан сайловолди дебатларида иштирок этганди. Кейинги дебатлар 15 октябрга мўлжалланган. Ҳозирча у қандай форматда ўтказилиши номаълум. 

Мамлакатда президент сайлови эса 3 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?