Тожикистонда портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи завод қурилади

14:30 13 Июнь 2018 Дунё
1114 0
Фото: youtube.com

Тожикистонда эмульсияли портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи завод қурилади. Бу ҳақда “Авеста” ахборот агентлиги хабар берди.

2019 йил охиригача қуриб битказилиши режалаштирилаётган корхонанинг лойиҳа қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг.

Агентлик мамлакат парламенти қуйи палатаси томонидан 2017 йил ноябрь ойида давлат ҳукумати ва “КМ-Мусоир” компаниялари ўртасида имзоланган Хатлон вилояти Данғара тумани ҳудудида саноатбоп эмульсияли портловчи моддалар ишлаб чиқариш бўйича заводни қуриш тўғрисидаги битимни ратификация қилинганини эслатиб ўтди.

Ўшанда лойиҳа маҳаллий ва Хитой сармояси эвазига амалга оширилиши режалаштирилаётгани маълум қилинганди. Барпо этиладиган заводнинг акцияларининг 51 фоизи Хитой, 49 фоизи Тожикистонга тегишли бўлади. Корхона учун хориждан олиб келинадиган асбоб-ускуналар қўшимча қиймат солиғи ва божхона тўловларидан озод этилади. Бундан ташқари, завод ўз фаолиятининг дастлабки беш йилида даромад солиғи тўламайди. У ерда 200 та иш ўрни яратилади. Буларнинг 80 фоизини маҳаллий аҳоли вакиллари эгаллайди.

Мазкур мамлакат инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, республиканинг бу турдаги портловчи моддаларга бўлган эҳтиёжи йилига 25 минг тоннага яқин. Айни пайтда бундай маҳсулотларнинг асосий қисми чет элдан олиб келиняпти. Завод ишга тушгандан сўнг саноат портловчи моддаларини ишлаб чиқариш ҳажми йилига 20 минг тоннадан кам бўлмайди. Маҳаллий бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда экспортга ҳам йўналтирилиши мақсад қилинган.

Эслатиб ўтамиз, эмульсияли портловчи модда бошқа муқобиллари, хусусан, кўпчиликка маълум тротилдан анча хавфсиздир.

Айни пайтда эса Россиянинг “Кристалл” илмий-тадқиқот институти қўллаб-қувватлаши билан Тожикистоннинг Исфара шаҳридаги маҳаллий кимё заводи базасида эмульсияли портловчи моддалар цехи ишлаб турибди. У ерда 50 киши фаолият юритади. Умумий қиймати 350 минг долларлик қурилмалар Россиядан келтирилган.

Марказий Осиёда Тожикистондан ташқари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам шу каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019