Тожикистон Ўзбекистондан олаётган табиий газни кимларга тақсимламоқда?

18:54 18 Июль 2018 Дунё
520 0
Фото: Газпром-нефть

Тожикистондаги ўн иккита корхона Ўзбекистондан импорт қилинаётган табиий газдан фойдаланмоқда. Бу ҳақда кеча “Тожиктрансгаз” ОАЖ раҳбари ўринбосари Шавкат Шоимзода маълумотига асосланиб Авесто ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Унинг сўзларига кўра, жорий йил иккинчи чорагида қўшни давлатдан табиий газ импорти ҳажми 3,5 миллион куб метрни ташкил этди.

“Июлнинг 15 куни мобайнида қўшни давлатдан “зангори олов” импорти кескин ошди. Бу вақт мобайнида қарийб 1 млн. куб метр газ импорт қилинди. Газ харидининг ўсиши абонентлар сонига боғлиқ”, дея қайд этди Ш. Шоимзода.

“Айни пайтда Тожикистондаги 12 та корхона Ўзбекистон табиий газидан фойдаланмоқда. Яна бошқа қатор корхоналарнинг аризалари кўриб чиқилмоқда”, - дея қўшимча қилди у.

Шоимзода жорий йилда Ўзбекистондан 151 миллион куб метр табиий газ сотиб олиш режалаштирилаётганини ҳам қайд этиб ўтди. Тожик истеъмолчилари мурожаатига қараб мазкур миқдор оширилиши мумкин.

“Қўшни давлатдан табиий газни етказиб келиш шартларидан бири олдиндан тўловдир”, - деди Шавкат Шоимзода.

У айни пайтда аҳолини Ўзбекистондан жўнатилаётган газ билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилмаётганини ҳам билдирди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар