Юксак марралар сари дадил қадамлар

17:21 09 Август 2020 Сиёсат
481 0

Тожикистон Республикаси ҳукуматининг «Халқ овози» газетасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Термиз Давлат университети ректори Абдуқодир ТОШҚУЛОВнинг шу сарлавҳа остидаги мақоласи чоп этилди. Икки мамлакат ўртасида сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилган ҳамкорлик алоқаларига бағишланган мазкур таҳлилий материални эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

«Икки тилда гаплашувчи бир халқ». Бу таъриф кимларга қарата айтилганини дарҳол англагандирсиз?! Бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига ҳам ўхшатишади уларни. Ўзбек ва тожик халқларининг ўзаро бирдамлигини ифодаловчи бундай ташбеҳу қиёслар кўп. Чунки динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Қувончу ташвишларимиз — муштарак. Умумий тарих, узвий маънавий қадриятлар чамбарчас боғлаб туради бизни. Қолаверса, доимий борди-келдимиз бор, ўзаро қуда-андамиз. Қариндошлик ришталари узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Марказий Осиё  — муҳим стратегик минтақа

Марказий Осиё — бу шунчаки йирик минтақагина эмас, балки ноёб табиатга эга, ер ости ва ер усти захираларига бой салоҳиятли замин. Бу ердан етишиб чиққан буюк зотлар, донишманду алломаларни бутун дунё танийди, тан олади. Минтақамизда ўз даврида қудратли империялар ҳукм сурган. Марказий Осиё ҳудудига муҳим стратегик минтақа сифатида қаралган. Ҳозир ҳам шундай! Ўз имкониятлари, моддий ва маънавий бойликлари сабаб, минтақамиз етакчи хорижий давлатлар манфаатлари тўқнашаётган геосиёсий ва геостратегик макон бўлиб турибди. Ушбу стратегик мувозанатда, табиийки, Ўзбекистоннинг ҳам, Тожикистоннинг ҳам ўзига хос ўрни бор.

Хусусан, Тожикистоннинг ташқи сиёсати, минтақавий интеграция ва халқаро муносабатларнинг устувор масалаларига доир позицияси ҳамда муаммолар ечими билан боғлиқ ташаббуслари халқаро майдонда ўз эътирофини топаётгани рост.

Яъни Марказий Осиёни фақатгина умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик асосида ривожлантириш мумкин!

Ҳамжиҳатлик кенгаймоқда...

Бугун Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам, аввало, қўшни давлатлар билан муносабатларни янада яхшилаш йўлидан бормоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар эса, дўстона алоқаларни янги босқичга кўтармоқда. Қолаверса, айни шу тамойиллар Шарқ ва Ғарб мамлакатлари билан интеграциялашув, хавфсизлик, барқарорликни таъминлашдаги ҳамжиҳатлик кенгайиб боришига хизмат қиляпти.

Тожикистон билан дўстона муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шу туфайли, Ўзбекистон – Тожикистон ўртасидаги алоқалар қайта тикланди. Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсатга доир позицияси халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътибори ошиб боришига асос бўлаётир.

Ўзбек халқида ажойиб бир мақол бор: бор товоғим, кел товоғим... Бугун Ўзбекистон – Тожикистон ўртасида авиация соҳасида ҳам ҳамкорлик ўрнатилиб, тўғридан-тўғри авиақатновлар тикланди. Товар айирбошлаш ҳажми йил сайин ошиб бормоқда. Чегараолди ҳудудлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланяпти, маданий - гуманитар соҳадаги муносабатлар фаоллашаётир.

Кўнгил эшиклари очиқ, чегаралар эса ёпиқ эди...

Узоқ вақт бир-бири билан учрашмаган, бир-бирини соғинган дўсту биродарлар, оға-инилар, жон-жигарларнинг дийдорлашувини кўрганмисиз? Жуда таъсирчан манзара, шундай эмасми? Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ҳам ана шундай дийдор кўришишга муштоқ эди. Бироқ кўнгил эшиклари очиқ бўлса-да, чегаралар ёпиқ эди. Оқибатда, бири симтўсиқларнинг у томонида, бошқаси бу томонида қолган қариндош-уруғлар, қуда-анда, дўсту ёрлар ёруғ кунлар келишини интиқлик, сабру матонат билан кутишди.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатга тарихий давлат ташрифи, Тожикистон етакчисининг Ўзбекистонга давлат ташрифлари ўртадаги совуқчиликларга барҳам берди. Очиқ, ўзаро ишончга асосланган ва дўстона муносабатлар, нафақат, икки мамлакат, балки икки халқ ўртасидаги азалий муносабатларга ҳам қайта ҳаёт бағишлади. Жумладан, барча жабҳаларда алоқалар тикланди, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузилди, чегарадаги ўтказиш пунктлари очилди, мамлакатларимиз ўртасида транспорт қатнови йўлга қўйилди.

Яна бир диққатга молик жиҳат: Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларида ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратиляпти. Мамлакатларимиз вилоятлари ўртасида делегациялар алмашинуви, илмий алоқалар, ҳудудлараро бизнес-форум ва кўргазмалар ўтказиш йўлга қўйилгани таҳсинга сазовор. Жумладан, Сурхондарё билан Хатлон вилоятлари, Самарқанд билан Суғд вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.

Ўзбекистоннинг углеводород ресурсларига бойлиги, мамлакатда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, енгил саноат, машинасозлик, электротехника соҳалари жадал ривожланиб бораётганлиги, шунингдек, минтақани бирлаштирувчи қулай транспорт-коммуникация имкониятлари, Тожикистоннинг эса, кучли гидроэнергетик салоҳияти, қурилиш саноатини ривожлантириш имконияти юқорилиги каби кўрсаткичлар давлатларимиз ўртасида ўзаро ҳамкорлик истиқболли бўлишини кўрсатади.

Икки буюк даҳо...

Қон-қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланиб кетган ўзбек ва тожик халқларининг ўзаро дўстлиги Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоий асарларида ҳам гўзал тараннум этилган. Қолаверса, халқларимизнинг яқинлигига ушбу икки улуғ сўз санъаткори ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муҳим ҳисса бўлиб қўшилган. Маълумки, Абдураҳмон Жомийнинг кўрсатган йўл-йўриқ ва маслаҳатлари туфайли Алишер Навоий ўзбек ва тожик мумтоз адабиётининг даҳоларидан бирига айланди. Устоз Жомийнинг шогирди - вазир Навоийга юборган мактуби бизни ҳайратга солади. Жомий ундан Хўжа Аҳрор Валининг фарзандларини ўз қарамоғига олишни сўраган. Устозининг илтимоси Навоий учун жуда муҳим бўлган ва у, албатта, буни бажарган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 мартда Тожикистонга давлат ташрифи шарафига уюштирилган «Дўстлик оқшоми»да ушбу мамлакат етакчиси Эмомали Раҳмон халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатлари ҳақида тўхталар экан, ҳар иккала халқнинг азиз фарзанди Садриддин Айний фикрларини келтиради: «Жомий ва Навоий ўз даврининг асосий муаммоларига ёндашишда маслакдош бўлишиб, уларни ҳал этиш учун бир-бирлари ёрдамида курашишган, жамиятнинг етакчи кучларини ушбу курашда иштирок этишга ҳидоят қилишган. Бундай бирдамлик уларнинг адабий ва илмий ижодиёти, жамоатчилик фаолияти, жумладан, Навоийнинг сиёсий фаолиятига катта таъсир кўрсатган».

Икки халқнинг азалий дўстлиги, тарихи, маданияти, қадриятлари ва келажак тараққиётининг уйғунлиги тимсоли сифатида, Самарқандда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий шарафига ёдгорлик ўрнатилди. Дунё цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган бу икки буюк мутафаккир ҳайкалининг кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарда қад ростлаши бежиз эмас. Зеро, ўзбек ва тожик халқларининг улуғ фарзандлари ўз даврида илм-фан чўққиларини айнан ушбу тарихий шаҳарда эгаллашган. Қон-қардошлигимиз рамзи сифатида Душанбе шаҳрида бобокалонимиз Низомиддин Мир Алишер Навоий боғи очилиб, унда буюк шоирга ёдгорлик ҳам ўрнатилган.

Этник эмас, интеллектуал омил бирламчи

Ўзбекистон заминида 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилишади. Уларнинг қалбида, юз-кўзларида осуда отган тонглар шукронаси, эртанги кунга ишонч, бугунги ҳаётдан мамнунлик, фахру ифтихор туйғулари барқ урмоқда. Ана шу юртдошларимиз орасида тожик миллатига мансуб миллионлаб фуқароларимиз ҳам бор. Улар Ўзбекистонни она-Ватан, қадрдон гўша, деб биладилар ва шу юртда ягона оила бўлиб, аҳил-иноқликда умргузаронлик қилмоқдалар. Чунки бугун юртимизда инсонга баҳо берилганда, этник эмас, интеллектуал омилга бирламчи эътибор қаратилмоқда. Ким ва қайси миллат вакили бўлишидан қатъий назар, иқтидор, билим, салоҳият қадрланаётган жамиятда яшаяпмиз. Шу боис, бошқа халқлар вакиллари каби тожик миллатига мансуб фуқароларимиз орасида ҳам давлат ва жамият ишларида масъул лавозимларни эгаллаб турганлар, хусусан, парламент вакиллари, олий ўқув юртлари ректорлари, ижро ҳокимияти, ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари талайгина.

Камина ҳам шулар сафидаман. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида икки чақириқ, Сенатда иккинчи чақириқ фаолият кўрсатаётганим, раҳбарият ишончи билан йирик таълим даргоҳи раҳбари сифатидаги фаолиятим юқоридаги фикрларим исботидир.

Дўст кулфатда билинади

Халқимиз бежизга: «Қўшнинг тинч - сен тинч», - демайди. Ўзбекистон ҳамиша қўшни мамлакатларда яшаётган биродарларимизнинг тинч ва осуда, фаровон ҳаёт кечиришлари тарафдори бўлиб келган. Ўз навбатида, қардошлик ришталари мустаҳкам боғланган тожик халқига ҳам шундай эзгу тилакда. Икки халқ вакиллари «Жонингиз ҳам, молингиз ҳам соғ бўлсин», деб ният билдиришади. Самимий айтилган бу тилакда катта маъно бор. Зеро, ота-боболаримиз айтганидек, «Ҳамжиҳатликда гап кўп». Қолаверса, «Дўст кулфатда билинади» деган нақл бор халқларимиз орасида. Яқинда Тожикистон томони Ўзбекистонда рўй берган Сардоба сув омборидаги техноген офатга бефарқ қараб турмасдан, 51 вагон қурилиш материалларини ёрдам сифатида етказиб берди. Ўз навбатида, коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, мобил тиббий контейнерларни Тожикистонга беғараз ёрдам сифатида тақдим қилиши, олий тоифали шифокорларнинг коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун Тожикистонга юборилиши ҳақиқий дўстлик ва ҳамкорликнинг амалий ифодасидир.

Бу ўзаро ёрдам ва кўмакни Шарқ адабиётининг забардаст вакили Саъдий Шеърозийнинг улкан фалсафий маънога эга қуйидаги ҳикматларида кўрдим:

Бу бўстонда дўстлар этмаса кўмак,

Мушкул эрур мақсад гулини термак.

Муносабатлар истиқболи дадил қадамларга боғлиқ!

Дўстлик чегара билмайди. Ҳамкорлик эса, бардавомлик касб этиши билан истиқболли. Бугун Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари изчил суръатларда давом этмоқда. Уни янада юксак поғонага кўтариш эса, навбатдаги дадил қадамларга боғлиқ. Шу маънода келгусида қуйидаги соҳа ва йўналишларда алоқаларимизни мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.

Жумладан, ўзаро савдо айланмасини ҳар икки мамлакат ички салоҳиятига мос ҳолатда 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилаётир. Икки мамлакат бизнес тузилмалари ва чегараолди ҳудудлари ўртасида кооперацияни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тайёр тўқимачилик, электротехника маҳсулотлари ва бошқа товарлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезлаштириш мақсад қилинган.

Бинобарин, ҳар икки мамлакат ҳудудида қўшма корхоналар ва савдо уйларини ташкил этиш, ташқи савдо инфратузилмалари ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлаш, икки томонлама бизнес-форумлар ва саноат маҳсулотлари миллий кўргазмаларини ташкил қилиш юзасидан келишувлар бор. Ўз навбатида, энергетика соҳасидаги самарали ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Тожикистонга табиий газ, Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш, ҳудудлар доирасида транспорт ва халқаро транзит коридорларини ривожлантириш борасида алоқалар янада изчиллик касб этиши кутиляпти.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи ҳам алоҳида эътиборда. Жумладан, Зарафшон дарёсининг Тожикистон ҳудудидаги қисмида Ўзбекистон ва Тожикистон компаниялари иштирокида 2 та ГЭС қуришга эришилиши муҳим воқелик бўлади. Қолаверса, Фанлар академиялари, олий таълим муассасалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш, илмий ва маданий доиралар вакиллари учрашувларини ташкиллаштиришнинг аҳамияти катта.

Ўзбекистон ва Тожикистон... Бир минтақадаги икки қадим юрт. Бир дарёдан сув ичган оға-инилар... Уларнинг орзулари бир, мақсадлари муштарак: юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, дейди ўзбеклар... Кишварамон ором, осмонамон мусаффо бошад, дейди тожиклар...

Абдуқодир ТОШҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси, 
Термиз Давлат университети ректори.

(Тожикистон Республикаси ҳукумати нашри — "Халқ овози" газетасининг 2020 йил 6 августдаги 31(20191)-сонидан олинди).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?