Аҳоли учун тоза ичимлик суви таъминоти қай даражада?

17:54 25 Май 2018 Жамият
632 0
Иллюстратив фото

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва қўшни давлатлардаги аҳоли ҳамда саноат корхоналарини сув билан таъминлаш, коллектор-дренаж, шунингдек, саноат оқова сувларининг асосий дарёларга тушиши натижасида чучук ер ости сув ресурслари 35 фоиз камайган.

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан “Минтақа сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларидан фойдаланишни такомиллаштириш” мавзусида ўтказилган анжуманда този ичимлик сувини асраб-авайлаш, ундан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.

Мазкур қўмита бўлим бошлиғи Мансур Тошпўлатовнинг маълум қилишича, республикамиз ҳудудида 97 та ер ости суви конлари аниқланган бўлиб, улардан 19 тасининг ҳосил бўлиш зонаси, қўриқланадиган табиий ҳудудлар тоифасига киритилган.

Ҳозирги кунда шаҳар ва туман марказлари, кўплаб қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти ер ости сувлари ҳисобига амалга оширилмоқда. Хусусан, Фарғона водийси, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятининг кўпчилик аҳолиси, асосан, чучук ер ости ичимлик сув таъминоти манбаларига бўлган талабини қондириш учун сув ресурслари билан таъминланган.

Айни пайтда сувдан фойдаланувчилар сони 8118 та бўлиб, эксплуатацион қудуқлар сони 38717 та, улардан ишлайдиганлари 16611 тани ташкил қилади. Тоғ ва тоғолди зоналарида 145 та булоқларнинг ер ости сув захираси аниқланган ва сув билан таъминлаш мақсадида фойдаланилмоқда.

Анжуманда республиканинг ер ости сув ресурслари ва захираларининг ўзгаришини башоратлаш, техноген босим таъсирини кучайиши ва ер ости сув конларини ҳосил бўлиши шароитини ҳисобга олган ҳолда, ер ости ичимлик суви конларининг ҳозирги ҳолатини баҳолаш, янги истиқболли чучук ер ости сувлари участкаларини қидириб топиш, ер ости сув конларига ёмон таъсир кўрсатувчи манбаларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш жараёнини ўрганиш ва уни камайтириш, ҳар бир чучук ер ости сув захираларини ҳолатини мониторинг қилишни оптимал тармоғини ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокама қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар