Тошни жойидан силжитиш осон иш эмас

13:41 04 Октябр 2020 Сиёсат
435 0

2020 йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияда илк бора она тилимизда нутқ сўзлади. Тошкент вақти билан соат 18.18 да бошланиб, 18 дақиқа давом этган бу нутқда қандайдир сиру синоат, нурли келажакка ишора бордек. Зеро, ота-боболаримиз коинотни ўн саккиз минг оламдан иборат, деб билганликлари ҳам бежиз эмас.

Ташаббускор давлат

Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ҳамжамиятига бемалол юз очиши ва инсоният барқарор тараққиёти йўлида илғор ғояларни олға суришида 2017 йил июнь ойида БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи муҳим роль ўйнаганини айтиб ўтиш жоиз. Ўша тарихий учрашувдан сўнг, биз икки сиёсий воқеанинг гувоҳига айландик. Биринчиси, Ўзбекистон шу йилдан бошлаб ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамиятни қаратди ҳамда келгусида интиладиган энг муҳим мақсад-муддаоларини улкан ҳудуддаги мамлакатлар тақдирида кўра бошлади. Иккинчиси, Президентимизнинг 2017 ва 2020 йилларда БМТ Бош Ассамблеяси минбарида туриб киритган таклифлари туфайли Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ичида ташаббускор, деб тилга олинган давлат бўлди.

Албатта, бундай юксак даражага етишишнинг ўзи бўлмайди. Бу мамлакатимиз раҳбариятининг улкан ҳамда тинимсиз меҳнати самараси, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз. Йигирма олти йил мобайнида ёпилган чегараларнинг очилгани, оқилона муроса асосида амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликнинг мустаҳкамлангани, хусусан, иқтисодиёт ривожи, аҳоли фаровонлиги учун инвестицион муҳитнинг яратилгани юртимизга шундай маънавий ҳуқуқни берди, албатта.

2017 йил июнида Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги юқори даражадаги халқаро анжуманда минтақадаги ­фундаментал муаммолар, жумладан, 1979 йилдан буён истилочиларнинг тазйиқи ҳамда ўзаро курашлар остида яшаётган Афғонистон Ислом Республикасининг дарду изтироблари ҳам ўртага ташланди.

Афғон жамиятини тиклаш йўлида

Қирқ бир йиллик уруш то 1978 йилгача мавжуд бўлган афғон жамиятининг ички кучлари мувозанатини бузди ва ягона афғон давлатини қайта тиклаш, иқтисодиётни ривожлантириш масаласини узоқ йиллар орқага суриб ташлади.

Бизнинг таҳлилимизча, Афғонистонда давом этган тинимсиз кураш жараёнлари бир қатор салбий оқибатларга олиб келди: биринчидан, чет эл интервенцияси ва фуқаролар уруши ягона афғон давлатининг салоҳиятини емирди; иккинчидан, таълим, саноат, давлат бош­қаруви тизими деярли издан чиқди; учинчидан, анъанавий афғон жамияти элитаси обрўсига жиддий путур етказилди; тўртинчидан, мамлакат қолоқлик чегарасини ҳатлаб ўтолмади ва тарихий имкониятни бутунлай қўлдан бой берди. Ана шулар натижасида Ҳинд океанига чиқадиган геосиёсий ҳамда геостратегик нуқтада ўрнашган Афғонистон сўнгги йилларда қудратли давлатлар манфаатлари кесишадиган, аниқ «мўлжал»га олинган давлатга айланди.

Тинчлик масаласидаги дадил қадамлар

Ниҳоят, узоқ йиллик кутишлардан сўнг, Афғонистон тинчлиги масаласида ижобий қадамлар ва ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. 2017 йил 6 июнда Кобулда илк маротаба афғон муаммосига доир халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда 27 давлат ҳамда халқаро ташкилотлар иштирок этди. 2018 йилнинг 28 февралида Кобул жараёнининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Бу сафар дунёнинг 25 давлати вакиллари, жумладан, Ўзбекистон делегация­си ҳам қатнашди. Анжуманда Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани баёнот бериб, «барчаси кўнгилдагидек ўтса», толибларга Кобулда қароргоҳларини очишга рухсат берилиши, фуқаролик паспортлари тақдим этилиши ва мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш имкони яратилиши таъкидланди. Бундан ташқари, мамлакат қамоқхоналаридаги толиблар озод қилиниб, улар оила аъзолари билан мамлакатнинг исталган ҳудудида истиқомат қилишга рухсат берилиши айтилди.

2018 йил 26-27 март кунлари бўлиб ўтган Тошкент конференцияси бу борада қўйилган учинчи йирик тадбир эди. «Шавкат Мирзиёевнинг Жанубга мурожаати — бугунги жаҳон саҳнидаги энг асосий қадамлардан бири», деб ёзди Евроосиё ва Россия бўйича америкалик эксперт Стивен Фредерик Старр ҳамда сўзларига изоҳ берди. Унинг фикрича, бу қадам минтақада ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган сув ва транспорт йўлаги муаммоларига ечим топишга имкон яратади. Янги темир йўл йўналиши Афғонистон ҳукумати учун ниҳоятда зарур тармоқдир. Гап шундаки, Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишида муҳим роль ўйнай олиши мумкин. Мисол учун, Мозори-Шариф шаҳри бошқа мамлакатлар пойтахтлари билан тўғридан-тўғри алоқага киришади.

Шу жиҳатдан олганда, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Тошкент шаҳрида Афғонистон муаммоларига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуман сезиларли қарорлар қабул қилинишига олиб келди. Бу тарихий аҳдлашув Марказий Осиё минтақаси иқтисодий ва ­сиёсий ривожига, шубҳасиз, ижобий таъсир ўтказди.

Муаммо — жаҳон минбарида

2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Ўзбекистон Президенти ­афғон муаммосини дадил кўтариб чиқди. «Аминмизки, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир», деган таклифни илгари сурди давлатимиз раҳбари. Сўнг фикрини давом эттириб, «Афғонистон масаласи глобал миқёсдаги масалалар марказида бўлиши лозим. Халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатлари, биринчи навбатда, Афғонистондаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилиши керак. Бу жафокаш юртда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш йўлидаги бизнинг умумий ­қатъий ҳаракатларимиз асло сусаймаслиги лозим», деб таъкидлади.

2020 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясидаги навбатдаги чиқишида Ўзбекистон раҳбари яна шу муаммога жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортди. «Биз Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қиламиз», деди Юртбошимиз ва Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган ҳаракатларни санаб ўтди: “Минтақада иқтисодий интеграция жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш тармоғини, Мозори-Шарифдан Ҳинд океани портларига ­чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга киришдик”.

Шу билан бирга, янги таклифлар илгари сурилди: «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозим. Ушбу қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарур».

Нуфузли минбардан туриб олға сурилган ушбу ташаббусларни нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки жаҳондаги барча тинчликсевар халқлар чин дилдан олқишлади.

2020 йил сентябрь ойи бошида Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган АҚШ ва «Толибон» ҳаракати, Афғонистон ҳукумати ҳамда «Толибон» ҳаракати ўртасидаги учрашувлар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ва ташаббусини юқори баҳолади. Доҳа учрашуви музокаралари давомидан кейин барча томонлар якдил бир қарорга келишига, тинчлик ҳамда барқарорлик, миллий тараққиёт даври бошланишига оз фурсат қолди, назаримизда.

Хулоса ўрнида

Таъбир жоиз бўлса, «тошни жойидан силжитиш» фақат кучли сиёсатчилар ва йирик давлатларнинг иштиёқига, ҳамфикрлигига боғлиқ кечадиган жараён. Бу борада ташаббус кўрсатиб, бутун бир жафокаш халқнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш, тинч ҳаётга қайтишига кўмак бериш нақадар савобли иш эканлигини дўст қўшниларимиз юракдан ҳис қилиб турибди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи аввалидан то охирига қадар тинчликпарварлик, адолат ва бунёдкорлик Қояларини улуғловчи руҳда бўлди. Бу Марказий Осиё минтақаси келажаги учун умид бериши билан диққатга сазовор.

Биринчиси, Афғонистонда барқарорлик бўлса, Марказий Осиё минтақасида янги таҳдидлар ҳамда чақириқлар, хусусан, терроризм, диний экстремизм, наркобизнес ва ноқонуний қурол-яроғлар савдоси каби иллатларнинг камайишига олиб келади; иккинчиси, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасида турли аҳамиятга эга бўлган ташаббуслар Истанбул (2011), Москва (2016), Кобул (2017) ташаббуслари илгари сурилган, аммо якуний натижага эришилмаган эди. Ўзбекистон ташаббуси ҳамда БМТ шафелигида ўтказилаётган сўнгги ҳаракатлар натижасидан кўзланган асосий мақсад Афғонистон Ислом Республикасининг минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашувини таъминлашдан иборат. Агар бу вазифа уддалангудек бўлса, терроризм, диний экстремизм, наркобизнес ва ноқонуний қурол-яроғлар савдоси ҳам аста-секин барҳам топади.

Энг муҳими, Марказий Осиё минтақасида, хусусан, Ўзбекистонда ташқи хавф-хатар йўқолиб, иқтисодий ривожланиш жараёнлари тезлашади.

Бахтиёр ОМОНОВ,
Тошкент ахборот технологиялари университети профессори,
сиёсий фанлар доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?