Тошкентлик фирибгар ёлғон хабарига ИИББни ишонтириш учун ўзини ўзи жароҳатлади

10:13 30 Август 2018 Жамият
327 0
Иллюстратив фото

27 август куни фуқаролардан бири 102 рақамига қўнғироқ қилиб, босқинчилик оқибатида унинг ёнида бўлган 58 миллион сўм пули ўғирлаб кетилганлиги ҳақида хабар беради.

Мурожаатга кўра, Учтепа тумани Истироҳат кўчасида 25 ёшли У. Жавоҳир шу куни «Лабо» русумидаги хизмат машинасида буюртмачи олдидан катта пул билан қайтиб келаётган вақтида «Матиз» русумидаги машина унинг йўлини тўсиб тўхтатган ва ичидан икки нафар номаълум шахс тушиб унга ҳужум қилган, пичоқ билан пўписа қилиб, ёнидаги 58 миллион сўм пулини олиб номаълум томонга қочиб кетишган.

Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида аслида шу куни ҳеч қандай босқинчилик жинояти содир этилмаганлиги аниқланди, деб хабар беради пойтахт ИИББ.

Қариндошига тегишли хусусий корхонада ҳайдовчи бўлиб ишловчи Жавоҳир буюртмачидан олган 58 миллион сўм миқдоридаги пул маблағини шунчаки ўзлаштириб олмоқчи бўлган. Пулларни дўстининг уйига яшириб қўйгач, босқинчилик билан боғлиқ воқеани ҳам тўқиб чиқарган. Барчаси ҳақиқатга яқин бўлиши учун ҳатто ўзини-ўзи жароҳатлаган. Аммо унинг режаси амалга ошмади.

Энди Жавоҳир ёлғончилиги учун қонун олдида жавоб беради, дейилади хабарда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар