Тошкентга кириб-чиқиш, «права», прописка — ИИВ вакили карантин режими билан боғлиқ долзарб саволларга жавоб берди 

12:02 13 Июль 2020 Жамият
670 0

Карантин режими вақтида фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан келиб тушаётган савол ва мурожаатларга Ички ишлар вазири матбуот котиби, Вазирнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоҳруҳ Ғиёсов жавоб берди.

Савол: Вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари ёпиладиган бўлса, Тошкент шаҳрида рўйхатда турувчи шахслар вилоятлардан келиб, пойтахтга кира олишадими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 34-сон йиғилиш баёнининг 2-банди биринчи хатбошининг биринчи кичик бандига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) тўхтатилган бўлиб, бунда Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб чиқиш бундан мустасно эканлиги белгиланган.

Савол: 6 ёшли набирам Тошкент шаҳрида Эндокринология марказида қандли диабет касаллигининг 1-тури бўйича даволанмоқда. Муолажалар тугаб уйга жавоб берилса, мен Фарғона вилоятидан бориб, набирамни олиб келишим учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 34-сон йиғилиш баёнига илова қилинган «Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати»нинг 3-бандига кўра, фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатига махсус рухсатномалар талаб этилмайди.

Савол: Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун Бухоро шаҳрида ўқидим. Ҳозирда вақтинчалик Тошкент шаҳрида яшаяпман. Биринчи имтиҳон карантин сабабли қолдирилган ва июль ойининг ўрталарига белгиланган эди. Бироқ яна карантин чоралари кучайтирилди.Нима қилсам бўлади? Қаерда ва қандай имтиҳон топширишим мумкин?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сонли қарорига асосан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун Сиз доимий яшаш жойингиздаги ҳудудий ЙҲХБ Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмасига мурожаат қилишингиз, назарий ва амалий имтиҳон топширишингиз, имтиҳондан ижобий ўтган тақдирда ҳайдовчилик гувоҳномангизни олишингиз мумкин.

Савол: Пропискам Тошкент шаҳарда. Лекин, ўзим шаҳар чегарасидан 500 метр узоқликда – Қибрай туманига қарашли ҳудудда яшайман. Лицензия билан кириб чиқишда муаммо бўлмайдими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 34-сон йиғилиш баёнининг 2-банди биринчи хатбошининг учинчи кичик бандига кўра, автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача) тегишли ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) фуқароларнинг иш жойига бориб келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланиши мумкин. Бунда автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши давомида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш талаб этилиши белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?