Тошкентдан Зарафшон тоғ тизмаларига вертолёт орқали сайр қилиш нархи қанча?

15:29 02 Июль 2018 Welcome to uzbekistan
1088 0
Фото: «Ўзбекистон ҳаво йўллари»

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг “Махсус авиация ишлари” авиакомпанияси туроператорлар, агентликлар ва барча хоҳловчиларга Ўзбекистоннинг гўзал гўшаларига вертолётда сайр қилиш хизматидан фойдаланишни таклиф қилгани ҳақида хабар бергандик.

“Зарафшон” нашри саёҳат нархи билан қизиқиб, авиакомпания билан боғланди. “Махсус авиация ишлари” авиакомпанияси ходими Жамшид Абдуллаевнинг айтишича, сайр қилишнинг дастлабки баҳоси соатига 18 миллион 200 минг сўм деб белгиланган. Бу – авиакомпания таклиф этаётган нарх.

Хўш, Зарафшон тоғ тизмаларига сайр қилиш неча сўмга тушади?

Мутахассиснинг таъкидлашича, парвозлар Тошкентдан амалга оширилади. Пойтахтдан Зарафшон тоғ тизмаларига парвоз қилиш ва қайтиш 5 соат давом этади. Вертолётга кўпи билан 16 сайёҳ олиниши мумкин. Саёҳат 5 соат давом этишини ҳисобга олсак, демак сайрга чиқишни истаган гуруҳ бунинг учун 91 миллион сўм тўлаши лозим бўлади.

Шунингдек, авиакомпания аэродромдан фойдалангани учун 431 768 сўм тўлашига тўғри келади. Демак, гуруҳ Тошкент ва Зарафшондаги аэродромлар учун жами яна 863 536 сўм беришлари керак бўлади.

Ҳисоб-китобга кўра, саёҳат баҳоси жами 91 миллион 863 минг 536 сўмни ташкил этади. Гуруҳда 1 кишидан 16 (айрим вертолётда 20) кишигача бўлиши мумкин. Агар 16 киши бир вақтда саёҳатга чиққан тақдирда, бир киши саёҳат учун жами бўлиб 5 миллион 741 минг сўм (айни вақтдаги курс бўйича 731 доллар) сарфлаши керак бўлади.

Аммо бу марказ таклиф қилаётган дастлабки нархлар экани айтилади. Агар сиз турфирма ёки сайёҳлик агентликлари орқали сайр қилмоқчи бўлсангиз, уларнинг ҳам хизмат ҳаққини тўлашингизга тўғри келади. Нархлар маҳаллий сайёҳлар ва хорижликлар учун фарқ қилмайди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

“Халқ сўзи”-“Народное слово” газеталари таҳририяти ишга таклиф қилади

“Халқ сўзи”-“Народное слово” газеталари таҳририяти таржимон-журналистларни ишга таклиф қилади.

30 Май 2018