Тошкентдан Фарғонага борган талабалар корхонага кириш рухсатномаси олиш учун ярим кун вақт сарфлашгани гувоҳи бўлганман — Профессор

20:56 27 Октябр 2020 Жамият
254 0

27 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбир ўтказилди. Тадбирда вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар раислари, раис ўринбосарлари, илмий котиблари, аъзолари, илмий жамоатчилик вакилларидан иборат 300 нафар иштирокчи қатнашди.

Мазкур Фармон лойиҳасида Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири — илм-фанни иқтисодиётнинг асосий драйверига айлантириш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, иқтидорли ёш олимларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, мавжуд илмий ташкилотлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдир.

Шунигдек, 2021 йилдан бошлаб Фанлар академияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан келишилган ҳолда илмий-тадқиқот муассасаларининг илм-фан бўйича директор ўринбосари, олий таълим ташкилотларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор ва филиал директори ўринбосари фаолияти самарадорлигини баҳолаш Инновацион ривожланиш вазирлигининг қўшимча вазифалари этиб белгиланиши Фармон лойиҳасида назарда тутилган.

Муҳокама жараёнида кимё фанлари доктори, профессор Мираҳмад Юнусов Фармон лойиҳасининг ушбу бандига илмий-тадқиқот муассасаларининг илм-фан бўйича директор ўринбосари ва олий таълим ташкилотларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар хамда тегишли саноат корхоналари директор ўринбосари орасида ҳамкорлик бўйича барча муаммолар ечими кўзда тутилган дастур-шартнома тузиш лозимлиги ҳақида таклиф киритди.

– Тошкентдан амалий машғулот ўтказиш учун Фарғона шаҳрига борган бир группа талабалар саноат корхонасига кириш рухсатномаси олиш учун ярим кун вақт сарфлашгани гувоҳи бўлганман. – деди М. Юнусов. – Бундан ташқари, 2021 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг олис ва чекка ҳудудларидан камида 100 нафар ёшларни нуфузли олимларга бириктириш учун грант ажратиш жуда тўғри ва долзарб деб ҳисоблайман. Шу йилнинг ўзида Фарғона ва Қашқадарё вилоятларидан икки ёш олимнинг бизни институтимизда илмий иш олиб бориш муаммосини ҳал этиш иложи топилмаган эди. Ана энди ушбу Фармон лойиҳасида вилоятларда ўқиб ишлайдиган, илмга қизиқадиган ёшлар Тошкентга келиб илмий йўналиш танлаб, изланишларни амалга оширишлари йўлидаги содир бўладиган бир қатор муаммоларни ҳал этиш имкони яратилади.

Ўз навбатида Фармон лойиҳасида 2021 йилда 500 нафар ёшларни рақамли технологиялар, биология, генетика каби йўналишлар бўйича 3–6 ойлик хорижий стажировкага юбориш; 2020 йилда ва 2021 йилда 43 та, 2022 йил якунига қадар 38 та самарадорлиги юқори бўлган янги илмий ишланмаларни тижоратлаштириш; илмий ишланмаларни тижоратлаштириш учун хусусий сектор ва ишлаб чиқариш тармоқлари билан тенг молиялаштириш тизимига ўтиш Инновацион ривожланиш вазирлигининг қўшимча вазифалари этиб белгиланган.

Фармон лойиҳасида олий таълимдан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий қилинган хорижий давлатлар ҳамда рўйхати ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатларни Ўзбекистон Республикасида фан доктори (DSc) сифатида тан олинади ва нострификация қилиниши лозимлиги қайд этилган.

Бу ўз навбатида олий таълим муассасаларидаги ўқитувчи ва профессорлар томонидан ўқиладиган маърузалар сифатини ошириш масаласига хамоҳангдир.

– Маълумки, сифатли ва қизиқарли маъруза ёш талабаларнинг тегишли фанга бўлган қизиқишини янада ошириш омилларидан бири ҳисобланади, – дея фикрини давом эттирди профессор. – Эсимда, талабалик давримда биоинформатика фанининг асосчиси профессор Волкенштейннинг кимё фанидан ўқиладиган маърузасида катта 600 кишилик зал тўлар, ҳатто бошқа институт талаба ва ўқитувчилари хам келиб, мароқ билан эшитишар эди. Ушбу олим кўпгина талабаларда кимё фанига илк бор қизиқиш уйғотган инсон ҳисобланади.

Тадбир давомида олимлар тарафидан Фармон лойиҳасида кўрсатилган фақат муайян фанлар бўйича эмас, устувор фан йўналишлари бўйича илмий тадқиқот ишларини ривожлантириш, ёш олимларни илмий стажировкага юбориш, таянч докторантура ва докторантурага қабул квоталарини ошириш, уларни шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш бўйича ҳам амалий таклифлар берилди.

Барча таклифлар ўрнатилган тартибда расмийлаштириб, раҳбариятга тақдим этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?