Тошкентдаги MDS-Service клиникаси аукционга қўйилди

18:21 10 Сентябр 2018 Жамият
496 0

Ўзбекистондаги илк хусусий тез ёрдам подстанцияларидан бири бўлган MDS-Service клиникаси устав жамғармасининг 100 фоизи кимошди савдосига қўйилди. Бу ҳақда E-ijro Auksion маълум қилди.

Лот сифатида киритилган низом жамғармасининг 62,2 фоизи NNB Investments, 37,8 фоизи эса Solid Investment and Securities компаниясига тегишли. Ҳар икки компания ҳам хориж капитали иштирокида тузилган.

Ушбу таклиф инвестициялар, активлар, автомобиллар(10 дона), тиббиёт ускуналари, мебеллар ва бошқалар, хуллас, барча мол-мулкни ўз ичига олади.

Клиниканинг умумий ер майдони – 5,5 гектар. Бинонинг умумий майдони – 3,7 минг квадрат метр.

Лот жиноят ишлари бўйича суд қарори билан қўйилган бўлиб, ижро ҳужжати санаси 8 сентябрь этиб кўрсатилган.

Бошланғич нарх 32,7 млрд сўмдан зиёд бўлиб, бу E-ijro Auksion майдони тарихидаги энг қиммат лотлардан биридир. Закалат пули миқдори 1,6 млрд. сўм этиб белгиланган.

Аукцион 28 сентябрь куни бўлиб ўтади ва аризалар 26 сентябрга қадар қабул қилинади.

Маълумот учун, MDS-Service 1996 йилдан ўз фаолиятини бошлаган Ўзбекистондаги биринчи хусусий тез ёрдам подстанцияларидан бири бўлган. Мазкур компания ўзининг хусусий поликлиникаси, ташхис маркази ва стационарига эга.

Эслатиб ўтамиз, “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси(ЯЭСМ)да аукционлар суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш учун ташкил этилади ва фақатгина электрон онлайн-аукционлар шаклида ўтказилади.

“E-IJRO AUKSION” ЯЭСМ фуқаролар учун электрон онлайн-аукционларда кенг иштирок этиш ҳамда кўчмас мол-мулк, автотранспорт воситалари ва бошқа мол-мулкни адолатли ва шаффоф савдоларда сотиб олиш имкониятини таъминлаш учун мўлжалланган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар