Тошкентдаги “энг текис” йўл қаерда?

17:10 29 Октябр 2018 Жамият
1511 0

Бундай жойлар кўп дея жавоб берадиганлар бисёр. Улардан бири эса қуйидаги жойни бориб кўришни “тавсия” қилди.

Тошкент шаҳридаги “Дўстлик”(собиқ “Чкалов”) метро бекатидан “Авиасозлар деҳқон бозори” (халқ тилида “Кадишев”) бозори томон машинада бир бориб кўринг. “Энг текис” йўлга дуч келасиз”, - деди у.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / “Халқ сўзи”

Бордик, кўрдик, ишонч ҳосил қилдик.

Автомобилда “Машинасозлар” метро бекати ёнидан ўтиб борар эканмиз, йўлнинг кенглиги ва равонлигидан баҳри-дилимиз очилди. Ҳақиқий шоссе. Сўнгра “Дўстлик” метро бекатига етиб келдик. Ҳаммаси шундан сўнг бошланди. Йўл тобора торайиб борарди. Қарама-қарши йўналишнинг ҳар бирига бир полосадан йўл берилган. Ўнг чеккадаги олиб ташланган трамвай линияси ҳисобига кенгайтирилиши керак бўлган жой ҳали эпақага келтирилмаган. Бу эса автомобиль қатновига қўшимча ноқулайлик туғдиряпти. Шу тор йўлдан автомобиллар тушлик арафасида шунчалик “сиқилиб ўтяптики”, энди эрталабки ва кечки тиғиз(пик) пайтлардаги аҳволни тасаввур қилаверинг. Бундай пайтда “сиқилиш”дан бадтар бўлиши аниқ. Бу ҳали ҳолва.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / “Халқ сўзи”

“Дўстлик” метро бекатидан ўтиб, маҳаллий аҳоли “Махмур кўча” дейдиган ушбу ҳудуддан ўтиб борамиз. “Т” шаклидаги чорраҳага (ўнгга бурилса, “Кадишев” бозори, чапга бурилса Мухтор Ашрафий кўчаси бўйлаб “Рисовий” бозорига борса бўлади) етиб бормасимиздан, йўлнинг ҳақиқий аҳволи намоён бўлди. Асфальтлиги қолмаган асфальт йўлнинг “юзи”даги “яра-чақалар”, чуқур-чуқур “чандиқлар”ни кўриб, унга раҳмимиз келди. Бечоранинг устидан техника эмас, динозаврлар босиб кетган дейсиз. Жала эмас, тош ёққан дейсиз. Лекин динозаврлар қирилиб кетганига миллионлаб йиллар бўлди, тош эса ҳеч қачон ёғмаган.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / “Халқ сўзи”

Бундай жойдан ўтган машина тугул, унинг салонида ўтирганларнинг ҳам ичи тўкилиб кетади. Энди ҳар куни айнан шу йўл орқали ишга, ўқишга қатнайдиган ҳайдовчию йўловчиларнинг асаб толаларию организмларини, автоуловларнинг механизмларини бир хаёлингизга келтиринг. Уларнинг ҳолига маймунлар эмас, ҳалиги динозаврлар ҳам йиғлаб юборса ажаб эмас. Ҳар сакраганда, буйракларига қўшилиб унинг ичидаги тошлари(агар бўлса) ҳам узилиб тушса керак.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / “Халқ сўзи”

Хўш, бундай ачинарли ҳолат юзага келганига қанча бўлди? Нега шаҳар, туман ҳокимлиги, масъул ташкилот ва идораларнинг мутасаддилари жим? Бунинг оқибатларига кимлар жавоб беради?

— Шу маҳаллада яшайман, - дейди ўзини Файзулла Бекмуродов деб таништирган ҳамюртимиз. — Бу ерда беш-олти йилдан бери шундай аянчли ҳолат. Ёмғир-қор ёғиб шу аҳволга тушиб қолди. Эрталаблари, кечки пайтлари жуда тирбанд бўлади. Йўл азбаройи илма-тешик бўлиб кетганидан, ҳатто машиналарнинг “номерлари” ҳам тушиб қолган, ҳайдовчилар эса қайтиб келиб уларни қидириб юрган пайтлар ҳам кўп учраб туради. Кечалари симёғочлардаги йўлни ёритиш мосламалари ишламай қолса, ана кўрасиз томошани. Чорраҳага етмасдан, автобус бекати бор. Уни бекат деб ҳам бўлмайди. На бир буткаси бор, на бекат деган номи. Яна у айнан ана шу уйдим-чуйдим олдида жойлашган. Автобуслар, маршруткалар тўхташи учун жуда ноқулай. Ҳеч бир мутасадди келиб, шу муаммолар билан танишиб, ҳал қиламиз деган гапни эшитмадик.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / “Халқ сўзи”

— “Махмур” кўчасида турамиз, — дейди узоқ йиллик иш стажига эга бўлган ҳайдовчи Абдукарим Бобожонов. — Мана икки йилдан кўп вақт ўтди ҳамки, йўлимиз чатоқ. Таъмирлаймиз дейишадию лекин ҳеч таъмирлашмайди. Ҳали униси келади қиламиз деб, ҳали буниси келади, ишдан эса дарак йўқ. Бошқа жойларни кўриб тўғриси ҳавасимиз келади. Биздаги аҳволга эса гувоҳ бўлиб турибсиз. Машинада ҳам пиёдаларга ўхшаб сакраб-сакраб юрамиз, ҳамма жой чуқурлик. Ёғингарчилик пайтида лойқа, балчиқ атрофга сачраса, ёзда ҳаммаёқни чанг-тўзон қоплайди. Автобуслар, маршруткалар, юк машиналарига айниқса қийин. Шу жойлардан инқиллаб-синқиллаб,  қийналиб ўтади. Бир қарасангиз, ҳайдовчилар бир-бирини сўккан, бир қарасангиз сигнал-базм, ғилдираклар ёрилган. Қулоқларимиз ҳам, кўзларимиз ҳам ўрганиб кетган буларга. Хуллас, “Дўстлик”дан то шу ергача шу аҳвол. Қачон бундай нохушликлардан қутулар эканмиз, билмайман.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / “Халқ сўзи”

— Бугун янги кўприк ва янги метро қурилаётгани учун кўпчилик шу йўлдан ўтишга мажбур бўлмоқда, — дейди кекса йўловчи Искандар Ҳайдаров. — Устига устак, чапга бурилганда, шлагбаум бор. Поезд келиб қолиши бор, бошқа бор. Ўғлим неварамни боғчага олиб боради. Шу йўлдан ўтади. Шу пайтда юрак ҳовучлаб ўтираман. Эҳтиёт бўлиб ўтсин-да, бошқа машина билан туртиниб кетмасин-да, ҳеч ким билан уришиб кетмасин-да деб хавотир оламан. Эрталаблари йўлдаги чуқурликлар етмаганидек, ҳайдовчилар ҳам бир-бирига йўл берай демайди. Пиёдалар ўтиш жойида пиёдаларни умуман ўтказишмайди. Ҳамма қаёққадир шошган. Бундай йўлда шошиб бўладими? Шунинг учун катта неварамни мактабга ўзим олиб бораман. Ёши катталар йўлдан зўрға ўтаётганда, ёш болалар қандай ўтсин?! Мактабдан чиқадиган пайтда бориб олиб келаман. Лекин ҳамма ўқувчиларни ҳам мактабга олиб бориб, олиб келишмайди. Кўпчилиги ўзлари бориб келади. Йўлдаги мана шу нуқсонлар ҳал бўлса, текисланса, ана у йиртиқларга ямоқлар қўйилса, керакли йўл белгилари қўйилса, ҳайдовчилар ҳам, пиёдалар ҳам йўл қоидаларига риоя қилади. Ота-оналар ҳам фарзандларининг мактабга бориб келишидан кўнгли хотиржам бўлади. Шаҳримиздаги бошқа равон йўллар сингари бу йўл ҳам тез орада рисоладагидек бўлиб қолишидан умидвормиз.

— Мана, кўриб турибсиз, автобусимиз бус-бутун, соппа-соғ, - дейди йўналишли автобус ҳайдовчиларидан бири Ғуломжон ака ҳазиллашиб. — Эрталаб ва кечки пайт салон йўловчилар билан лиқ тўлади. Шундай пайтда мана бу уйдим-чуқурлардан чумоли юриш қилиб ўтамиз. Шундаям ичкари ер қимирлагандек силкиниб-силкиниб тушади. Йўналишимизнинг энг оғриқли нуқтаси шу десам адашмайман. Деярли бошқа барча йўллардан яхши бўлгани учун кўнглимиз хотиржам ўтади. Шу жойга келганда эса, хафсаламиз пир бўлгани-бўлган. Йўловчилар-ку кўникиб кетган, лекин шу жойга келганда автобусимизга ичим ачийди. Ким билсин, балки у ҳам кўникиб кетгандир.

— Қирқ йилдан бери машина ҳайдайман, — дейди яна бир ҳайдовчи Алишер Тешабоев. — Шукр, юртимизнинг кўп жойларида бўлгани каби Тошкентда ҳам кўп қурилишлар бўлмоқда. Йўлларимиз олдинги даврларга нисбатан анча текис, равонлашиб қолди. Тўғри, муаммолар йўқ эмас. Уларга ҳам аста-секин ечим топса бўлади. Лекин мана шу жойни зудлик билан тўғриламаса, бўлмайди. Биз-ку майли, агар бирор чет эллик турист шу жойдан ўтиб қолса борми, йўлдаги ана шу тешиклардан ҳар силкиниб ўтганида, олган ҳамма яхши таассуротлари ҳам тўкилиб кетиши аниқ.

Онлайн нашримиз Тошкентдаги “энг текис” йўллар ҳақидаги репортажларини давом эттиради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019