Тошкентда замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтмоқда (Фоторепортаж)

16:01 12 Октябр 2018 Маданият
415 0

Ўзбекистон Бадиий академиясининг марказий кўргазмалар залида VIII Халқаро Тошкент замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтмоқда.

Форумни ўтказишдан мақсад халқаро санъат майдонида мамлакатимиз нуфузини янада кўтариш, ижодкорлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба ва фикр алмашишларига ёрдам бериш, жамиятнинг, ёшларнинг маданий ва интеллектуал даражасини ошириш ҳамда халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни кучайтиришдан иборат.

Унда Европа, АҚШ ва Лотин Америкаси, Жанубий-Шарқий ва Марказий Осиёнинг 27 давлатидан 160 дан ортиқ иштирокчилар кўргазмалар залида ўзларининг видеоарт, инсталляция, фотоарт, ҳайкалтарошлик ишлари, концептуал рангтасвир, графика каби ижодий ишлари ва лойиҳаларини намойиш этилмоқда.

— Аввало, мана шундай катта санъат байрами билан барчани табриклайман, — дейди Бангладешнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мосуд Маннан. — Кўплаб давлат вакиллари қаторида мен ҳам иштирок этаётганимдан хурсандман. Тадбир жуда ҳам аъло даражада ўтказилмоқда. Бангладешда ҳам ҳар икки йилда Осиё санъат биенналеси уюштирилади. Халқларимиз маданиятида, санъатида ўхшаш ва фарқли жиҳатларни кузатишимиз мумкин. Боиси иқлим, табиат, қолаверса, менталитет ҳар хил бўлганлиги сабаб ижодкор шу борлиқдан илҳом олади ва шу манзарани тасвирлашга уринади. Масалан, ўзбек ижодкорлари ишида тоғлар, қуёшли юрт тасвири кўп учрайди ва бу ҳар қандай санъат ихлосмандини мафтун этади.

Биеннале доирасида халқаро илмий-амалий конференция, таниқли назариётчи ҳамда кураторлар иштирокида замонавий санъат мавзусига доир маърузалар ва мунозаралар ўтилиши режалаштирилган. Халқаро кўргазма 14 октябрга қадар давом этади.
Юлдуз ЎРМОНОВА.

Суратлар муаллифи: Ҳаким Йўлдошев/"Халқ сўзи" 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар