Тошкентда уч қаватли кўприк қурилмоқда. Бунақаси биринчи марта

15:21 28 Май 2018 Жамият
1171 0
Фото: kun.uz

Тошкент шаҳрида Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманлари туташган ҳудудда Ўзбекистон тарихида илк марта 3 қаватли кўприк қурилиши бошланди. 
Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Нодиржон Максумов kun.uzга маълум қилган.

Тошкент шаҳрида Махтумқули, Темур Малик, Паркент кўчалари ва Оҳангарон шоссеси кесишган нуқтада 3 поғонали кўприк қурилади. Унинг остида - Оҳангарон шоссе йўналиши бўйича йўл ўтказувчи туннел, ўртасида - чорраҳа кесишмасини айлана йўл тарзига айлантириш, устида - кўприк қурилиши режалаштирилмоқда, дейилади хабарда.

«Яна битта кўприк бўлади. Бу Тошкент механика заводида ишлаб чиқарилган самолётларни олиб чиқишга мўлжалланган», дейди кўприк қурилиши билан шуғулланаётган фирма вакили.

Қурилиш ишлари аллақачон бошланган. Айни пайтда, қурилиш якунига қадар фойдаланиш учун ёрдамчи йўллар ҳозирланмоқда. 
Нодиржон Максумовнинг айтишича, кўприк қурилишининг биринчи босқичи туннелни қазиш билан бошланади, бир вақтнинг ўзида, туннель ўтказилиши назарда тутилган йўл остидаги коммуникациялар четга сурилади.

“Бу ҳолатда йўл четидаги 21та уй мажбурий бузилиши талаб этилади. Бу масала ҳам тез орада ўз ечимини топади”, деб таъкидлайди ҳоким ўринбосари.

Қурилиш лойиҳаси ва ишлари маҳаллий мутахассислар томонидан амалга оширилади. Уч қаватли кўприк 2019 йил фойдаланишга топширилиши кутиляпти.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?