Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар темир йўллари раҳбарларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

16:12 19 Сентябр 2018 Жамият
332 0

2018 йилнинг июнь ойида Хитойнинг Циндао шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтган ва унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан темир йўллар маъмурияти раҳбарларининг биринчи учрашувини Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришилган эди. Шу муносабат билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар темир йўллари маъмурияти раҳбарлари жам бўлишди. Эътиборлиси, дастлабки халқаро тадбирга Ўзбекистон Республикаси раислик қилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Ачилбой Раматов иштирок этди ва нутқ сўзлади. Шунингдек, анжуман иштирокчилари ўз мамлакати темир йўл тизими, юк ва йўловчи ташиш хизмати, олиб борилаётган бунёдкорликлар, янги лойиҳалар,транзит йўлаклар ҳақида барчага маълумот беришди.

Фото: Динара Чиркова / “Халқ сўзи”.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг темир йўллари маъмурияти раҳбарларининг биринчи учрашувида транспорт хизматлари бозорини кенгайтириш, темир йул соҳасининг потенциал имкониятларини шакллантириш, божхона ҳужжатларни расмийлаштириш, тариф сиёсати бўйича музокаралар олиб борилди. Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудида янги иқтисодий халқаро коридорларни яратиш, денгиз портларига чиқиш имкониятлари хусусида ҳам сўз юритилди.

Фото: Динара Чиркова / “Халқ сўзи”.

Логистик марказлар тизимини яратиш ва ундан кенг фойдаланиш, ШҲТга аъзо давлатлар экспорт ва импорт юкларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш жараёнида кўрсатилаётган хизматларни яхшилаш масалалари кўриб чиқиш тадбир кун тартибидан ўрин олди. Шу куни темир йўл транспорти инфратузилмасида хорижий инвестицияларни жалб қилиш, халқаро молия тизимлари иштирокида янги темир йўл транспорт коридорларини яратиш, юк ташиш имкониятларини оширадиган, муҳими денгиз портларига чиқишни таъминлайдиган янги лойиҳаларни ишга тушириш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Хусусан, тадбир иштирокчиларига темир йўл транспорти соҳасининг истиқболли йўналишлари, ривожланиш тенденциялари ва такомиллаштириш бўйича маълумотлар берилди.

Фото: Динара Чиркова / “Халқ сўзи”.

Конференция якунида тегишли ҳужжатлар имзоланди. Навбатдаги анжуманга Қозоғистон Республикаси пойтахти Астана шаҳри мезбонлик қилишига келишиб олинди. Мазкур ҳужжат транспорт инфраструктурасининг ривожланишини ижобий шаклланишига, йўл қурилиши ва транспорт-логистик марказлар яратилишига хизмат қилади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда темир йўлнинг умумий узунлиги 7200 км.ташкил этади. Юк ташишнинг умумий ҳажмидан 53% темир йўл транспортига тўғри келади. Мустақиллик йилларида 2500 км. темир йўллари қурилди, 2600 км. дан ортиқ йўллар электрлаштирилди. 30 дан ортиқ вокзаллар замон талаблари даражасида қурилди ва реконструкция қилинди.

Акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилган инвестиция лойиҳалари мамлакат иқтисодиётида ўзига хос ўрин тутади. Хусусан, “Навоий-Учқудуқ-Султанувайстоғ-Нукус” (умумий узунлиги 341км), “Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон” (умумий узунлиги 223км), Ангрен – Поп (123,1) лойиҳаларининг ҳаётга татбиқ этилиши ушбу ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Амалга оширилган бунёдкорликлар натижасида мамлакатимизда ягона темир йўл тизими яратилди

Марказий Осиёда ягона бўлган юқори тезликда ҳаракатланувчим “Afrosiyob” поезди дастлаб Тошкентдан Самарқандгача қатновни амалга оширган бўлса, эндиликда Бухоро, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларигача хизмат кўрсатмоқда.

Бу йил “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ ўзининг ҳудуди орқали айрим юкларни ташиш учун Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия Федерацияси учун турли имтиёзлар ва преференциялар тақдим қилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар