Тошкентда “Ўзбекистон — 2035” иккинчи халқаро форуми ўз ишини бошлади.

11:16 06 Февраль 2019 Жамият
390 0

Мазкур анжумандан мақсад хорижда яшаб, меҳнат қилиб келаётган ватандошларимиз билан Ўзбекистон парламенти аъзолари, вазирлик ва идоралар мутахассислари, халқаро экспертлар ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш учун қулай майдон яратишдан иборат. Иштирокчилар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда бунга кўмаклашиш мақсадида ўз ғоялари, таклифларини билдиришяпти.

Ўтган йилнинг июнь ойида ташкил этилган биринчи форум якунлари бўйича техник вазифа шакллантирилган эди. Мазкур вазифалар ­дунёдаги энг йирик консалтинг компанияларидан бири бўлган “KPMG” экспертлари ва маслаҳатчилари томонидан умумийлаштирилди.

Якуний ҳужжат республика раҳбарияти кўриб чиқиши учун тақдим этилди. Унинг асосида “Buyuk kelajak” экспертлари вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг 2035 йил­гача бўлган стратегиясини ишлаб чиқишди. Шуъба мажлислари давомида дунёнинг етакчи компаниялари ва ташкилотларидаги таҳлилчилар томонидан мазкур ло­йиҳага оид асосий иқтисодий ҳамда сиёсий йўналишлар тақдимоти ўтказилди. Фикр ва мулоҳаза ал­машиш жараёнлари ишчи гуруҳларида давом эттирилди.

Давлат бошқаруви, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати, молия тизими ва кичик бизнес, саноат, транспорт, қурилиш тармоғи ҳамда инфратузилмалар, туризм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий сиёсат, инсон капитали ҳамда маданият, экология, илм-фан, технология­лар ва инновациялар иштирокчилар диққат марказида бўлди.

— “Buyuk kelajak” эксперт­лик кенгаши аъзолари орасида ҳуқуқ, молия, саноат, илм-фан, таълим, тиббиёт мутахассислари ўз билим, кўникма ва тажрибаларини Ўзбекистон ташаббусларини рўёбга чиқариш учун йўналтиришга тайёрдир, — дея қайд этиб ўтди экспертлик кенгаши раиси Алишер ­Каланов. — Мазкур ННТнинг тузилиши Ўзбекистон ­раҳбарининг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда ватандошларимиз билан учрашуви чоғида уларни республикада амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдор бўлишга қаратилган даъватига муносиб жавобдир. Ўтган йилнинг ёзида эксперт­лар ижтимоий-иқтисодий жабҳаларнинг мавжуд вазия­тини муҳокама қилиш учун вазирликлар ва идоралар, турли компаниялардаги ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказишди. Ўтган йил охирида “Ўзбе­кистон — 2035” стратегиясини тайёрлашнинг дастлабки босқичи ўз ниҳоя­сига етди. У тараққиётнинг тўртта сценарийсини ўз ичига олади — тадрижий, жўшқин, пессимис­тик ва тараққийпарвар. Уларнинг ҳар бирида макроиқтисодий хусусиятлар, иқтисодиёт учун зарур инвестициялар, иқтисодий ўсиш суръатлари, ислоҳотларни амалга ошириш инобатга олинган.

Бугун муҳокамалар ишчи гуруҳларида давом эттирилади. Якунда иштирокчилар Ўзбекистонни ривожлантиришнинг 2035 йилгача бўлган стратегиясини такомиллаштириш ва материаллар билан тўлдириш бўйича таклифларини шакллантиришади. Кейинги босқичда кенг аҳоли қатламлари, эксперт-таҳлилчилар доиралари, давлат ва жамоатчилик ташкилотлари орасида эшитувлар ташкил этилади.

“Ўзбекистон — 2035” иккинчи халқаро форуми очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А. Абдувахитов сўзга чиқди.

Саиджон МАХСУМОВ (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019