Тошкентда нуфузли халқаро кўргазма бошланди

17:46 18 Май 2018 Маданият
459 0

Ёшлар ижод саройида “Олтин қўл ҳунарманд” халқаро кўргазмаси бошланди. 

Республика “Ҳунарманд” уюшмаси, Маданият, Ташқи ишлар вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси каби бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда уюштирилган мазкур тадбирда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон давлатларидан 140 нафардан зиёд ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. 

Халқаро кўргазмада ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, сангтарошлик, зардўзлик, наққошлик, каштадўзлик, гиламдўзлик, заргарлик, читгарлик сингари ҳунармандлик маҳсулотлари намойиш этилмоқда. 
—  Ёшлигимиздан ота-боболаримиз ардоқлаган касб — атласчилик билан шуғулланиб кам бўлганимиз йўқ, — дейди марғилонлик ҳунарманд Муқаддасхон Ҳошимова. — Бугун нафақат адрас тўқиш, балки миллий матоларимиздан либослар тикишни ҳам йўлга қўйдик. Бугун бизнинг маҳсулотларимиз нафақат юртимиз, балки қўшни давлатлар бозорларида ҳам ўз ўрнини топиб бормоқда. 

Мамлакатимизда ҳунармандларнинг эркин фаолият олиб боришлари учун кўплаб имтиёзлар яратилган. “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларининг турли солиқлардан озод этилганлиги, манзилли дастурлар асосида уларга имтиёзли кредитлар ажратилаётганлиги, қисқа давр оралиғида 4,5 минг нафар ҳунармандга 126,5 млрд.дан зиёд имтиёзли кредитлар берилганлиги фикримизнинг исботидир. 

—  Гиламдўзлик билан шуғулланаман, — дейди туркиялик ишбилармон Якип Ердем. — Ушбу кўргазмада иштирок этишимдан мақсад, ўзбекистонлик ҳунармандлар билан биргаликда ипакли гилам тўқишни йўлга қўйиш. Айни пайтда фарғоналик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. 

Кўргазма доирасида ҳунармандлар ва амалий санъат усталари томонидан амалий санъат йўналишида таҳсил олаётган ўқувчилар ҳамда талабалар учун “Маҳорат сабоқлари” машғулотлари ҳам бўлиб ўтди.   

Унда фаол иштирок этган ҳунармандлар диплом ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланади. 

Мавжуда ХОЛМАТОВА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар