“Тошкентда иш бошлаганимда, бундай ўзгаришлар бўлишини тасаввур қилмагандим​”. АҚШ элчиси билан суҳбат

12:42 01 Август 2018 Сиёсат
602 0
Фото: "Америка овози"

Ҳадемай АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлайди. Диёримизда ўтган уч ярим йиллик фаолияти давомида Спратлен хоним икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожида алоҳида фаоллик кўрсатди.

“Америка овози” телерадиоси мухбири Навбаҳор Имамова “Халқ сўзи” газетаси учун дипломат билан эксклюзив интервью уюштирди. Ана шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Тошкентдаги дипломатик миссиянгиз тугаб бормоқда.
— Афсуски, шундай.

— Тарихга гувоҳсиз... Муҳим дамларда ­Ўзбекистонда бўлдингиз.
— Шундай, омадим бор экан.

— Элчи қачон янгиланади?
— Биласиз, буни айта олмайман. Бу масала Вашингтонда ҳал этилади.

— Жараён секин.
— Ҳа, секин, лекин тушунса бўлади. Уни Оқ уйда ­Президент ва унинг таркиби бошқаради. Элчи — ­давлат раҳбари ишонган шахс, унинг вакили.

Мен Тошкентда иш бошлаганимга уч ярим йил бўлди. Бу — яқин муддат ичида ўрнимга кимдир келиши керак дегани. Бу менга боғлиқ эмас. Номзод танланади, уни Конгресс кўриб чиқади. Ҳар қандай давлатга элчи шундай тайинланади. Янги элчи келганида одамлар, албатта, хурсанд бўлади. Унгача эса самолётга чиқиб, Ватанимга қайтгунимга қадар, АҚШ — Ўзбекистон алоқалари ва халқларимиз равнақи учун хизмат қилишда давом этаман.

— Сиз аёл дипломатсиз, бундайлар кам. Афро-америкалик элчисиз, улар ҳам жуда кам. Сизни унутиш қийин бўлади. Сизни қандай эслашларини хоҳлар эдингиз?
— Аввало, Ўзбекистон аҳлига айтадиган гапларим бор. Сизлардан чексиз миннатдорман. Мени кенг қучоқ очиб кутиб олдингиз. Биринчи дақиқаларданоқ олқишладингиз. Давлатга киришим билан 48 соат ичида ташқи ишлар вазири ишонч ёрлиғи нусхасини қабул қилди. Орадан 10 кун ўтмай ишонч ёрлиғимни Биринчи Президент Ислом Каримов қабул қилди. Қаерга бормай, одамлар мени жуда илиқ қаршилайди. Ўзбекистоннинг таниқли жойлари — Самарқанд, Бухоро ва Хива ёки Фарғона водийсидаги Мингтепа деган жой бўлсин, Термизми, қаерга қадам қўймай, Ўзбекистон халқи мени очиқ чеҳра ва табассум билан кутиб олади. Элчи сифатида бу эҳтиром ва имконият — мен учун бебаҳо.

Элчилик давримда янгича ҳамкорлик йўлини очдик. Шундай шериклик имконияти яратилди. Мевасини кўраверамиз. Ёшлар билан мароқ билан ишладим. Уларнинг орзулари, келажак ҳақидаги ўйларидан илҳом олдим. Бу билан фахрланаман.

Барча ҳамкасбларимдан жуда миннатдорман. Улар менга ишонди, таянди. Ришталаримиз муваффақияти, ҳамкорликдаги ҳар қандай ютуқ кўплаб одамларнинг қаттиқ меҳнати маҳсулидир, фақат меники эмас.

АҚШдек давлатнинг дипломати бўлиш — бир бахт. Умидим шуки, шундай карьера қилиш имконияти Ўзбекистон ёшларига ҳам насиб этсин.

Ўзбекистондек ажойиб мамлакат тарихининг шу даврида ўзига хос роль ўйнай олганимиз учун беҳад шодман. Албатта, АҚШ учун ҳам муҳим бир давр бу. Ҳамкорликнинг асоси барпо этилди, энди уни кўтариш керак. Ўрнимга келган одамнинг иши шу бўлади.

Менинг назаримда, Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбари дунёга янгича кўз билан қараётгани айни муддао. 2016 йилда буни ҳеч ким тасаввур қилмаган эди. Тошкент, Хива ва Ўзбекистоннинг бошқа қисмларидан жаҳонга янгича нигоҳ билан боқишмоқда. Чунки Президент шу томонга етаклаяпти. Унинг ёнида оптимист одамлар бор. Улар Америка билан ришталар яхшиланишига ҳамиша ишонган ва узоқни кўзлаб ҳаракат қилган.

— Мамлакат ҳаётига янги авлод кириб келмоқда. Янги чеҳралар, янги арбоблар.
— Шундай. Мен уларга муваффақият тилайман. Янгича ғайрат ва иштиёқни кўриб жуда хурсандман. Президент Мирзиёев бошчилигида Вашингтонга келган делегация таркибида шундайларни кўрдим. Катта тажрибага эгалар ҳам, янги келганлар ҳам бор. Бир-бирлари билан яқиндан ишлашмоқда, бир-бирларидан ўрганишмоқда. Президент­ларимиз эришган келишувни шу инсонлар амалга оширади.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг май ойидаги ташрифини ­тарихий деб баҳоладингиз. Нима учун?
— Ўзбекистон — узоқ тарихга эга диёр. Алоқа ўрнатганимизга 27 йил бўляпти. Лекин биз ҳозир янги Ўзбекистон билан ишлаяпмиз. Бунга май ойида гувоҳ бўлдик. Бу — ҳақиқатда тарихий воқеа. Чунки Президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга илк ташрифи. Кўриб чиқилган масалалар, имзоланган келишувлар, делегация ҳажми, Вашингтон уни қандай кутиб олгани — ҳаммаси янги, мисли кўрилмаган даражада ўтди. Ўзбекистонда уч ярим ­йилдан бери ишлаётган элчи сифатида 2015 йилнинг бошида Тошкентга келганимда, бундай ўзгаришлар бўлишини умуман тасаввур қилмаган эдим. Янгиликлар одамни хурсанд қилади.

Икки давлат компаниялари янги имкониятлар очишга интилмоқда. Инглиз тили машғулотлари бўйича илғор дастурлар ҳақида гап кетяпти. Олий таълим хусусида муҳим мулоқот давом этяпти. Хавфсизлик бобида янгича ҳамкорлик... Буларнинг ҳаммасига замонавий ёндашиб, янгича қараб, аниқ мақсадлар сари қадам қўйиш устида келишиб олдик. 2016 йилда бошланган мулоқот асталик билан бизни мана шундай йирик келишувга етаклади. Томонлар бир-бирини яқиндан танимоқда, ришталар ўрнатилмоқда, фикрлар алмашилмоқда. Президент Мирзиёевнинг ташрифи — улкан бурилиш. Қўшма баёнот эса янги даврнинг бошланишидир.

Аввал бунчалик ғайрат ва хоҳиш бўлмагандир. Бироқ ҳозирги ҳаракатларимиз ишончга асосланган. Гап фақат АҚШда эмас. Шавкат Мирзиёев қўшнилар билан ҳам яқиндан ишламоқчи. Реал ҳамкорликка интилмоқда.

— Элчи хоним, бу ташрифларни ташкиллаштириш нозик иш. Ўзбекистон ҳукумати билан ишлаш ҳозир қандай? Маъмуриятлараро алоқа ҳақида сўраяпман. Ислоҳотлар, аввало, ҳукуматнинг фаолиятини яхшилаши керак. Кўплаб ўзбекистонликлар учун шу қизиқ: ҳукуматимиз ҳозир қандай ишлайди? Бу борада нима ўзгарди, масалан, раҳбариятда?
— Тўғри. Бугун Ўзбекистон ҳукумати очиқроқ. Ўзбекистон аҳли ва АҚШ элчихонаси ҳукумат тизимлари очилаётганини бирдек ҳис этмоқда, назаримда. Олдинлари одамлар муаммосига ечим излашга қийналар эди. Пенсиясини ололмай, уйини исита олмай азобда эди. Виртуал қабулхона очилганида ва улар мамлакат бўйлаб қанот ёзганида халқ жуда қувонди. Ҳукумат уларнинг дардини эшита бошлади.

Дипломатик жиҳатдан ҳам шунга гувоҳ бўлдик. Олдин ҳукумат билан бирор масалада гаплашмоқчи бўлсак, расман хат ёзиб, илтимос қилар эдик. Жавобини кутиб ўтирардик. Албатта, уларнинг архиви бўлгани яхши. Ҳар бир алоқани хатлаб борар эдик. Лекин вақтни бой берардик. Гаплашиш қийин эди. Мулоқот йўлида тўсиқлар бор эди. Ҳозир эса телефон қиламиз ва бемалол гаплашамиз. Электрон хатлар алмашамиз.

— Телефон қилганингизда ­бошқача қабул қилишмайдими?
— Йўқ, йўқ. Улар ўзлари ҳозир менга телефон қилишади. Масалан, молия вазири қўнғироқ қилади ёки ташқи савдо вазири билан гаплашаман. Тизим очиляпти, бу алоқа нормаллашиб, табиий бир шаклга кирди деганидир. Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бош дипломатимиз Элис Уэллс шу йил бошида Ўзбекистонга келганида мазкур масалани кўтарган эди. Ўзгаришларни кўра бошладик. Ўзбекистон халқи ҳис қилаётганидек, биз ҳам ҳукумат очилаётганини кўряпмиз.

Бу — фаолият такомиллашиб, самарадорлик ошишидан далолат. Фақатгина ҳужжатлар орқали гаплашмай, масалаларни бемалол муҳокама қилишнинг таъсири кучли вужудга келяпти. Шунинг ўзи реал мулоқот. Мен учун бу ҳукуматдаги улкан янгилик.

Ташрифни ташкиллаштириш, айтганингиздек, жуда нозик иш ва уни ҳамма ҳам эплай олмайди. Ўзбекистон томони ҳам, менинг жамоам ҳам қаттиқ ишлади. Транспорт масаласидан тортиб, катта делегацияга виза беришгача бўлган жараён. Хуллас, ҳаммаси ўз вақтида ва пухта бажарилди. Ҳар бир ходимга катта масъулият юкланган эди. Бунда дипломатларимиз ўз ҳиссасини қўшди. Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси, ҳар иккиси ҳам ўта муҳим идоралар эканини исботлади.

Ишончим комилки, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар бундан кейин ҳам изчил ривожланиб боради.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар