Тошкентда “Глобал тадбиркорлик ҳафталиги“ ўтказилади

15:48 10 Октябр 2018 Жамият
583 0

Шу йилнинг 12-18 ноябрь кунлари мамлакатимизда “Глобал тадбиркорлик ҳафталиги” (Global Entrepreneurship Week) ўтказилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгашида ташкил этилган “Ёшлар пресс-клуби” сессиясида маълумот берилди. Ҳар йили дунё бўйлаб 160 та мамлакатда ташкил этиладиган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад муваффақиятга эришган тажрибали тадбиркорлар билан ёш тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш, уларни янги ғояларга илҳомлантириш ва ёшлар орасида бизнес юритиш маданиятини шакллантириш, мамлакатимизда тадбиркорлик экотизимини ривожлантириш, бизнес юритиш тажрибаси ва замонавий воситалари билан ёшларни таништириш ҳамда Ўзбекистонда ишбилармонликни янада тараққий эттиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишдан иборатдир.

Шунингдек, ҳафталик давомида чет эл тадбиркорлари мамлакатимизда яратилган ишбилармонлик муҳити билан яқиндан танишади, юртимиз тадбиркорлари билан ҳамкорлик муносабатлари ва дўстона алоқалари ўрнатади.

Қайт этиш жоизки, ўтган йилда илк маротаба ўтказилган Глобал тадбиркорлик ҳафталиги тадбирларида 6 мингдан ортиқ ёшлар, 150 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар иштирок этган. Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар эътироф этилиб, 2018 йилнинг 15-19 апрель кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган Глобал тадбиркорлик конгрессида 170 та мамлакатлар ичидан Ўзбекистонга “Йил кашфиёти” (Rookie of the Year) номинацияси топширилган.

Жорий йилда ўтказиладиган Глобал тадбиркорлик ҳафталигида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшлар, соҳада фаолият юритаётган идора ва ташкилотлар, хорижий инвесторлар ва етакчи бизнес вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Хусусан, америкалик коучинг соҳасида етакчи мутахассис Жон Кинг ва бизнесни бошқариш бўйича халқаро мутахассис Ицхак Адизес, россиялик “ru-Net” компанияси асосчиси ва IT соҳасида инвестор Леонид Богуславский ҳамда бошқа кўплаб хорижий инвесторлар ҳамда бизнес тренерлар ташриф буюриши режалаштирилган.

Тадбиркорлик ҳафталиги доирасида Тошкент шаҳри ва Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида махсус бизнес тренинглар, тақдимотлар, маҳорат дарслари, B2B учрашувлар ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, республиканинг барча ҳудудида Ёш тадбиркорлар бизнес форуми ҳам ўтказилади.
Дилшод КАРИМОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар