Тошкентда фарғоналик аёл ўзини электр устунидан ташламоқчи бўлди

10:10 07 Август 2020 Жамият
283 0

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкентдаги юқори вольтли электр узатиш тармоғи устунидан ўзини ташламоқчи бўлган аёл ҳақидаги видеога расмий муносабат билдирилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати қайд этишича, видеода акс этган воқеа 6 август куни Олмазор туманидаги Кичик ҳалқа йўли кўчасида юз берган. Аёл юқори вольтли электр узатиш тармоғи устунига чиқиб олган ва атрофдагиларга ўзини тепадан ташлаб, ўз жонига қасд қилмоқчилигини айтган. Буни туманда хизмат олиб борган профилактика инспекторлари ва патруль-пост хизмати автоэкипажи ходимлари кўриб қолган. ИИББ ходимлари аёлнинг ёнига чиқиб, уни пастга туширган ва аёл Олмазор тумани ИИО ФМБ 6-сон ИИБга етказилган.

Аниқланишича, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган аёл Фарғона вилоятидан бўлган 36 ёшли Д.У. бўлиб, пойтахтнинг Олмазор туманида вақтинчалик яшаб келган. Ўз хатти-ҳаракатининг сабаби сўралганда аёл ишсиз қолиб, ночор аҳволда эканлигини маълум қилган.

Олмазор тумани шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2-сектор бошлиғи аёлни тинглаб, унга яримфабрикат маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхонага ишга жойлашишда ёрдам берган. Шунингдек, аёлга 2 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам берилган.

Қайд этилишича, айни пайтда аёл билан психолог иш олиб бормоқда.

«Агар сиз ишга жойлашиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келган бўлсангиз, ваколатли идораларга мурожаат қилишингизни сўраймиз. Пандемия сабабли юзага келган ҳозирги қийин шароитда ҳам меҳнат бозорида кўплаб бўш ўринлари мавжуд», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?