Тошкентда долзарб мавзуга бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади

21:42 20 Октябр 2020 Жамият
528 0

Мамлакатимиз учун қишлоқ хўжалиги соҳаси устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Ушбу соҳа Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 32 фоизини ташкил этаётгани, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 27 фоизини иш билан таъминлаб тургани бунинг тасдиғидир.

Бинобарин, сўнгги йилларда тармоқда олиб борилаётган давлат сиёсати сифат жиҳатдан ҳам, истиқбол нуқтаи назаридан ҳам мутлақо янгиланди. Бунда синовдан ўтган хориж тажрибаси ҳамда замонавий тенденциялар узлуксиз эътиборга олиб келинаётгани муҳим аҳамият касб этяпти. Буларнинг барчаси республиканинг иқтисодий ўсишига қаратилган.

Хусусан, аграр секторлардан етказиб берилаётган маҳсулотлар экспорти ҳажми ортиб, фермерлар ва агрокластерлар даромадлари реал даражада кўпайиб бораётгани шундан далолат бериб турибди.

Зеро, қишлоқларда аҳолининг турмуш даражасини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотларини арзонлаштириш, мамлакатнинг ишончли озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, бугунги инқирозли даврда асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, бозордаги нарх-навони арзон қилсак, одамларни, айниқса, кам таъминланганларни рози қила оламиз.

Бу йўлда сўнгги 3 йилда озиқ-овқат, чорвачилик, мева-сабзавотчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ривожлантириш учун 28 триллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Коронавирус пандемиясининг нарх-навога таъсири инобатга олиниб, жорий йил апрель ойидан бошлаб асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти божхона тўловларидан озод қилинди.

Аммо тан олиш керак, соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар, ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп. Бу борада хорижлик экспертлар билан ўзаро фикр алмашиш, амалий кўникмаларни ўртоқлашиш, конструктив муҳокамаларни изчил давом эттириш эса шубҳасиз самарали восита саналади.

Шулардан келиб чиқиб ҳукуматнинг тегишли фармойишига мувофиқ Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Германиянинг IAMO ва АҚШнинг IFPRI институтлари билан ҳамкорликда «Марказий Осиёда соғлом иқтисодий ўсишни таъминлаш учун қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ва ҳудудий ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро онлайн илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.

Бугун ўз ишини бошлаган муҳим анжуман олий ва ўрта махсус таълим, қишлоқ хўжалиги, инновацион ривожланиш вазирликлари, шунингдек, Германиянинг Ўтиш иқтисодиётида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Лейбниц институти (IAMO) ва АҚШнинг Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти билан яқин ҳамкорликда видеоконференсалоқа шаклида ташкил этилди.

Унда республика даражасидаги муассаса ва вазирликлар раҳбарлари, вилоятлар ҳокимлари, олий таълим муассасалари ректорлари, Германия, Италия, АҚШ, Япония, Корея, Малайзия ва МДҲ давлатларининг 30 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар ва экспертлари, шу жумладан, Американинг IFPRI институти бош директори Йохан Свиннен ва Германиянинг Лейбниц институти директори Томас Глаубен каби жаҳонда тан олинган мутахассислар қатнашмоқда. Шуларнинг ўзиёқ конференция халқаро миқёсда ташкил этилаётган йирик илмий-амалий тадбир эканлигини кўрсатиб турибди.

Нуфузли форумни ташкил этишдан кўзланган пировард мақсад эса дунёда ҳукм сураётган Covid-19 пандемияси шароитида озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келишининг олдини олиш, қишлоқ хўжалигидаги мавжуд ресурслар ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, озиқ-овқат экинлари ҳажмини оптималлаштириш, рақобат муҳитини шакллантириш борасида илғор замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича илмий-назарий, илмий-услубий ҳамда илмий-амалий таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдир.

— Маълумки, Марказий Осиё ҳудудлари унумдор ерлари, сув ресурслари, энергия ва қишлоқ хўжалиги бўйича бир-биридан фарқ қилади, — дейди ТДИУ ректори Қўнғиротбой Шарипов. — Хўш, ушбу тафовутлар ва ўхшашликлар нимага хизмат қилади? Улар, энг аввало, минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим омил бўлиб, озиқ-овқат, савдо ва инфратузилма жабҳасидаги сиёсат, илм-фан, инновацияларни уйғунлаштириш, институционал тузилмаларни мувофиқлаштириш, минтақанинг барқарор ривожланишига ёрдам беради. Бу ҳам конференция мавзуси аҳамиятини нечоғли катта эканлигини кўрсатиб турибди. Мазкур анжуман олимлар, сиёсатчи ва ишбилармон доира вакиллари ҳамда фуқаролик жамиятлари институтлари учун ўзаро ғоя, ташаббусларни алмашиш платформасига айланганининг боиси ҳам шунда. Бундай илмий-амалий ҳамкорлик эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ва Марказий Осиёда минтақавий интеграцияни ривожлантиришга ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз

Буни конференция ишида муҳокама қилинаётган масалалар йўналишлари ва кўлами ҳам алоҳида тасдиқлайди.

Covid-19 пандемияси шароитида аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш; қулай агробизнес муҳитини шакллантириш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш омиллари; тармоқни қўллаб-қувватлаш: давлат харажатларини оптималлаштириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш йўллари; қишлоқ хўжалигида таълим — илм-фан — ишлаб чиқариш интеграцияси ва халқаро майдонда юз бераётган янги тенденциялар; қишлоқ хўжалигида рақамли технологиялар ва ишлаб чиқариш омилларидан самарали фойдаланиш йўллари шулар жумласидандир.

Яна бир муҳим жиҳати, шуъба форматида ташкил этилган конференция давомида олинадиган илғор хорижий тажрибаларни Ўзбекистон мисолида амалиётга татбиқ этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.

Якунда олий таълим — илм-фан — ишлаб чиқариш интеграциясидан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини қишлоқ хўжалиги товар ва хизматларига бўлган эҳтиёжини мунтазам қондириб бориш бўйича берилаётган таклифлар ҳам тўпланиб, бу борада ташланаётган амалий қадамларда инобатга олинади.

Анжуман ўз ишини давом эттирмоқда.

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?