Тошкентда “Deutsche Welle” медиатузилмаси тақдимоти ўтказилди

10:50 11 Август 2018 Маданият
237 0

“Тараққиёт стратегияси” марказида Халқаро пресс-клуб билан ҳамкорликда “Deutsche Welle” академияси вакиллари иштирокида “Замонавий журналистика учун кадрлар тайёрлаш: “Deutsche Welle” академияси тажрибаси“ мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Тараққиёт стратегияси” маркази матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар, давлат идораларининг ошкоралик ва шаффофлик принциплари бўйича олдинга қўйган қадамлари, замонавий журналистика ютуқлари ҳамда соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйишнинг муҳимлигини таъкидладилар.

Хусусан, Ўзбекистонда етук журналистлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, медиатузилмалар учун кенг имкониятлар яратилиб, замонавий кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Тадбир давомида “Deutsche Welle” медиатузилмаси тақдимоти ўтказилиб, бугунги кунга қадар босиб ўтган фаолият йўли тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, Академия фаолияти, хорижий мутахассислар учун тақдим этиладиган ўқув курслари ва дастур ҳақида ахборот берилди.

Маълумот учун, “Deutsche Welle” (“Немис тўлқини”) телерадиокомпанияси Германиянинг хорижий тингловчилар ва томошабинларга мўлжалланган йирик медиатузилмаси бўлиб, 60 мамлакатда 3 мингга яқин ходими фаолият олиб боради. Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда “Deutsche Welle” телерадиокомпанияси аудиторияси қарийб 150 миллион кишини ташкил этади.

2004 йилда компаниянинг радио ва тележурналистлар малакасини ошириш маркази базасида академия ташкил этилган. Ушбу академиянинг асосий йўналишларидан бири замонавий ОАВни ривожлантириш, хусусан, халқаро стандартларга мос журналист кадрларни тайёрлашдан иборат.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар