Тошкентда “Дебют — 2018” V республика кўрик-фестивали бошланди

17:51 16 Ноябрь 2018 Маданият
324 0

Фото: Ҳаким Йўлдошев, "Халқ сўзи"

Ушбу кўрик-фестивалда ёш драматург, режиссёр, актёр ва театр рассомлари профессионал саҳнада илк маротаба ўзларининг бадиий ижод намуналарини кенг жамоатчилик ҳамда мутахассислар эътиборига ҳавола этяпти.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Театр арбоблари уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Ўзбек Миллий академик драма театрида ўтказилган очилиш маросимида мазкур кўрик-фестиваль иқтидорли ижодкорларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни тараннум этувчи бадиий баркамол саҳна асарлари яратишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев, "Халқ сўзи"

Фестивалда намойиш этилган асарлардан бири Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида саҳнага қўйилди. Ёш режиссёр Достон Худойбердиев томонидан саҳналаштирилган ушбу “Қобил ила Ҳобил” спектаклида эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги азалий кураш ҳақида ҳикоя қилинган.

— Камтарона ижодимиз томошабинларимиз томонидан илиқ кутиб олинганидан хурсанд бўлдик, — дейди Д. Худойбердиев. — Бундай эътибор келгусида етук саҳна асарлари яратишга илҳом бағишлайди.

“Дебют — 2018” V республика кўрик-фестивали шу йилнинг 20 ноябрига қадар давом этади.

Юлдуз ЎРМОНОВА


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар