Тошкентда бўлиб ўтадиган Инвестицион бизнес форумга Туркиядан 150 дан ортиқ бизнесмен ташриф буюради

11:52 04 Октябр 2019 Жамият
332 0

2019 йилнинг 2 октябрь куни Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчиси Алишер Агзамходжаев Туркия Савдо палаталари ва биржалари иттифоқи раиси Рифат Ҳисарчиклиоглу билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ хабар берди.

Учрашув чоғида Рифат Ҳисарчиклиоглунинг Туркий Кенгаш Ишбилармонлар кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтказиладиган биринчи йиғилиши ва 5 октябрь куни Ўзбекистон пойтахтида туркий дунё ишбилармонлари иштирокида бўлиб ўтадиган Инвестицион бизнес форуми ишида қатнашиш учун Ўзбекистонга бўлажак ташрифининг ташкилий ва мазмуний жиҳатлари муҳокама қилинди.

Туркия Савдо палаталари ва биржалари иттифоқи раиси Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларни юқори баҳолади.

Рифат Ҳисарчиклиоглу туркий дунё ишбилармонлари номидан бизнес билан шуғулланишга мамлакатда яратилаётган қулай шароитлар учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорчилик билдирди.

Рифат Ҳисарчиклиоглу Туркиянинг йирик тадбиркорларидан бири ҳисобланади ва 2002 йилдан бери Туркиянинг барча ишбилармонлик субъектларини – 1,5 млн.дан ортиқ субъектни бирлаштирувчи Савдо палаталари ва биржалари иттифоқини бошқариб келмоқда. У, шунингдек, Европа Савдо палаталари иттифоқи ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари Савдо палаталари иттифоқи раисларининг ўринбосари, Савдо палаталари халқаро ассоциацияси бошқаруви аъзоси ҳам ҳисобланади. Рифат Ҳисарчиклиоглунинг ёрдамчиси Адем Куда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ЭCО) аъзо давлатлар Савдо палаталари бирлашмасининг бош котиби ҳисобланади.

Ташриф доирасида Рифат Ҳисарчиклиоглуга Туркия Савдо палаталари ва биржалари иттифоқи раҳбарияти аъзолари, ЭCОга аъзо давлатлар Савдо палаталари бирлашмасининг бош котиби ва 150 дан ортиқ туркиялик бизнесменлардан иборат нуфузли делегация ҳамроҳлик қилади.

Ташриф дастурига кўра Иттифоқ раиси Тошкент шаҳрида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Туркий дунё Ишбилармонлари кенгаши йиғилиши ва юқорида қайд этилган бизнес форум Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ҳамда Анқара шаҳридаги мамлакатимиз Элчихонасининг кўмагида ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирларни ташкиллаштириш бўйича ташаббус илк бор Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йилнинг 3 сентябрда Чўлпон ота шаҳрида (Қирғизистон) ўтказилган Туркий Кенгашнинг 6-Саммити чоғида эълон қилинганди. Мазкур форум туркий дунё бизнес-доиралари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар билан тадбиркорлик, савдо, инвестиция ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилиш учун майдон яратишни мақсад қилиб қўйган. Расмий сессияларга қўшимча тарзда “Б2Б” шаклида ишбилармонлик учрашувлари ҳам бўлиб ўтади.

Форумда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши аъзо давлатларининг Савдо-саноат палаталари раислари, юқори мансабли ҳукумат вакиллари, Туркий Кенгаш тадбиркорлари ва бизнесменлари иштирок этишни режалаштирмоқда. Ҳозирги кунга қадар Туркий Кенгашга аъзо давлатларнинг 300 дан ортиқ тадбиркорлари рўйхатдан ўтди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019