Тошкентда барпо этилаётган «Келажак шаҳри» шаҳарсозлик ҳақидаги тасаввурларни бутунлай ўзгартириб юборадиган ноёб лойиҳадир

13:43 29 Май 2018 Жамият
721 0

“Tаshkent Сity” шаҳар ичидаги янги шаҳар бўлиши керак, бу шаҳарча катта суръатлар билан ривожланаётган Ўзбекистонимизнинг бор салоҳиятини ўзида тўла намоён этиши зарур.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Бугунги шиддаткор даврга ҳамоҳанг илм-фан, техника ҳам шитоб билан ривожланмоқда. Натижада ҳаётимизга замонавий технологиялар тобора чуқурроқ кириб, унинг самаралари ҳамма жабҳада ўз аксини топаётир. Бу, айниқса, қурилиш соҳасида янги усул ва ёндашувлар пайдо бўлишига катта туртки бўлаяптики, пировардида шаҳарсозликда инновацион лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Улар ривожланган давлатларда “Келажак шаҳри” ёки “Янги шаҳар” деб номланаяпти.
Қувонарлиси, бундай улкан лойиҳаларга юртимизда ҳам қўл урилмоқда. “Tаshkent Сity” халқаро ишбилармонлик маркази мамлакатимиздаги дастлабки ана шундай замонавий мажмуадир.

Эскича қарашлардан воз кечилмоқда
— Тошкент ҳақидаги илк таассуротингиз қандай?
Хорижлик меҳмонлар билан суҳбатлашганда, шу саволга ҳам жавоб олишга одатланганмиз. Негаки, шаҳримизга биринчи бор келган одамнинг у ҳақидаги фикри қизиқ, муҳими, холис бўлади. Эътиборли жиҳати, уларнинг аксарияти Тошкент яшилликка бурканган озода, айни пайтда сокин шаҳар, одамлари хушмуомала эканлигини ҳайрат билан айтишади. Гап орасида эса мегаполисга хос баланд бинолар йўқлигини ҳам қўшиб қўйишади.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимиз бош кентида қурилиш-ободонлаштириш ишлари кўлами кенгайиб, замонавий иншоотлар бунёд этилаётган бўлса-да, улар орасида осмонўпарлари деярли йўқ. Қурувчию меъморларнинг тан олишича, охирги чорак аср давомида барпо қилинган иморатлар ичида “Ўзмиллийбанк” биноси энг баланди ҳисобланади.

Нега шаҳарсозликнинг бу йўналишида ортда қолаяпмиз? Ваҳолонки, ҳали фан-техника тараққий этмаган, кўплаб элатлар ғариб масканларда умргузаронлик қилиб юрган паллаларда заминимизда муҳташам обидалар, боқсангиз бошингиздан дўппингиз тушиб кетадиган даражада маҳобатли миноралар барпо этилган-ку?!
Бу хусусда сўз юритганда, даставвал одамлар тафаккурида қотиб қолган ўша эскича қараш — сейсмологик нуқтаи назардан ҳудудимизда баланд иншоотлар тиклаш хавфли, деган важга тўқнаш келасиз. Шундай пайтда сейсмик жиҳатдан энг фаол ҳисобланган Японияда ҳам ақлингизни шоширадиган иншоотлар қурилаётгани, ер ресурслари чекланган яна кўплаб давлатларда эса ҳатто сув устида кичик шаҳарчаларга асос солинаётганини ўйлаб, таажжубга тушасан киши.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳеч бир давлатда бинолар баландлигига чекловлар қўйилмаган. Хусусан, “Ўзбекистонда кўп қаватли иншоотлар барпо қилиш мумкин эмас”, деган техник асос йўқ. Ҳамма гап қурилиш ишларини пишиқ лойиҳа асосида ҳар томонлама мустаҳкам ва сифатли адо этишда, холос.
Шу боис бугун шаҳарсозлигимизда эко, смарт ҳамда инновацион технологияларга асосланган лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинаяпти. Пойтахтимизда ана шундай юксак технологиялар асосида қурилаётган “Tаshkent Сity” халқаро ишбилармонлик маркази минтақамизда шаҳарсозлик ҳақидаги тасаввурларни бутунлай ўзгартириб юбориши айтилмоқда. Сабаби, бу ерда вақт билан ҳамоҳанг, тараққиётнинг асл намуналарини ўзида мужассамлаштирган муҳташам иморатлар солинади. Бошқача айтганда, республикамизда биринчи бор қирқ қаватгача бўлган бинолар тикланади!

Ишбилармонлик марказининг етти мўъжизаси
Янги шаҳарча учун пойтахтимизнинг қоқ маркази — Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ер майдони ажратилган. Айни пайтда ушбу ҳудудда олий мартабали меҳмонлар иштирокида халқаро анжуманларни ўтказишга мўлжалланган Конгресс-холл ҳамда йигирма қаватдан иборат беш юлдузли замонавий меҳмонхона қурилиши бошлаб юборилган. Иккала иншоот ўзаро уйғунликда лойиҳалаштирилган бўлиб, бир-бирини махсус кўприк боғлаб туради.
Қурувчи-муҳандисларнинг таъкидлашича, мазкур объектлар 2019 йилнинг сентябрь ойига қадар фойдаланишга топширилиши мўлжалланмоқда. Қолганлари-чи? Умуман, марказда яна қандай объектлар бунёд этилади? Унинг афзалликлари, ўзига хос жиҳатлари нималарда кўринади? Шаҳар аҳолиси ҳамда меҳмонлари учун қандай қулайликларга эга бўлади?

— “Tаshkent Сity” халқаро ишбилармонлик маркази нафақат юртимиздаги, балки Марказий Осиёдаги энг йирик ва янги лойиҳа ҳисобланади, — дейди “Tаshkent Сity” халқаро бизнес маркази ҳудудидаги объектларни қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича дирекция директори Шерзод Ҳидоятов. — Агар ривожланган давлатларда бундай мажмуалар, асосан, битта йўналиш, бизнес ёки савдо-сотиққа ихтисослаштирилса, юртимизда бу икки йўналишдан ташқари, дам олиш, яшаш йўналишлари ҳам қамраб олингани унинг аҳамиятини янада оширмоқда. Лойиҳага биноан, бу ерда бизнес-марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, Конгресс-холл, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда бошқа иншоотлар барпо этилади.
“Tаshkent Сity” халқаро ишбилармонлик марказининг дастлабки лойиҳавий қиймати 2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. У етти лотга, яъни ҳудудга ажратилган бўлиб, уларнинг лойиҳаси, қуриладиган иншоотлар макетлари билан яқиндан танишган киши ҳар бирини бамисоли бунёдкорлик бобидаги мўъжизага қиёслаши турган гап. Чунки энг замонавий технологиялар ва меъморлик андозалари асосида барпо этиладиган иншоотлар одатдагиларидан тамомила фарқ қилади. Масалан, марказнинг биринчи ҳамда иккинчи қисмларида қуриладиган тураржойлар Европа стандартлари, жумладан, А, А+ синфи таснифига тўлиқ жавоб берадиган яшаш шароитларига эга бўлади. Ушбу ҳашаматли уйларнинг 1, 2-қаватларида савдо мажмуалари фаолият юритса, бино остида аҳоли ва ташриф буюрувчиларнинг транспортларига мўлжалланган автотураргоҳ ташкил этилади.
Дарвоқе, бир кунда 24 соат ишлаши кўзда тутилган марказни лойиҳалаштиришда автомобиль тўхташ жойларига алоҳида эътибор қаратилган. Яъни ҳудуддаги очиқ майдонларда бундай масканлар бўлмайди. Улар қуриладиган ҳар бир иншоотнинг ертўласидаги 1 ҳамда 2-қаватларига жойлаштирилади. Бу ҳайдовчи ва йўловчилар учун ҳам бирдек қулай бўлиб, кўчаларда юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

30 қаватли эгизак бино
Улар марказнинг учинчи қисми, яъни Олмазор кўчасидаги дўконлар ўрнида барпо этилади. Асосан, маданий ҳордиқ чиқариш учун турли-туман хизматлар кўрсатиладиган мазкур мажмуа таркибидан пойтахтимиздаги энг катта гипермаркет ҳам ўрин олади. Мутахассисларнинг таърифлашича, уларни кун давомида ҳам тўлиқ айланиб улгуриш амримаҳол.
Марказдаги энг баланд, яъни қирқ қаватли бино Олмазор ва Ислом Каримов кўчалари кесишган жойда қурилиши мўлжалланаяпти. Лойиҳанинг тўртинчи қисми эса молия маркази саналади. 22 қаватдан 33 қаватгача бўлган тўртта бинодан иборат ушбу марказда бизнес тузилмалари, молия ҳамда савдо ташкилотлари, йирик компаниялар офислари жойлаштирилади. У Жанубий Кореянинг “Bоmi” қурилиш ва инвестиция компанияси томонидан барпо этилади.

— Архитектурада буткул янги лойиҳа яратиш қийин. Чунки унинг қайсидир жиҳатлари бошқа мажмуаларни эслатиши мумкин, — дейди дирекция қурилиш ва лойиҳалаштириш бўлими бошлиғи Баҳром Ризаев. — Аммо биз бир қатор хорижий давлатларнинг дунёга машҳур компаниялари мутахассислари кўмагида яхлит комплекс тарзидаги ноёб лойиҳани яратишга муваффақ бўлдик. Натижада “Tаshkent Сity”даги ҳар бир бино наинки алоҳида, балки улар бир-бири билан ўзаро уйғунлашиб, тугал меъморий ечим ҳосил қилади. Шундай бўлса-да, изланишдан, янгиликлар киритишдан тўхтаганимиз йўқ. Лойиҳанинг улканлиги, мураккаблигини ҳисобга олиб, ушбу жараёнга халқаро маслаҳатчилар, хусусан, “Катта тўртлик”га кирадиган “Cushman&Wakefield” компанияси маслаҳатчиларини лойиҳанинг тижорат концепцияси қисмини мукаммаллаштириш учун жалб этганмиз. Улар Тошкент шаҳрини ҳар томонлама ўрганиб чиққан ҳолда, лойиҳани янада такомиллаштириш, бино-иншоотларнинг ўзаро уйғунлигини мукаммаллаштириш, бойитиш учун яқиндан ёрдам беришаяпти. Лойиҳаларни тайёрлашда кўпроқ баланд ва зилзилабардош иншоотлар қуриш борасида етакчи саналган АҚШ, Хитой, Япония нормаларига таянилди. Бу эса маҳаллий ҳамда хорижий мутахассисларга бирдек маъқул келиб, барча ҳудуд ўз инвесторини топди.

Замонавий ҳордиқ маскани
Ҳисоб-китобларга кўра, “Tаshkent Сity”нинг умумий майдони 1 миллион 300 минг квадрат метрни ташкил қилади. Шундан 443 минг квадрат метри яшаш мажмуаларига ажратилса, қолган қисмида бизнес офислар, савдо-кўнгилочар мажмуалар фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари бўш вақтини мазмунли ўтказиши, мароқли ҳордиқ чиқариши учун зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинади: сунъий кўл, сўлим хиёбон, мегаполисларга хос сайилгоҳ ташкил этилади.

Кези келганда, айтиш жоизки, Тошкент шаҳрида илгари Сайилгоҳ кўчасида фаолият кўрсатган кўнгилочар масканлар ўрнини босадиган бирорта кўча йўқ. Бизнес марказнинг Сайилгоҳ қисми айни шу бўшлиқни тўлдиришга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир. Мазкур ҳудудда 11 бино қурилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг биринчи қаватларидан ресторан, кафе, магазинлар ўрин эгаллайди. Кечаю кундуз фаолият юритадиган кўчада одамлар нафақат айланиб юради, балки ўтириб ҳордиқ чиқаради. Бунинг учун мусиқали ва рангли фавворалардан ташқари, мазкур соҳадаги янги йўналиш бўлмиш қуруқ фавворалар ҳам бунёд этилади, ландшафт дизайни асосида яшил ҳудудлар яратилади.
— Сайилгоҳ лойиҳаси устида жуда кўп ишладик, — дейди Баҳром Ризаев. — Россия, Германия, Франция, Хитой каби давлатлар тажрибасини ўрганиб, улардан янги ғоялар олдик. Одамларни ўзига оҳанрабодек тортадиган меъморий ечим топишга ҳаракат қилаяпмиз. Ландшафт дизайнини яратишда эса Москва шаҳрини ободонлаштиришда “Моя улица” дастурини тайёрлаган йирик компания мутахассисларини жалб қилдик. Қисқаси, ишбилармонлик марказидаги улкан ва маҳобатли бинолар билан бирга, ҳудуд инфратузилмаси, муҳандислик тармоқлари, ёритиш тизими — барча-барча объектлар лойиҳаси ўта пухта ишлаб чиқилди.
Ҳадемай, чизмаларда акс этган ана шундай машаққатли меҳнат маҳсуллари амалиётга кўчиб, пойтахтимизда замонавий ҳамда муҳташам шаҳарча пайдо бўлади. Шак-шубҳасиз, ўзбек меъморлигининг шаҳарсозлик жабҳасида янги босқични бошлаб берган мазкур марказ юртимиз иқтисодий қудрати, халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин тимсолларидан бирига айланади.
Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи" олган суратлар.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар