Тошкентда АҚШ госпитали билан болалар саратони бўйича семинар ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад нима?

14:47 29 Октябр 2019 Жамият
242 0

Пойтахтимиздаги Wyndham меҳмонхонасида болалар саратонини самарали даволаш масалаларига бағишланган уч кунлик семинар ўз ишини бошланди. Долзарб мавзуга бағишланган мазкур тадбир АҚШдаги нуфузли St. Jude Childrenʼs Research Hospital илмий-тадқиқот тиббиёт муассасаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси хабар берди.

Семинардан кўзланган асосий мақсад болалар саратонини даволашнинг замонавий тенденцияларини муҳокама қилиш, Ўзбекистон шароитида ушбу соҳада тиббиётнинг янги услубларини кўриб чиқиш ва татбиқ этиш, хорижнинг етакчи муассасалари билан тўғридан-тўғри алоқалар ва ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш, шунингдек, маҳаллий онколог ва гематологлар малакасини оширишдир.

Анжуман мамлакатимиз элчихонаси вакилларининг 2018 йил бошида Теннеси штати Мемфис шаҳрига ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ташкил этиляпти. Айнан ушбу шаҳарда юқорида номи қайд этилган клиника жойлашган.

Ўшанда томонлар St. Jude Global ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилишган эди. Хусусан, болаларда саратонга қарши курашиш бўйича миллий режани ишлаб чиқиш, даволашнинг асосий тамойиллари ҳамда Ўзбекистондаги ҳар бир болага сифатли ёрдам бериш имкониятларини кенгайтириш мақсадида бу борадаги салоҳиятни кучайтириш, таълим лойиҳаларини ишлаб чиқиш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилган эди.

Маълумот учун, 1962 йилда асос солинган St. Jude бугунги кунда болалар ўртасида онкологик касалликларнинг турли кўринишларини даволашга ихтисослаштирилган дунёдаги энг йирик педиатрия даволаш-тадқиқот даргоҳларидан биридир.

У ташкил топгандан буён саратондан азият чекаётган болаларнинг яшаб қолиш кўрсаткичини 20 фоиздан 90 фоизга кўтариш имконияти пайдо бўлди.

2018 йил март ойида St. Jude болалар саратони бўйича ЖСТ билан ҳамкорлик қиладиган биринчи марказга айланди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида эса ЖСТ болалар саратонига қарши курашиш бўйича Глобал ташаббус билан чиққан бўлса, St. Jude уни амалга ошириш йўналишида шерик сифатида белгиланди. Мазкур ташаббус БМТ Бош ассамблеясининг юқумли бўлмаган касалликлар бўйича юқори даражадаги йиғилишида эълон қилинган. Бу мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси кўмаги шарофати билан юзага келгани эътиборга лойиқ.

Юртимизнинг Вашингтондаги дипломатик миссияси маълумотига кўра, мазкур семинар St. Jude, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европадаги минтақавий офиси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги шафелигида ташкил этиляпти. Шу каби тадбирлар Россия, Қозоғистон ва Беларусда ҳам ўтказилганини эслатиб ўтиш жоиз.

Унда Ўзбекистон, Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғилистон, Молдова, Россия, АҚШ, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Швейцариядан ушбу соҳада фаолият юритувчи қарийб 100 нафар етакчи эксперт ҳамда соғлиқни сақлаш идоралари вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбир соғлиқни сақлашнинг онкологик хизматларини қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон ҳамда Евросиёдаги саратон ва гематологик касалликларга чалинган беморларнинг яшаб қолишини кўпайтириш йўлида соҳа мутахассисларини бирлаштиради.

Мулоқот ўз ичига таълим сессиялари, гематологик ва онкологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича шўъба муҳокамалари, шу мавзунинг долзарб жиҳатларига оид маърузаларни ўз ичига олган.

Семинар дастурида хорижлик экспертларнинг маҳаллий мутахассислар билан учрашуви, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва МДҲ давлатлари соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари иштирокида юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича йиғилишни ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Бундан кўзланган мақсад ЖСТнинг Глобал ташаббусини Ўзбекистонда татбиқ этиш бўйича келгуси қадамларни аниқлаб олишдир.

ЖСТ ва St. Jude клиникаси таълим сессиялари орқали Ўзбекистон ҳамда минтақа кесимидаги онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш, ЖСТ, St. Jude ва Евросиё мамлакатлари иштирокида халқаро қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш тадбирнинг асосий вазифаси ҳисобланади.​


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019