Тошкентда Америка-Испания футбол академияси очилди

13:33 03 Июль 2018 Спорт
695 0
Фото: Динара Чиркова / “Халқ сўзи”.

Бутун дунё аҳли Россияда бўлиб ўтаётган футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионати ривожини кузатаётган бир вақтда Ўзбекистонда бўлғуси футбол юлдузлари авлодини тайёрлаш учун яна бир тамал тоши қўйилди.

Жорий йилнинг 2 июль куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси спорт комплекси стадионида Америка-Испания Футбол академияси (АИФА) расман ўз фаолиятини бошлади. Республика миқёсидаги ушбу лойиҳа Ўзбекистонда юқори даражали футболчилар тайёрлаш тизимига муҳим ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Фото: Динара Чиркова / “Халқ сўзи”.

Лойиҳа ўз олдига қуйидаги мақсадларни қўйган:

  • Ўзбекистонда спорт туризмини ривожлантириш;
  • ёш футболчиларни лойиҳа ҳамкорлари ҳисобланган мамлакатлар, хусусан, АҚШ, Испания, Бразилия, Венесуэла, Колумбия ва Аргентина футбол клубларининг профессионал усуллари асосида ҳар томонлама тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш;
  • АИФА юниорларининг халқаро мусобақаларида иштирок этишига ёрдамлашиш, футбол бўйича миллий терма жамоа учун спорт заҳирасини тайёрлаш;
  • спорт тарғиботи ва ёшларнинг интеллектуал жиҳатдан ривожланишига кўмаклашиш.

АИФА лойиҳаси ташаббускори — ўзбекистонлик ишбилармон, “GoUzbekTour.com” ва “UzbekistanTurismo.com” туркомпаниялари асосчиси, АҚШ (Орландо, Флорида штати)даги Футбол академияси ҳамкори Шуҳрат Қосимов. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “INTOUR-TRAVEL” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Фото: Динара Чиркова / “Халқ сўзи”.

Ташкилотчилар футболга қизиқувчи барча болаларга жаҳон миқёсида профессионал футбол билан шуғулланиш, халқаро турнирлар, футбол юлдузларининг маҳорат дарсларида қатнашиш ва мазкур лойиҳа ҳамкор мамлакатларининг диққатга сазовор масканларини томоша қилиш имконини тақдим этиш ниятидалар.

“Бу тадбирларда иштирок этиш учун биз энг яхшиларини танламаймиз — бундай имконга ҳамма эга!” - дейди футбол мактабига таклиф қилинган, ўзбекистонлик болалар учун махсус ишлаб чиқилган ўқув дастури муаллифи, хорижлик мураббий Густаво Жеремилло”.

Дастлабки босқичда АИФАга болаларни жалб қилиш ва ўргатиш Тошкент шаҳрининг барча туманларидаги спорт секцияларида олиб борилади. Уларда 4 ёшдан 17 ёшгача бўлган барча болалар иштирок этишлари мумкин. Илк уч ойда ўзбекистонлик мураббийлар машғулотларни АҚШдаги Футбол академияси асосчилари Нельсон Велес ва Густаво Жеремилло томонидан ишлаб чиқилган махсус дастур асосида олиб боришади. Кейин эса лойиҳанинг ҳамкор мамлакатлари — АҚШ, Испания, Бразилия, Колумбия, Венесуэла, Аргентина профессионал клубларидан келган мураббийлар ўтказишади.

Фото: Динара Чиркова / “Халқ сўзи”.

Ўқиш давомида асосий эътибор болаларда футбол бўйича профессионал спорт кўникмаларини ривожлантириш билан бирга, уларнинг интеллектуал ўсишига, ўқув фанларидан ҳам юқори кўрсаткичларни қўлга киритишларига қаратилади.

Ҳозирнинг ўзида 10 нафарга яқин мураббий ўз шогирдлари билан мазкур дастур бўйича шуғулланишга тайёрлигини билдирди. Бу эса пойтахтнинг туман спорт секцияларига қатновчи 150 нафардан зиёд ёш футболчилардир.

Умид қиламизки, ушбу ташаббус пойтахтимиздаги футболга қизиқувчи болалар учун янги имконият эшикларини очади ва пировардида мамлакатимиз футболининг ривожи учун хизмат қилади.
Ботир Ғофуров.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар