Тошкентда Алишер Усмонов, Фаттоҳ Шодиевлар қатнашадиган халқаро форум бўлиб ўтади

16:45 16 Май 2019 Жамият
1009 0

19 май куни Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида Москва давлат халқаро муносабатлар институти битирувчиларининг V халқаро форуми – давлат арбоблари, йирик тадбиркорлар, кўп томонлама институт раҳбарлари, нуфузли журналистларнинг норасмий учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда АОКА матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири А.Комилов, USM Holdings асосчиси, МДХМИнинг Васийлик кенгаши раиси ўринбосари А.Усмонов, Россия маданият вазири В.Мединский, Россия Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари И.Умаханов иштирок этади. Тадбирни МДХМИнинг Кузатув кенгаши аъзоси, ТАСС бош директорининг ўринбосари М.Гусман олиб боради.

Форумда сиёсат, хавфсизлик, иқтисод ва маданият соҳасидаги долзарб масалалар бўйича Мўғулистон Ташқи ишлар вазири Д.Цогтбаатар, Камбоджа Таълим вазири Н.Хан Чуон, Россия фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати раҳбари С.Кравцов, МДХМнинг Васийлик кенгаши аъзоси Ф.Шодиевлар сўзга чиқади. Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар қаторига Словакия Ташқи ишлар вазири М.Лайчак қўшилади. Барча сўзга чиқувчи нуфузли меҳмонлар Москва халқаро муносабатлар институти битирувчилари ҳисобланишади.

Форумнинг асосий дастури давлат идоралари ва компаниялар раҳбарларининг бизнес учрашувларидан иборат. Учрашув давомида таълим, маданият ва инвестиция соҳасида икки томонлама муносабатлар муҳокама қилинади.

МДХМИ, Жаҳон иқтисод ва дипломатия университети ҳамда Ўзбекистон ва Россиянинг бошқа олий ўқув юртлари мутахассислари иштирок этадиган тадбирда Марказий Осиёдаги кўп томонлама ҳамкорлик ва хавфсизлик масалалари бўйича экспертлараро мунозара бўлиб ўтади.

Форумда, шунингдек, университетни ривожлантиришнинг янги стратегияси муҳокама қилинади. Форумда Тошкент МХМИ филиали очилиши ҳақидаги дастур тақдимоти ҳам ўрин олган.

“Тадбирга журналистлар, мутахассислар ва блогерлар таклиф этилади. Қатнашувчилар 17 майга қадар рўйхатдан ўтиши сўралади. Рўйхатдан ўтиш учун (90) 732 53 59 рақамларига боғланиш мумкин“, дейилади АОКА хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?