Тошкентда 1 июлдан «Хавфсиз пойтахт» концепцияси жорий этилади

11:00 20 Июнь 2018 Жамият
352 0
Фото: uzbekistan24.uz

Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

"Ҳуқуқий ахборот" канали берган маълумотга кўра, Қарорга мувофиқ 2018 йил 1 июлдан Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимига қуйидагиларни назарда тутадиган “Хавфсиз пойтахт” концепцияси эксперимент тариқасида жорий этилади:

соат 16:00 дан 8:00 га қадар вақт оралиғида ички ишлар органлари, Миллий гвардия саф бўлинмалари жамоат тартибини таъминлаш кучларининг камида 70 фоизини, шунингдек, жамоатчилик вакилларини жалб қилиш орқали куну тун уч сменали патруль режимини ташкил этиш;

ички ишлар ва прокуратура органларининг профилактика, тезкор ва тергов бўлинмалари, маъмурий судлар, адвокатура, шунингдек, суд-тиббий экспертиза хизматлари ходимлари томонидан сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат фаолиятини тўлиқ амалга ошириш, кейинчалик сутканинг кундузги вақтида ўн олти соат давомида уларни бевосита хизмат вазифаларини бажаришдан озод этиш;

ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш ва уларга чек қўйиш мақсадида ички ишлар органлари бўлинмалари, биринчи навбатда, жамоат тартибини таъминлаш кучларининг патруль гуруҳлари ҳодиса содир бўлган ёки сигнал берилган жойга максимал тезкорлик билан етиб боришини таъминлаш.

 Тошкент шаҳрининг ҳар бир маҳалласида “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари тузилади.

Ушбу гуруҳлар таркиби:

муддатли ҳарбий хизматни ўташ ниятида мудофаа ишлари бўйича туман бўлимига мурожаат қилган ҳарбий хизматга чақирилувчилар;
республика олий ҳарбий таълим муассасаларига, шунингдек, ички ишлар органларининг таълим муассасаларига кириш истагини билдирган номзодлар;
ички ишлар органларида хизмат қилиш истагини билдирган номзодлар орасидан шакллантирилади.
Жамоатчилик гуруҳларининг ҳар бир аъзоси сутканинг кечки ва тунги вақтида белгиланган йўналиш бўйича умумий 100 соатдан кам бўлмаган вақт миқдорида патруллик қилишга жалб этилади ва бу хизматга (ўқишга) ҳужжатларни якуний қабул қилишга асос ҳисобланади.

 Ўзининг маҳалласида ҳуқуқ тартиботни таъминлашда фаол қатнашган жамоатчилик гуруҳи аъзоларига профилактика инспекторлари томонидан фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда хизматга (ўқишга) танлов ўтказишда инобатга олинадиган тавсияномалар берилиши мумкин.

 2018 йил 1 августдан Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш кучлари таркибида хизмат олиб бораётган ходимлар ва ҳарбий хизматчиларга ҳар ойлик иш якуни бўйича патруллик ҳудудида оғир ва ўта ўғир жиноятларга бевосита чек қўйганлиги, уларни аниқлаганлиги ёки фош этганлиги, шунингдек, тергов ва суддан яширинган шахсларни ушлаганлиги учун лавозим маошининг 50 фоизигача бўлган миқдорда бир марталик пул мукофоти берилади.

Қарор билан Бош прокуратура Олий суд ва Ички ишлар вазирлигига икки ой муддатда ўқишга, ишга киришда ёки бошқа ҳолларда судланганлик ҳолати тугалланган ёки судланганлиги олиб ташланган шахсларнинг судланганлиги ҳақидаги маълумотларни ёзиб қўйиш амалиётига барҳам бериш вазифаси юкланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар