Тошкент вилоятидаги тадбиркорлар ҳам ташаббус билан чиқмоқда

11:28 25 Апрель 2020 Жамият
289 0

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг ташкил этилиши ҳозирги мураккаб вазиятда энг оқил чора бўлди, десак муболаға эмас. Ушбу ташаббусни тадбиркорлар, деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллари, корхона ва ташкилотлар ходимлари бирдек қўллаб-қувватламоқда ҳамда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

Буни Тошкент вилояти тадбиркорлари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, “Интер стал ” МЧЖ қўшма корхонаси Қибрай туманидан   50 дан ортиқ эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, томорқаси бор 40 дан зиёд оилаларга эса уруғлик ва кўчат етказиб бериш, шунингдек, кам таьминланган оила фарзандларининг 10 нафаридан ортиғини иш билан таьминлаш ташаббусини билдирди.

Бундан ташқари, Чирчиқ шаҳридаги “Дилчеҳра” ҳамда Ўртачирчиқ туманидаги “Кароматмед” хусусий клиникалари раҳбарлари ўз ҳудудларидан 10 нафардан шароти оғир хонадон қизларини   ёлгиз қарияларга бириктириб, ҳам қарияларга ғамхўрлик қиляпти, ҳам қийналиб турган оилаларга даромад олиш имкониятини яратмоқда.

Шу билан бирга, Бекобод ва Бўка туманидаги тикувчиликка йўналтирилган корхоналар раҳбарлари эҳтиёжманд оилаларнинг 10-12 нафардан қизларини ишга олиб, уларга  гигиеник ниқоблар, махсус кийим, далада ишловчилар учун қўлқоп тикишни  ўргатиш билан бирга, уларнинг оилаларига озиқ-овқат етказиб беришни йўлга қўйишди.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг ушбу ташаббуси ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмаяпти. Ишбилармонлар Сенатга ҳам қўнғирок қилиб, маҳаллий Кенгашлар ҳузурида шакллантирилган кўмакка муҳтож оилалар рўйхатига асосан одамларга ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, тадбиркорларимиз халқимизга хос меҳру мурувват каби азалий қадриятларни намоён этмоқда. Биз, сенаторлар эса  уларга елкадош бўлишга ўзимизни бурчли, деб билмоғимиз даркор.

Малика ҚОДИРХОНОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?