Тошкент вилоятида ёшларга 152,5 гектар ер ажратиб берилди

18:40 22 Апрель 2020 Жамият
629 0

“Халқ сўзи ONLINE”

Тошкент вилоятида ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида турли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

Хусусан, Бўка туманида “Ҳар бир ёшга — бир гектар“ лойиҳаси доирасида “Бўка“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бўш турган жами 77,6 гектар ер ишсиз 160 нафар йигит-қизлар ва 40 та эҳтиёжманд ёш оилага ажратиб берилди. Уларнинг ҳар бири 2 нафардан ёшни ишга жалб қилиши натижасида 250 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди.

Лойиҳа ёшлар бандлигини таъминлашда ва ердан унумли фойдаланиб даромад олишига хизмат қилади. Айни пайтда далада иш қизғин бўлиб, кўзларида эртанги кунга ишонч акс этган йигит-қизларнинг фаоллигини кўриш мумкин. Берилган имкониятдан самарали фойдаланиб, даромад олиш мақсадида турли сабзавот кўчатлари ва уруғларини ерга қадашмоқда.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан маълум қилинишича, бунгача Тошкент, Оҳангарон ва Паркент туманларида ҳам “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси доирасида ишсиз юрган йигит-қизларнинг ҳар бирига сувли майдонлардан 20 сотихдан бир гектаргача ер ажратиб берилган эди. Уларга мевали дарахт кўчатларини экишга зарур техникалар билан ёрдам бериляпти. Умуман ҳозиргача жойларда 315 нафар ёшга 152,5 гектар ер берилди.

Тошкент туманидаги “Чувалачи” ҳудудидаги фермер хўжаликлари томонидан 5 нафар йигит-қизга суғориладиган ерлардан жами 2,5 гектар ер ажратиб берилди.

Умуман кейинги пайтда Тошкент вилоятида ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, 18-30 ёшгача бўлган йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида қатор лойиҳалар ҳаётга жорий этилди. Масалан, ёшлар асосан агрокластерлар, балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик, томорқачилик, хусусан, иссиқхона хўжаликларига ишга жойлаштириляпти.

“Ҳар бир ёшга — бир гектар” лойиҳаси, “Ёшлар келажагимиз” ва “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастурлари, меҳнат ярмаркалари самарасида 21 минг 298 нафар йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?