Тошкент вилоятида мутлақо янги ва замонавий “Чорвоқ” эркин туристик зонаси ташкил этилади

10:26 03 Май 2019 Жамият
636 0

Пойтахт вилоятининг энг сўлим масканлари бўлган Чимён, Билдирсой, Чорвоқ ва Нанай ҳудудларида “Чорвоқ” эркин туристик зонаси ташкил этилади. Мазкур янги туристик объектнинг бош режаси Француз компаниялари томонидан ишлаб чиқилди.

Кеча Француз компаниялари консорциуми аъзолари Тошкент вилоят ҳокимлиги раҳбарияти билан учрашиб, ”Чорвоқ” ЭТЗнинг бош режаси бўйича ишлаб чиқилган ҳужжатларни тақдим этишди. Ушбу ҳужжатлар уч қисм - “Билдирсой лойиҳаси”, “Чимён лойиҳаси” ҳамда “Нанай лойиҳаси” қисмларидан иборат.

Айтиш жоизки, Француз давлатининг мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи “Чорвоқ” эркин туристик зонаси ҳудудида ўрганиш ишларини олиб бориш ва музокаралар ўтказиш юзасидан жорий йилнинг 21-28 январь ҳамда 25-29 март кунлари ташриф буюрганди.

Ташриф доирасида Франциялик мутахассислар Чимён, Билдирсой, Чорвоқ ва Нанай ҳудудларининг географик жойлашуви, табиати, тупроқ қатламлари, иқлимининг ўзига хослиги, ташриф буюрувчи туристлар сони билан боғлиқ маълумотларни батафсил ўрганишди. Шу асосда эркин туристик зона ҳудудини ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор шаҳарсозлик ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларининг концепцияси тақдимоти ўтказилди. Хусусан, Чимён дам олиш оромгоҳи ҳудудида автомобиль йўлини тоннель кўринишига келтириб, устки қисмида бир қатор туристик объектлар ва туристларга хизмат кўрсатувчи инфратузилма объектларини жойлаштириш, мавжуд канат йўллари ўрнига янги, замонавий кабинали канат йўлларини қуриш таклифлари берилди. Бунда асосий мақсад Чимён ҳудудининг табиий жозибасини бузмаган ҳолда ер майдонларидан оптимал фойдаланишдан иборат.

Шунингдек, француз мутахассислар томонидан эркин туристик зонанинг Билдирсой ҳудудида мавжуд “Билдирсой” дам олиш маскани ва қурилаётган “Амирсой” тоғ-чанғи курорт зонаси оралиғига замонавий кўринишда дам олиш масканлари мажмуаларини жойлаштириш орқали ҳудудда яна қўшимча чанғи учиш, канат йўлларини қуриш таклифлари билдирилди.

Нанай ҳудудида эса Чорвоқ сув омбори қирғоқларидан оптимал фойдаланган ҳолда пляжлар барпо этиб, сув спорти турларини ва экстремал спорт турларини яратиш таклиф этилди.

Аҳамиятлиси, мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида “Чорвоқ” эркин туристик зонасида туризмнинг мутлақо янги ва замонавий турлари ривожлантирилади. Энг муҳими, мазкур хизматларнинг сифат даражаси жаҳон стандартлари талабларига тўлиқ жавоб беради.

Эслатиб ўтамиз, Франция Тараққиёт агентлиги ”Чорвоқ” эркин туристик зонасининг бош режаси ва бизнес режасини ишлаб чиқишга қаратилган 750 минг евро грант маблағи тақдим этганидан сўнг, 2018 йилнинг 21 ноябрида Франция давлатининг “Geode” компанияси бошчилигида “Orex Loisirs”, “Patriarch”, “Epode” ва “CDA Management” компаниялари ”Чорвоқ” ЭТЗнинг Билдирсой, Чимён ва Нанай ҳудудларини ўрганиш, батафсил бош режаси ва бизнес режасини ишлаб чиқиш юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги билан келишув имзолаган эди.

Учрашувда Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов иштирок этди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019