Тошкент вилоятида кийикчиликни ривожлантиришдан мақсад нима?

18:54 11 Июль 2020 Жамият
445 0

Бўстонлиқ тумани «Қоронқўл» қишлоғининг денгиз сатҳидан 1200 метр баландликдаги 98 гектар майдонида ноёб жониворлар  боқилмоқда. Қўриқхонада парваришланаётган 45 бош Европа кийиги ва 50 бош асл буғулар подаси яна 10 бошга кўпайди. Янги туғилган кийиклар 19-20 ой оралиғида тирик вазнини тўлиқ тиклайди. Шунда уларнинг ҳар бири 65 килограммдан 180 килограммгача шифобахш гўшт қилиши мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кийик гўшти А, В1, B2, PP, E витаминларга бойлиги билан ажралиб туради. Шу боис, Европа бозорларида аҳолининг ушбу гўштга бўлган талаби йил сайин ортиб бормоқда. Россияда унинг бир килограмми 700 – 1500 рубль, Германияда 14 дан 25 еврогача. АҚШда эса унинг улгуржи нархи 8–12 долларни ташкил этади.

— Мадриддаги Халқаро кийикчилик уюшмаси анжуманларида кўп бор қатнашганман. Улар Ўзбекистоннинг барча соҳадаги имкониятлари йил сайин кенгайиб бораётганлигини доимо мамнуният билан эътироф этишади, — дейди, биз билан суҳбатда “Corrida Food” оилавий корхонаси раҳбари Бахтиёр Ходжиматов. — Шу боис кийикчиликни йўлга қўйиш борасидаги таклифимизни ижобий баҳолашди. Германия ва Испаниядаги ҳамкорларимиз йилнинг ёз ва қиш фаслида келишиб Тошкент, Наманган, Жиззах вилоятларидаги иқлим ва атроф-муҳит мусаффолигини батафсил ўрганишди. «Қоронқўл» қишлоғининг ушбу ҳудудида ноёб жониворларни боқиб кўпайтиришга етарли асос борлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилишгач, бу борадаги ҳамкорлик учун шартнома имзолашди. Бўстонлиқ туман ҳокими ва тегишли соҳа мутахассисларининг саъй-ҳаракати, тадбиркорлик фаолиятимизни қўллаб-қувватлаши натижасида бугунгача 8 километр масофага сув қувурлари ва электр симлари тортиб чиқдик. Озуқа етиштириш юзасидан дастлабки натижаларга эришдик. Хуллас, қўриқхонани ривожлантириш учун бирламчи шароитлар яратилди.

2019 йили Жаҳон банки линияси орқали, АТ «Алоқабанк»дан 780.000 АҚШ доллари миқдорида кредит олдик. Австрия ва Словениядан харид қилинган кийиклар биздаги иқлимга тезда мослашишди. Совуқсевар жонивор бўлгани туфайли қиш-қировли кунларда жуда яйрашди-да!

Аслида, кийик боқишдан мақсадимиз юртимизда деярли йўқ бўлиб кетаётган бу турдаги жониворлар подасини кўпайтириш. Худо хоҳласа, икки уч йил оралиғида вилоятимиздаги мавжуд ўрмонларга ушбу ноёб жониворларни ёввойи ҳолда кўпайишига шароит яратамиз. Уларнинг маълум бир қисмини табиат қўйнида эркин яшаши учун қўйиб юборамиз.

Шу кеча-кундузда асл буғулардан 6 боши, кичик кийиклардан эса 4 боши болалади. Она кийиклар болаларига жуда меҳрибон ва эҳтиёткор бўлишади. Болаларини имкон қадар қўриқхона ичкарисида, кўздан йироқда сақлашади. Шу туфайли янги меҳмонлар билан ҳали ўзимиз ҳам тўлиқ танишиб улгурмадик. Уларнинг яна бир ноёб хислати инсонларга ишонувчан. Бу бизда шаклланаётган ички туризмни ривожлантиришда ўзига хос аҳамиятга эга. Қизиқувчан кишилар келиб қўриқхонадаги ушбу ноёб жониворлар ҳаётини яқиндан кузатиши мумкин. Келгусида Тошкент давлат аграр университети талабаларнинг назарий билимларини амалда синаши учун ўқув машғулотлари ташкил этиш юзасидан шартнома имзолаш режамиз ҳам бор.

Янги лойиҳаларимиз бўйича қўриқхонамизда лама, алпака, фазан сингари ноёб жониворлар турини кўпайтиришни ҳам йўлга қўймоқчимиз. Бу ҳозирча бизнес сиримиз эди, сизга очиқлаб қўйдим! Уларга озуқа етиштириш учун Паркент туманидан олинган ер майдонларини кенгайтириш устида изланяпмиз. Табиийки, имкониятларимиз кенгайиши билан бир қаторда маҳаллий ёшлар учун янги иш ўринлари очилади. Хуллас, бажариладиган юмушлар жуда кўп, фурсат эса оз...

Тадбиркор Бахтиёр Ходжиматов таъкидлаганидек, қўриқхонада парваришланаётган кийиклар ҳар тарафлама кони фойда. Йирик шохли чорва моллари, қўй-қўзилар яйловларда 25-30 хил гиёҳлар билан озуқланса, кийиклар икки юз хил ўт-ўланларни ейишади. Бу улар гўшти ва ёғининг доривор малҳамга айланишига асос бўлади. Масалан, фармацевтика саноатида кийик шохидан камёб дорилар тайёрланади. Абу Али ибн Синонинг тиб илмида ҳам уларнинг шохи инсон танасини ёшартириш хусусиятига эгалиги билан бир қаторда, таркибида турли хил касалликлар учун малҳам яширинганлиги айтилади.

Олтой ўлкасидаги буғучилик хўжаликларида йилнинг апрель-июнь ойларида подалар шохи қирқилиб янгиланади. Йиғилган хом ашё эсафармацевтика саноатига топширилади. Қолаверса, Европа давлатларида бўғилар подасини кўпайтириш чорвачилик соҳасининг муҳим йўналиши сифатида қадрланади. Ажабмас тез орада Ўрта Осиё давлатларида ягона бўлган Бўстонлиқдаги ушбу қўриқхонада Бахтиёр Ходжиматовнинг катта бизнеси юксак самара берса!

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?