Тошкент вилояти ҳокими тасдиқланди

19:58 13 Январь 2020 Сиёсат
562 0

Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Кун тартибига кўра, 6 та масала Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашига сайланган депутатлар томонидан кўриб чиқилди.

Сессия ишида Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутатлар, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, туман ва шаҳарларнинг тўртта сектори раҳбарлари, сиёсий партияларнинг вилоят Кенгаши раислари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимлиги котибият мудирлари, гуруҳ раҳбарлари, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари раислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Депутатлар сессия котиби, кун тартиби ва регламентини овоз бериш йўли билан тасдиқлашди. Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан вилоят сайлов комиссиясининг раиси Жалолиддин Насриддинов ахборот берди.

Шундан сўнг, Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг кун тартибига киритилган иккинчи масала кўриб чиқилди. Унга кўра, депутатлар Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низомни тасдиқладилар. Кун тартибидаги учинчи масала юзасидан “Халқ депутатлари вилоят кенгашига сиёсий партиялардан сайланган депутатларнинг партия гуруҳларини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тасдиқланди.

Навбатдагитўртинча масала бўйича ҳам қарор лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилди. Унга кўра, Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг доимий комиссиялари таркиби тасдиқланди.

Сессия иштирокчилари ташкилий масала бўйича ўзаро маслаҳатлашув ўтказдилар.

Кун тартибидаги бешинчи масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакили — Бош вазир Абдулла Арипов нутқ сўзлади.

Танаффус вақтида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тавсия этилган номзод партиялар депутатлик гуруҳи томонидан муҳокама этилди ва бу муҳокамалар якуни ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилди.

Сессия иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Тошкент вилояти ҳокими лавозимига кўрсатилган номзод юзасидан партия депутатлик гуруҳи маслаҳатлашуви якунлари бўйича ахборот берилди.

Ушбу масала юзасидан ЎзЛиДеП, “Адолат” СДП,“Миллий тикланиш”, ХДП ҳамда Экопартия вакиллари сўзга чиқишди. Партия депутатлик гуруҳлари вакиллари Тошкент вилояти ҳокими лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тавсия этилган Рустам Холматов номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлашди. Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномасига асосан, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг олтинчи чақириқ, биринчи сессиясида Холматов Рустам Қурбонназарович Тошкент вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.

Шу билан сессия иши якунланди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ

(Халқ сўзи)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019