Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган янги туман таркибига қайси ҳудудлар ўтказилади?

16:56 07 Сентябр 2020 Сиёсат
795 0

Бу ҳақда 2020 йил 7 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг видеоконференсалоқа тарзидаги навбатдаги йиғилишида тўхталиб ўтилди. 

Унда дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, миллий қонунчилигимизда рус тилидаги «законодательство» ва «акты законодательства» тушунчалари ўзбек тилида бир хил «қонун ҳужжатлари» деб таржима қилиниб келинган. Худди шундай рус тилидаги «закон» ва «законодательный акт» тушунчалари давлат тилида бир хил «қонун» деб таржима қилинган. Қолаверса, миллий норматив-ҳуқуқий базада давлат тилидаги «қонунчилик» тушунчаси асоссиз равишда қонунларда ишлатилмаган.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, сўзга бой ўзбек тилида рус тилидаги ушбу тушунчаларнинг муқобил сўзлар билан таржима қилишга етарли имконият борлигини таъкидлашди.

Халқ вакилларининг айтишича, «қонунчилик» тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 122 та фармонида ва 269 та қарорида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонунида қўлланилган. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида рус тилидаги «законодательство», «акт законодательства» ва «законодательный акт» тушунчаларни «законодательство» – «қонунчилик», «акт законодательства» – «қонунчилик ҳужжати» ва «законодательный акт» – «қонун ҳужжати» дея давлат тилига таржима қилиб миллий қонунчиликда ишлатиш таклиф этилмоқда.

Ушбу таклифни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг 5 та Конституциявий қонунига, Ўзбекистон Республикасининг 19 та кодексига, Ўзбекистон Республикасининг 278 та қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни талаб этади.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса келгусида қонунчилик амалиётида ушбу тушунчаларни қўллаш юзасидан тушунмовчиликлар ва турли хил талқин қилинишларни олдини олади.

Йиғилиш кун тартибидаги яна бир муҳим масала – «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси муҳокамаси ҳам қизғин кечди.

Мазкур қонун лойиҳасида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан транспорт воситасини ушлаб туришни бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасини қабул қилиниши билан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда автотранспорт воситаларини ушлаб туриш тартиби бекор қилинади. Бу билан фуқаролар мулк ҳуқуқларининг кафолатлари кучайтирилади.

Депутатлар юқоридаги муҳим жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқуллади.

Давлатобод туманига 1977 йил 29 августда асос солинган бўлиб, унинг ҳудуди 1 125 гектарни ташкил қилган (1977-1995 йилларда Совет тумани, 1995 йилдан Давлатобод туманига ўзгартирилган). Олий Мажлиснинг 2003 йил 12 декабрдаги қарорига асосан туман тугатилиб, 2004 йил 1 январдан Наманган шаҳри таркибига қўшиб юборилган.

Эндиликда қайтадан ташкил этиладиган туманнинг 4 686 гектар ҳудудига 2004 йил 1 январгача фаолият кўрсатган Давлатобод туманининг 1 125 гектар майдони, 2016-2019 йилларда Косонсой (227 гектар), Тўрақўрғон (183 гектар) ва Наманган (2 726 гектар) туманлари ҳисобидан Наманган шаҳрига берилган ерлар, Наманган шаҳри «Юксалиш» маҳалласининг 425 гектар ҳудудидаги ерларни киритиш назарда тутилмоқда.

Давлатобод тумани шаҳар таркибидаги туман тоифасига киритилиб, туман ҳокимлиги (21 та штат бирлиги) ва барча туман бўлимлари (молия, солиқ, халқ таълими, мактабгача таълим, тиббиёт, маҳалла, маданият, бандликка кўмаклашиш ва ҳк.) ташкил этилади. Бунинг натижасида бошқарув самарадорлиги яхшиланади. Энг муҳими, янги инфратузилма объектлари барпо этилади ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожлантирилади.

Фракция йиғилишида Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилар экан, юқоридагилар инобатга олиниб, ушбу масала депутатлар томонидан маъқулланди.

Йиғилишда «Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қарори лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Тошкент шаҳри ҳудудидан 2 131,2 гектар, шу жумладан, Сергели туманидан 1 864,2 гектар ва Бектемир туманидан 267,0 гектар ҳамда Тошкент вилояти ҳудудидан 2 288,4 гектар, шу жумладан, Зангиота туманидан 492,0 гектар, Қуйичирчиқ туманидан 128,7 гектар, Янгийўл туманидан 264,4 гектар ва Ўртачирчиқ туманидан 1 403,3 гектар ер майдонлари Янгиҳаёт тумани таркибига ўтказилади.

Халқ ноиблари мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт тумани ташкил этилиши ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир ва Тошкент вилоятининг Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманлари чегаралари ўзгартирилишини таъкидлаб, қарор лойиҳасини қўллаб-қувватлашди.

Йиғилишда фракция ваколатларига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?