Тошкент шаҳрида нега Янгиҳаёт тумани ташкил этилмоқда?

15:22 08 Сентябр 2020 Сиёсат
222 0

Бугун Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси олдидан бизнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитамиз ўз мажлисида Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг чегараларини ўзгартириш, шунингдек, Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқди.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳрининг Зангиота ва Сергели туманларига ҳамда июнь ойида Наманган вилоятига ташриф буюрган эди.

Ушбу ташрифлар давомида Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятининг салоҳиятини ҳар томонлама юксалтиришга қаратилган қатор янги ғоялар илгари сурилди, масъулларга тегишли амалий кўрсатмалар ва вазифалар берилди.

Хусусан, Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалага алоҳида тўхталиш жоиз.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддаси, «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги Қонунининг 18 ва 25 моддаларига мувофиқ “Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги Олий Мажлис Сенатининг Қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Эслатиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил май ойида Зангиота ва Сергели туманларига ташрифи давомида жамоатчилик вакиллари билан ўтказилган учрашувда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф Президентимиз томонидан илгари сурилган эди. Ушбу таклиф жорий йил июль ойида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланиб, тегишли масала Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ҳамда Тошкент вилояти Кенгашлари томонидан маъқулланган.

Янгидан барпо этилаётган Янгиҳаёт туманига Тошкент шаҳридан 2 минг 131,2 гектар ҳамда Тошкент вилоятидан 2 минг 288,4 гектар, жами 4 минг 419,6 гектар ер майдони ажратилиб, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегаралари мувофиқлаштирилмоқда.

Бу билан Янгиҳаёт туманида 115 та саноат корхоналари (шундан 13 та йирик ва 102 та кичик корхоналар), 277 та хизмат кўрсатиш корхоналари, 1 148,8 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар ва 388,8 гектар аҳоли томорқа ерлари бўлиши назарда тутилган.

Қайд этиш лозимки, янги ташкил этилаётган туман Тошкент шаҳар бўйсунувидаги туманлар тоифасига киритилиб, аҳолиси 147 минг нафарни ташкил этиб, шаҳар аҳолисининг 5,8 фоизни қамраб олади, шунингдек, 47 та штат бирлигидан иборат туман ҳокимлиги, вазирлик ва идораларнинг туман бўлимлари ташкил этилиши бошқарув самарадорлиги ошишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилаш мақсадида туманни комплекс ривожлантириш ва келгусида истиқболини белгилаш бўйича алоҳида Дастур ишлаб чиқилиши белгиланган.

Янгиҳаёт тумани ҳудуди Тошкент шаҳридан жами 2 131,2 гектар (шундан Сирғали туманидан 1864,2 гектар ва Бектемир туманидан 267,0 гектар), Тошкент вилоятидан жами 2 288,4 гектар (шундан Зангиота туманидан 492,0 гектар, Қуйи Чирчиқ туманидан 128,7 гектар, Янгийўл туманидан 264,4 гектар ва Ўрта Чирчиқ туманидан 1403,3 гектар) ҳисобидан шакллантирилмоқда.

Янги туман ҳудудида 30 та маҳалла фуқаролари йиғини, 41 266 та хонадон, 909 та кўп қаватли уй, 24 та мактабгача таълим муассасаси, 21 та умумтаълим мактаби, 2 та касб-ҳунар коллежи, 7 та тиббиёт муассасаси ва 4 та маданият маркази объектлари мавжуд бўлади.

Шуниси эътиборлики, масаланинг ижобий ҳал этилиши, мазкур ҳудудлар учун Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни, шу жумладан, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб тасдиқланадиган маҳаллий дастурларни тўлиқ рўёбга чиқаришнинг муҳим омилларидан бўлади.

Қутбиддин Бурхонов, 
Олий Мажлис Сенати
Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?