Тошкент шаҳар перинатал маркази ходимлари ишсиз ва ойликсиз қолдирилмаган - ССВ

09:16 07 Август 2020 Жамият
231 0

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар перинатал маркази ходимларининг видеомурожаати тарқалди. Унда айтилишича, мазкур туғруқ мажмуаси COVID-19 билан касалланган ҳомиладор аёлларни қабул қилиш учун мослаштирилгандан сўнг бир гуруҳ ходимлар уйда ишсиз қолиб кетган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу вазият юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, вазирлик мутахассислари бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида ушбу марказга борган. Ходимлар билан мулоқот давомида маълум бўлишича, мавжуд вазият ҳақида етарлича тушунтиришлар берилмагани натижасида улар орасида қатор саволлар пайдо бўлган.

Аслида, мурожаатда айтилганидек, ходимлар ишсиз ва ойликсиз қолдирилмаган. Коронавирусга чалинган ҳомиладор аёлларни даволаш учун мослаштирилган 200 нафар беморни қабул қилиш қувватига эга ушбу шифохонада ҳозирда 27 нафар ҳомиладор аёл коронавирусдан даволанмоқда.

Шунинг учун марказ ходимларининг бир гуруҳи 14 кунлик навбатчиликда бўлиб, қолган ходимлар эса яхлит график асосида кейинги 14 кунлик навбатчилик учун сафарбар қилинади. Аммо айни пайтда навбатчиликда бўлмаган ходимларга ҳам белгиланган тартибда ойлик маошлари тўлаб берилади.

Шунингдек, ҳомиладор аёлларни қабул қилувчи шифохоналар етишмаётгани ҳақидаги фикрларга жавобан вазирлик «Тошкент шаҳрида 12 та туғруқ муассасаси мавжуд бўлиб, айни вақтда шаҳар 3 ва 7-сон туғруқ комплекслари ва Тошкент шаҳар перинатал маркази коронавирусга чалинган ҳомиладорларни қабул қилмоқда. Ушбу туғруқ комплексларига бириктирилган ҳомиладор ва туғувчи аёллар эса пойтахтимиздаги қолган 9 та туғруқ комплексига ва Республика перинатал марказига дислокация асосида тақсимланган», — дея тушунтириш берган.

Мурожаатчилар билан ўтказилган мулоқот якунида уларга коронавирусга чалинган ҳомиладор аёллар билан ишлаш бўйича уч кунлик ўқув машғулотлари ўтказишга келишиб олинган. Бунинг натижасида тиббиёт ходимлари кейинги 14 кунлик навбатда коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун тайёргарлик ўтайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?